Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:43

OzodDayjest: Ҳокимликлар бефарқлиги боис архивлар абгор ҳолга тушди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Ҳокимликлар эътиборсизлиги боис архивлар абгор аҳволда қолмоқда. Сайёҳлар ташлаб кетаётган чиқинди Угам-Чотқол миллий боғи экологиясига хавф солмоқда. Атоқли режиссёр Олимжон Салимов беҳурмат қилинди.

________________________________________________________________

Ҳокимликлар архив ишига панжа орасида қарамоқда – ҳужжатхоналарга ҳашаротлар уя қурган

Ўзбекистон туманларидаги аксар архивлар абгор аҳволда, муҳим ҳужжатлар яроқсиз биноларда сақланмоқда. Ҳужжатхоналарда ҳашаротлар уя қурган (“Оила даврасида”, 15 июнь). “Архивларнинг моддий-техник базасини яхшилаш тегишли ҳокимликларнинг вазифасига киради. Афсуски, айрим ҳокимликлар архивларга панжа орасидан қараб, жиддий эътибор бермайди. Шу боис архивларнинг аксариятида вазият ёмон”, дейди “Ўзархив” агентлиги бош директори ўринбосари Дилдора Кучкарова.

Сайёҳлар ташлаб кетаётган чиқинди Угам-Чотқол миллий боғи экологиясига хавф солмоқда

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги дам олиш ҳудуди экологиясини муҳофаза этиш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда (“Жамият”, 9 июнь). Бу ерга дам олишга келган сайёҳлар табиат бағрига полиэтилен халта ва идишлар, озиқ-овқат қолдиқларини ташлаб кетмоқда. Табиатни муҳофаза қилиш инспекцияси вакили Акромжон Ғуломовга кўра, бу ҳол ҳудуд экологиясига хавф солмоқда. Чиқиндилар туфайли ҳайвонлар нобуд бўлмоқда. Яқинда БМТ ҳамкорлигида ўтказилган акция давомида бир километр ҳудуддан 20 қопдан зиёд чиқинди йиғилган. Қайд этилишича, Угам-Чотқол давлат миллий табиий боғи жойлашган ушбу яшил ҳудудга зарар етказишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Атоқли режиссёр Олимжон Салимов беҳурмат қилинди

Ўзбекистон санъат арбоби, атоқли режиссёр Олимжон Салимов Ўзбек давлат драма театри муваққат раҳбари – “касби кори театрга мутлақо алоқасиз йигитча” томонидан беҳурмат қилинди (“Ҳуррият”, 14 июнь). Маданият вазири томонидан театр бош режиссёри сифатида тайинланган Олимжон Салимов театр жамоаси билан танишиш учун муваққат директордан штат жадвалини сўраган. Аммо ёш директор: “Сенинг ишинг спектакль қўйиш, театрда ким ишлайди, бу ерга ким кириб-чиқади, ишинг бўлмасин” дея 70 ёшли режиссёрга дўқ уриб, ҳайдаб солган.

“Маннон Уйғур шўро пайтида, мафкурадан оғиб кетаяпти деб, бир муддат бош режиссёрликдан олиниб, чеккага суриб қўйилган бўлса, Тўла ака (Тошхўжа Хўжаев) санъатдаги дилетантлар туфайли театрдан безиб, ичкиликка берилиб, ажалидан беш кун бурун ўлиб кетган бўлса, Эргаш Масафаевнинг қисмати ёки ўзимнинг, Олимжоннинг талабчанлигимиз учун бошимизда ўйнаган маломат қамчилари, хўр-хорликлар – қачон тугайди булар?! Ким ҳимоя қилади бизни?!” дея бу ҳолни кескин танқид қилган бошқа бир атоқли режиссёр Баҳодир Йўлдошев.

Қайд этилишича, ўзи шундоқ ҳам бармоқ билан санарли режиссёрлар қадрланмаса, режиссёр анқонинг уруғига айланиб, ўзбек театрининг куни матмусаларга қолиши мумкин.

XS
SM
MD
LG