Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:03

OzodDayjest: Сирдарёлик ҳамшира чақалоғини ўлдириб ҳожатхонага ташлади


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Фирибгарлик устида қўлга тушган ички ишлар ходими жавобгарликка тортилди. Сирдарё вилоят шифохонаси ҳамшираси никоҳсиз туғилган чақалоғини ўлдириб, ҳожатхонага ташлади. Хотинини ўз жонига қасд қилишига сабаб бўлган олотлик йигит 6 йилга кесилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

________________________________________________________________

Тўртинчи бор жиноятга қўл урган собиқ ички ишлар ходими жавобгарликка тортилди

Ички ишлар тизимида кўп йиллар хизмат қилиб, нафақага чиққан Шарафиддин Усманов кўплаб фуқароларга фириб бергани аниқланди (“Постда”, 10 июнь). Ш. Усманов шериклари билан мансаб курсисига ўтказиш, ўқишга, ишга жойлаштиришга ваъда бериб, одамлардан жуда катта миқдорда пул олган. Масалан, ички ишлар идораларига ишга кирмоқчи бўлган жиззахлик Даврон Давурбоевдан 2200 доллар ва 1,3 миллион сўм, қизини олий ўқув юртида ўқитмоқчи бўлган Ғофур Умирзоқовдан 5000 доллар олинган. Собиқ ички ишлар ходими навбатдаги жиноятни содир этаётганда қўлга олинган. Хабар қилинишича, Ш. Усманов бунга қадар уч марта жиноят содир этган ва ҳар гал амнистияга мувофиқ жазодан озод этилган.

Сирдарёда кўз кўриб қулоқ эшитмаган жиноят содир этилди

Сирдарё вилоятида кўз кўриб қулоқ эшитмаган жиноят содир этилди (“Даракчи”, 15 июнь). Вилоят шифохонасида ҳамшира бўлиб ишлаган аёл никоҳсиз туғилган чақалоғини ўлдириб, ҳожатхонага ташлади. Қайд этилишича, ёши ўттиздан ошган ҳамшира турмуш қурмаган. Совчи юборган йигитларни рад этиб, енгил ҳаётни танлаган. Ахлоқи бузилиб, йигитлар билан маишат қилишга одатланган. Шу тариқа у оилали эркакдан ҳомиладор бўлиб қолган. Фарзандини яширин равишда дунёга келтирган ҳамшира одамларнинг гап-сўзига қолмаслик учун дастлаб унинг жонига қасд қилган, сўнг чақалоқ жасадини целлофанга солиб, ўзи ишлайдиган шифохона ҳожатхонасига ташлаган. Ушбу мудҳиш ҳолатга гувоҳ бўлиб қолган фаррош аёл зудлик билан ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар берган. Суд жараёнида боласини ўлдирган ҳамшира қилмишидан афсусда эмаслигини билдирган. У 2 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Бухорода хотинини ўзини ўлдиришга сабаб бўлган эр 6 йилга кесилди

Бухоро вилояти Олот туманида яшовчи олий маълумотли, ўқимишли эр ўз хотинининг ҳаётига зомин бўлди (“Ҳуқуқ”, 15 июнь). Исми ошкор этилмаган йигит турли баҳоналар билан аёлини калтаклаб таҳқирлаб келган. Аёл эса бу ҳақда ота-онасига хабар бермай чидаб юраверган. Оилада қиз фарзанд туғилганидан кейин ҳам йигитнинг зўравонлиги тўхтамаган. Таҳқир ва зўравонликка чидай олмаган аёл охир-оқибат ўз жонига қасд қилган. Жиноий ишнинг бошқа тафсилотлари ошкор этилмаган. Хотинини жонига қасд қилишига сабаб бўлган эр 6 йилга озодликдан маҳрум этилган.

XS
SM
MD
LG