Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:31

OzodDayjest: Самарқандда “Green card”ли келин қидирган оила 7000 долларга чув туширилди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Андижонда ўнлаб қишлоқ аҳолиси тоза ичимлик суви тақчиллигидан азият чекмоқда. Қаршида мижозидан 12 минг доллар пора олган адвокат ушланди. Самарқанднинг Иштихон туманида “Green card” билан боғлиқ жиноий иш кўриб чиқилди. Жорий ҳафта маҳаллий матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берган.

_____________________________________________________________

Андижондаги ўнлаб қишлоқда сувсизликдан одамларнинг тинкаси қуриган

Андижон вилоятида ўнлаб қишлоқ аҳолиси тоза ичимлик суви тақчиллигидан азият чекмоқда (“Оила даврасида”, 21 июнь). Масалан, Балиқчи туманидаги маҳаллаларда ичимлик суви йўқлиги сабаб аҳоли 13-40 метрли қўлбола сув тортиш кранларини ўрнатишга мажбур бўлган. Ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида барпо этилган миноралар эса узоқ йиллар давомида ишламагани оқибатида занглаб, тешилиб кетган. Сув таъминоти ташкилотлари ҳам зарур моддий-техник база, замонавий ускуналар ва машиналар билан жиҳозланмаган. “Икки дарё кокилини ювадиган” юртда нима учун одамларни ичимлик суви билан таъминлаш масаласи кун сайин долзарб аҳамият касб этиб бормоқда?” дея мутасаддиларни саволга тутади газета.

Қаршида адвокат “судьяга бераман” дея мижозидан 12 минг доллар пора олди

Қарши шаҳридаги “Соҳибқирон издошлари ҳимояси” адвокатлик фирмаси раҳбари Шаҳзод Суюнов қабулига нажот истаб келган фуқародан яқинларини қамоқдан чиқариб бериш эвазига 12 минг АҚШ доллари миқдорида пора олди (“Ҳуқуқ”, 21 июнь). “Трансматоэкс” хусусий корхонаси раҳбари Д.Ҳасанованинг икки укаси жанжал пайти бошқа бир фуқарога тан жароҳати етказади. Уларга жиноий иш очилиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинади. Д.Ҳасанова укаларига ҳимоячи сифатида Шаҳзод Суюнов билан шартнома тузади. Аммо адвокат Ш.Суюнов мижозини қўрқитиб, терговчи ва судьяга пора бериш зарурлиги, акс ҳолда, укалари қамалиб кетиши айтади ва катта миқдорда пора олади. Аслида мазкур иш порасиз ҳам ҳал бўлади: жабрланувчилар аризасини қайтариб олгач, икки ака-ука озод этилади. Мижоз Д.Ҳасанова адвокат уни алдаб, катта миқдорда пул олганини билгач, ҳуқуқ идораларига хабар беради ва адвокат қўлга олинади. Унга нисбатан адолатли жазо тайинлангани хабар қилинган.

Ўғлини фақат “Green card” ютган қизга уйлантирмоқчи бўлган самарқандлик отани алдаб кетишди

Самарқанд вилоятининг Иштихон туман судида “Green card” билан боғлиқ жиноий иш кўриб чиқилди (“Инсон ва қонун”, 19 июнь). Шу туманда яшовчи оила бошлиғи танишидан “Менга “Green card” ютган қиз топиб бер, ўғлимни унга уйлантириб АҚШга юбораман” дея илтимос қилган ва бунинг эвазига 7000 доллар ваъда қилган. Аммо таниши катта пулга эга чиқиш учун фирибгарлик қилган. Пайариқ туманида яшовчи бир қизнинг номига “Green card” ютгани ҳақида инглиз тилида сохта ҳужжат тайёрлаб, келин қидирган отани алдаб, ваъда қилинган пулни олган. Иштихонлик ота қалбаки ҳужжатга ишониб, ўғлини ўша қизга уйлантирган. Аммо кейинроқ келин “Green card” ютгани ҳақидаги гап ёлғон экани маълум бўлган. Қайд этилишича, “Green card”га ишқибоз отани чув туширганларга тегишли жазо берилган. Ўғлини Америкага юбормоқчи бўлган ота “Green card”сиз келинига кейин қандай муносабатда бўлди, ажратиб юбормадими – бу саволларга ойдинлик киритилмаган.

XS
SM
MD
LG