Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:50

OzodDayjest: Қамчиқда тадбиркордан пора сўраган нозир қамалди


Наманганда ИИБ инспектори пора устида ушланди. Парламент “Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида”ги қонун ижросидан мамнун эмас. Ўзбекистоннинг турли вилоятларидаги судлар ўхшаш ишлар бўйича фарқли ҳукмлар чиқармоқда. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

________________________________________________________________

Тадбиркордан пора олган ИИБ инспектори озодликдан маҳрум этилди

Наманган вилояти ички ишлар бошқармаси Йўл-патрул хизмати инспектори қонуний фаолият юритаётган тадбиркорлардан товламачилик билан пора талаб қилди. (“Ҳуқуқ”, 22 июнь). Қамчиқ довонидаги Хонобод халқаро ўтказиш пунктида навбатчилик қилаётган инспектор Тошкентдан 3 та “Исузу” юк машинасида кийим-кечак олиб келаётган тадбиркорларни текширган. Юклар ҳужжати жойида бўлишига қарамай, ИИБ нозири ҳар бир машина учун 1000 доллардан пора талаб қилган, акс ҳолда жиноий иш очиш билан таҳдид қилган. Ноилож қолган тадбиркорлар манзилга – Қўқонга етиб олгач, пулни етказишга рози бўлишган ва бу орада ИИБ ходимининг тамагирлиги ҳақида ҳуқуқ идораларига хабар беришган. Исми ошкро этилмаган порахўр нозир жиноят устида қўлга олинган ва озодликдан маҳрум этилган.

Парламент китоб таъминоти бўйича бир қатор камчиликларни аниқлади

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси вилоятларда “Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида”ги қонун ижросини ўрганди ва бир қатор камчиликларни аниқлади (“Ҳуррият”, 21 июнь). Жумладан, ҳудудларда бадиий, маърифий, илмий-оммабоп адабиётларни чоп этиш, таълим муассасаларини улар билан таъминлаш, жаҳон адабиёти намуналарини таржима қилиш ишлари пухта ташкил этилмаган. Шунингдек, китобларни вилоятларга арзон нархда етказиш ва электрон китоб тизими ҳам яхши йўлга қўйилмаган. Қолаверса, ҳали-ҳануз қишлоқ туманларида аксарият мактабларда интернет фаолияти сифатли йўлга қўйилмаган. Парламент таълим муассасаларидаги ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятини тубдан кўриб чиқишни тавсия этган.

Суднинг ғалати ҳукми: Самарқандда бошқа, водийда бошқа қонун амал қиладими?

Жиноятларни тўғри малакалашда судлар томонидан хатоларга йўл қўйилиши оқибатида ватандошларниниг бурни қонамоқда (“XXI аср”, 22 июнь). Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳри суди ана шундай ғалати ҳукмлардан бирини чиқарган. Бир неча нафар олғир Ўзбекистонга айланма йўллар орқали енгил машиналар олиб кириб, уларни сохта ҳужжатлар орқали бир неча ўнлаб фуқарога сотган. Аммо ҳужжатлар сохталиги ҳатто давлат нотариусларида шубҳа уйғотмаган. Ватандошлар ҳам машиналар ҳужжати сохта эканидан бехабар уларни сотиб олган. Аммо кейинроқ машиналар ноқонуний йўллар билан келтирилгани аниқланган. Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳри суди машиналарни жиноят қуроли деб малакалаб, жиноятдан мутлақо бехабар ҳолда уларни сотиб олган ватандошлардан автоуловларни тортиб олиб, давлат фойдасига мусодара қилган. Ҳолбуки, худди шундай иш бўйича Самарқанд ва Қашқадарё вилояти судлари айбдорларга тегишли жазо тайинлаб, ўзи билмаган ҳолда ноқонуний йўл билан келтирилган автоулов сотиб олган ватандошларга машиналарни қайтариб берган. “Давлат битта, қонун ҳам бир, аммо суд қарорлари нега турлича?! Ҳақли саволга ҳамон жавоб йўқ”, деб ёзади газета.

XS
SM
MD
LG