Линклар

Шошилинч хабар
27 июн 2019, Тошкент вақти: 01:12

OzodDayjest: Аризачи аёл Олий судга эшикдан эмас, “тешик”дан кирди


Ўзбекистон Олий суди биноси.

Аризачи Олий судга эшикдан эмас, “тешик”дан кирди. МИБ ходимига тарсаки туширган аёлга жиноий иш очилди. Ғузорлик аёл эрининг маъшуқасини пичоқлади.

_____________________________________________________________

Олий суд биносига эшикдан қўйилмаган аризачи ойнадан сакраб кирди

Ўзбекистон Олий судига келган аризачи Х. Юсупова раҳбарияти қабулига эшикдан эмас, “тешик”дан кирди (www.xabar.uz, 3 июнь). Қайд этилишича, фуқаролик ишлари бўйича суд қарори ижросини тўхтатиб туриш ҳақида берган аризаси натижасини билиш учун келган аёл ичкарига қўйилмаган. Сўнг тоқати тоқ бўлган аризачи жон аччиғида “пост”нинг ойнасидан сакраб ичкарига кирган. Бино ичкарисида эса қий-чув кўтарилган. Мазкур муносабат билан электрон нашр Олий судга келаётган ариза-шикоятларга вақтида ва сифатли жавоб қайтаришдаги муаммоли ҳолатларга эътибор қаратган. Аризачи Х. Юсуповага оид фуқаролик иши ҳам 20 йилдан буён чўзилиб келаётгани айтилган. “Низоларни ҳал этиш ўн-йигирма йиллаб чўзилар экан, томонларнинг норозилиги тўхтамаётгани, чиқарилган суд қарорлари сифати нечоғли эканига далолат қилади. Бу эса фуқарони Олий маҳкамага эшик қолиб, тешикдан киришгача мажбур қилган бўлса не ажаб”, деб ёзади электрон нашр.

МИБ ходимига тарсаки туширган аёл тақдирига ойдинлик киритилди

Ижтимоий тармоқда МИБ ходимига тарсаки туширган аёлнинг видеоси тарқалган эди. Бош прокуратура нашри ушбу ҳолатга ойдинлик киритди (“Ҳуқуқ”, 6 июнь). Қайд этилишича, МИБ иш юритувида қарздорлар – Д.Ж., Ф.Ж. ва И.Ж.ни Юнусобод тумани 6-мавзедаги хонадондан кўчириш ҳақидаги ижро иши мавжуд эди. Ихтиёрий муддатда қарздор уйдан кўчиб чиқмаган. Шундан кейин 8 май куни мажбурий ижро ҳаракатига киришилиб, тегишли уй хатловдан ўтказилаётганда З.Д. исмли аёл мазкур уйдан полиэтилен пакетга солинган пулни олиб чиқиб кетишга уринган. Давлат ижрочилари пулни олиб чиқиб кетиш мумкин эмаслигини айтганида, З.Т. уларга қаршилик кўрсатган ва ижрочининг юзига шапалоқ туширган. Маълум қилинишича, давлат ижрочисига қўл кўтарган аёлга нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Қашқадарёда хиёнатга чидолмаган аёл эрининг маъшуқасини пичоқлади

Қашқадарё вилояти Ғузор туманида яшовчи собиқ ҳарбий уйига маъшуқасини бошлаб келди ва оқибатда жиноят юз беришига сабабчи бўлди. Бу ҳақда “Даракчи” нашри хабар беради. Табиийки, эри бегона аёлни уйига бошлаб келганига рафиқаси чидай олмаган. Кучли руҳий ҳаяжон таъсирида у эрининг маъшуқасини пичоқлаган. Аммо аёлнинг ҳаёти сақлаб қолинган. Судда маълум бўлишича, аввалроқ ҳарбий тизимда ишлаган оила бошлиғи рафиқасига бир неча марта хиёнат қилган. Вақтини улфатчиликда ўтказиб, рўзғорни ҳам рафиқаси гарданига ташлаб қўйган. Жиноят ишлари бўйича Ғузор тумани суди раиси Нурбек Абдуллаевга кўра, жазо тайинлашда аёл эрининг хиёнатини ўз кўзи билан кўриб, физиологик аффект ҳолатига тушиб қолгани инобатга олинган. Шу тариқа аёлга нисбатан енгил – 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Судья тунда бировнинг уйига бориб, оила мустаҳкамлигини барбод қилган жабрдийданинг хатти-ҳаракатини қоралаган.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG