Линклар

Шошилинч хабар
06 май 2021, Тошкент вақти: 23:20

OzodDayjest: Жамоатчилик депутатлар ишини танқидий баҳолади


Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонликлар парламент ва маҳаллий кенгашлар депутатлари фаолиятини қониқарсиз, деб баҳоламоқда. Зулфия мукофоти учун пора талаб қилган мансабдор ушланди. Болалар учун чоп этилаётган эртаклардаги сюжет ва эпизодлар танқид қилинди.

_____________________________________________________________

Ўзбек жамоатчилиги депутатлар ишидан қониқмаяпти

Ўзбекистон жамоатчилиги парламент ва маҳаллий кенгашлар депутатлари фаолиятини қониқарсиз, дея баҳолади (“Даракчи”, 20 июнь). Газета томонидан ўтказилган ижтимоий сўровда қатнашганларнинг 67 фоизи ўз ҳудудидан сайланган депутатни танимаслигини билдирган. Респондентларнинг 62 фоизи депутатларнинг фаоллигига “икки” баҳо қўйган. Қайд этилишича, бармоқ билан санарли депутатлар фаоллигини ҳисобга олмаганда, аксар парламентарийлар ҳамон уйқуда, электорат ишончини оқламаяпти. 2018 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига қонунчилик ташаббуси билан 145 та қонун лойиҳаси киритилган бўлиб, уларнинг бор-йўғи 15 фоизи (23 таси) депутатларга тегишли.

Сурхондарёда Зулфия мукофоти учун пора олган мансабдор ушланди

Сурхондарё вилояти Термиз халқ таълими бўлими мансабдори Зулфия номидаги давлат мукофоти учун пора олгани фош этилди (“Ҳуқуқ”, 20 июнь). Исми ошкор этилмаган аёл халқ таълими бўлими шўъба мудири вазифасида ишлаган. Мансабдор қизи Зулфия мукофоти учун танловда қатнашишини истаган онага иқтидорнинг ўзи камлик қилиши, тепадагиларга пора ҳам бериш кераклигини айтган. Вилоят босқичи ғолиблиги учун дастлабки тўлов сифатида 200 доллар пора талаб қилган. ХТБ шўъба мудири пора устида қўлга олинган. Қайд этиш жоизки, кейинги йилларда маҳаллий матбуотда Зулфия мукофотини бериш жараёнидаги тамагирлик ва найранглар ҳақида бир қатор мақолалар эълон қилинмоқда.

Эртаклар ёмонликка етаклаётгани айтилди

Ўзбекистонда болалар учун чоп этилаётган аксар эртакларда одоб-ахлоққа тўғри келмайдиган эпизод, сюжет ҳамда қаҳрамонлар учрамоқда (“Оила даврасида”, 20 июнь). Масалан, “Канизак ва подшо” китобидаги “Зулм ва қасос” эртагида ўз қизига уйланмоқчи бўлган подшо ва отасидан қасос олган қиз ҳақида сўз боради. Мақолада мазкур жирканч ҳолатни болаларга тарғиб этишга уриниш кескин қораланган. Эртак китобларни даромад манбаига айлантириш халқ келажагига урилган болта экани таъкидланган. Қайд этилишича, эндиликда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан болалар нашрлари, хусусан, эртаклар учун тақриз бўлиши шартлиги кун тартибига қўйилмоқда.

XS
SM
MD
LG