Линклар

OzodDayjest: Туғруқхоналарда суюнчи пули талаб қилиш тўхтагани йўқ


Ўзбекистондаги туғруқхоналардан бири.

Тошкентда доллар эвазига хизмат кўрсатган фолбин қўлга олинди. Қўша-қўша унвонли хонандалар фонограммада концерт ўтказаётгани танқид қилинди. Ўзбекистон туғруқхоналарида суюнчи пули талаб қилиш ҳамон давом этмоқда.

________________________________________________________________

Тошкентда 5300 доллар эвазига ўлимни енгмоқчи бўлган фирибгар фолбин қўлга олинди

Тошкентда турли ҳийла-найранглар билан одамларнинг ишончига кириб, улардан катта миқдордан пул олган фолбин аёл қўлга туширилди (“Даракчи”, 22 июнь). Масалан, тижорат билан шуғулланувчи аёл фолбинга учраб эри хиёнат қилаётгани, уни бу йўлдан қайтариб беришини сўрайди. Қармоғига наҳанг балиқ илинганини сезган фолбин уни аврашга тушади: яқинда ўлиши, агар доллар олиб келса, пулнинг серия рақамига қараб дуо ўқиб қўйиши ва шу орқали уни ўлимдан қутқариб қолишини айтади. Шу тариқа фолбин ҳийла-найранг йўли билан тижоратчи аёлдан 5300 АҚШ доллари олади. Фолбин, бундан ташқари, яна бошқа ватандошларни ҳам чув тушириб, катта миқдорда маблағ ундиради. “Фолбиннинг фирибгарлик фаолиятида қонун ҳимоячилари томонидан чек қўйилди. Энди у жинояти учун қонун олдида жавоб беради”, дея маълум қилади жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани суди судьяси Зоир Камолов.

Туғруқхоналарда суюнчи пули талаб қилиш давом этмоқда

Туғруқхоналарда дунёга келган чақалоқнинг яқинларидан суюнчи пули талаб қилиш давом этмоқда, ҳатто бу ҳол тижоратга айланган (“Жамият”, 16 июнь). “Суюнчи деб атаётганимиз аслида порадан фарқ қилмаётгандек, менимча. Яқинда келинимни тўлғоқ тутиб қолди ва зудлик билан туғруқхонага бордик. Навбатчи шифокорлар ёрдамида кўзи ёриди. Ўғлим шифокорга суюнчи пули узатса, хизмат нархини айтиб, ўзининг кечаси уйқудан қолиб, ишга келганини пеш қилибди”, дейди самарқандлик Шарифа Раҳимжонова. Қайд этилишча, бундан мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Мақолада бундай тамагирликларга чек қўйиш вақти келгани таъкидланган.

“Фонограмма аро қўйсам қадам”: қўша-қўша унвонли хонандаларнинг концерти оғиз қимирлатиш билан ўтмоқда

Ўзбекистондаги деярли барча хонандаларнинг санъат саройларидаги концерти фонограмма орқали ўтмоқда, жонли ижродаги концертлар эса ноёб ҳодисага айланди (“Оила даврасида”, 22 июнь). Бутун концерт хонанданинг оғиз қимирлаши билан ўтмоқда, яна санъаткор жонли ижродан чарчагандек икки-уч марта либос ҳам алиштириб чиқади. “Ахир халқ эътиборидаги кўпчилик санъаткорларнинг қўша-қўша унвони бор. Лекин ақалли бир кунгина жонли ижрода концерт беролмаса, шу хонандалар олган унвонига муносиб дея оламизми? Мутасадди ташкилот лицензия ёки концерт қўйиш учун рухсатнома бераётганда масаланинг шу томонига ҳам эътибор қаратса, балки фонограмма дегани оз бўлса-да, камаярмиди?” дея савол қўяди газета.

“Концерт жонли ўтиши кераклиги ҳақида ҳеч қандай қонун йўқ. Фақат концерт эълонида у қандай шаклда бўлиши хусусида олдиндан хабардор қилиниши керак, холос. Мухлис концертда қўшиқлар фонограмма орқали ижро этилишини биладими, шунга рози бўлиб кирганми, хонандадан ўпкалаб бўлмайди, ундан жонли ижро талаб қилишга ҳақи йўқ”, дейди “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси матбуот хизмати раҳбари Музаффар Сайфуллаев.

XS
SM
MD
LG