Линклар

Шошилинч хабар
20 январ 2021, Тошкент вақти: 03:30

OzodDayjest: Ўзбекистонда кучли инфляция тўлқини башорат қилинди


Иллюстратив сурат.

Хорижда 7 минг доллар ойлик олган ватандошлар Ўзбекистонда кам маошга қаноат қилмоқда. Яқинлашаётган инфляциядан яна хусусий бизнес жабр кўради. Кекса аёл тез тиббий ёрдам вақтида келмагани ортидан вафот этди.Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Хориждан қайтган ватандошлар давлат идораларида кам ойликка ишлашга мажбур бўлмоқда

Хориждан Ўзбекистонга қайтиб ишга кирган ватандошлар давлат идораларида жуда кам ойликка ишлашга мажбур бўлмоқда (www.repost.uz, 17 июнь). Бу ҳақда “Буюк келажак” нодавлат ташкилоти ҳамраиси Ойбек Шайхов маълум қилган. “Давлат хизматида ишлаш учун қайтган кўплаб экспертлар ўз жамғармаси ҳисобига кун кечиришга мажбур бўлмоқда. Хорижда 5-7 минг доллардан зиёд ойлик маошдан воз кечиб келган одамлар 3 миллион сўмдан кўпроқ иш ҳақи олмоқда. Нима деб ўйлайсиз, бу ҳол қайтиш иштиёқида бўлган, аммо иккиланиб турганларга қандай таъсир қилади?” деган Ойбек Шайхов.

“Буюк келажак” ташкилоти вакилига кўра, кунига 12-14 соат, ҳафтасига дам олиш кунисиз ишлаш ҳам хорижда нормал иш вақти бўйича меҳнат қилган ватандошларга тўғри келмаяпти. Қайд этилишича, муносиб маош ва нормал иш режимини таъминламасдан туриб, хориждаги ватандошларга муҳим вазифаларни таклиф этиб бўлмайди. Ҳозирга қадар “Буюк келажак” ташкилоти аъзоси бўлган 12 ватандош хориждан қайтган бўлиб, улар вазир ўринбосарига қадар бўлган лавозимларда фаолият юритмоқда.

Эшик қоқаётган кучли инфляциядан яна хусусий бизнес ва истеъмолчи жабр кўради

“Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон лойиҳаси қабул қилинса, 2019 йил сентябрь-октябрь ойларида яна бир кучли инфляцион тўлқин ҳосил бўлади, деб ёзди Телеграмдаги Davletov.uz канали. Тахмин қилинишича, йиллик инфляция 18-20 фоизгача кўтарилади ва Марказий банк инфляцияни жиловлаш учун қайта молиялаш ставкасини 20 фоизгача оширади. Бусиз ҳам юқори бўлган фоизлардан жабр чекаётган хусусий бизнес яна жабр кўради; бусиз ҳам тўлов қобилияти пасайиб бораётган истеъмолчи яна қашшоқлашади.

Аввалроқ Davletov.uz канали молия йилининг қоқ ўртасида солиққа тортиш ва бож меъёрларига ўзгартириш киритилаётганини танқид қилган эди. “...аввал кимларгадир имтиёз ва преференциялар бериш, кейин бунинг ортидан бюджетдаги йўқотишларни қоплаш учун ёппасига, ҳатто қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини ҚҚСга тортиш, ўйлаб-ўйламай популистик лойиҳаларга (бекор бўлган ёки ижроси тўхтатилган лойиҳаларни гугллаб кўрсангиз бўлади) миллиардларни сарфлаш, кейин иқтисодий пуч лойиҳа эканини тушуниб, ишни ўлда-жўлда қолдириш каби палапартиш қарорлар иқтисодиётга қанча зиён етказаётганини биров ҳисоблаб кўрдими?” деб ёзди 30 мингдан зиёд обуначига эга канал.

Тез ёрдам кечикиши сабаб вафот этган бемор юзасидан тушунтириш берилди

Жорий йил 8 июнь куни Тошкентдаги “Фарҳод” деҳқон бозорида тоби қочган кекса аёл тез тиббий ёрдам вақтида келмагани ортидан вафот этди. “Даракчи” нашрига кўра, тез ёрдам станциясига 10 дақиқа тафовут билан икки кекса бемор учун шифокор чақирилган. Аммо тез ёрдам бўлими гап битта бемор ҳақида кетмоқда, дея битта бригада юборган. Кейинроқ бозорда бошқа бир аёлнинг ҳам тоби қочгани аниқланган, лекин бу пайтга келиб бемор ҳаётини қутқариб қолиш имкони бой берилган. Тошкент шаҳар тез тиббий хизмат бош шифокори Даврон Султоновга кўра, бозорлардан чақирув бўлганда воқеа жойини топишда кўп бора қийинчилик кузатилади. Чунки қўнғироқ қилган шахслар воқеа жойини тарк этгани боис аниқ манзилни айта олмайди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига қараганда, айни пайтда мамлакат бўйича 13 минг кишига битта тез ёрдам машинаси тўғри келади.

XS
SM
MD
LG