Линклар

Шошилинч хабар
15 ноябр 2018, Тошкент вақти: 20:03

OzodDayjest: Футбол ўйинлари бўйича гаров боғлаш жоизми?


Иллюстратив сурат.

Фарғонада кредитга олган товуқлари нобуд бўлган аёл руҳий зарбага дош беролмай оламдан ўтди. Тошкентлик қизга АҚШ генералидан севги мактуби келди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили футбол ўйинлари учун пул тикиш жоиз эмаслигини эслатди.

_____________________________________________________________

Кредитга олинган товуқлар Фарғонада яшовчи оила бошига кулфат ёғдирди

Кредитга олинган товуқлар Фарғона вилояти Қўштепа туманида яшовчи эр-хотин бошига кулфатлар ёғдирди (“Оила даврасида”, 5 июль). “Файз” маҳалласида яшовчи Абдуҳамид ва Зуҳра Якубовлар 2017 йил 15 майида банкнинг 3 миллион сўмлик кредити эвазига “Файз агро кафолат экспорт” фирмасидан товуқ олган. Лекин кейинроқ паррандалар қариб қолгани маълум бўлган. Товуқлар бир ойча тухум бериб, кейин бирин-кетин ўла бошлаган. Оила бошлиғи 2017 йил 31 июнида кутилмаганда қазо қилади. Ҳам эрининг ўлими, ҳам кредит ёпиш ташвиши – икки томонлама руҳий зарбага дош беролмаган Зуҳра Якубова ҳам 14 октябрь куни оламдан ўтади. Эндиликда кредитни 81 ёшли онахон тўламоқда. Товуқларни суғурта қилган “Халқ суғурта” компанияси эса нобуд бўлган паррандалар учун товон тўлаб бермаган. “Қани адолат? Нега суғурта компанияси ўз вазифасини бажармаса-да, унга ҳеч қандай чора кўрилмайди-да, кунини зўрға ўтказаётган одамларнинг бурни қонатилаверади?” деб ёзади газета.

АҚШнинг нуфузли генерали тошкентлик қизга севги мактуби йўллади

Сўнгги пайтларда интернет орқали фирибгарлик жиноятлари кўпаймоқда (“Ҳуррият”, 29 июнь). Тошкентлик қиз ҳам АҚШнинг Афғонистондаги ҳарбий бўлинмаларида қўмондонлик қилган генералдан электрон мактуб олган. Бир-икки ёзишмадан кейин генерал ўз суратини юборади ва хушсурат ҳарбийнинг сурати қизда ҳаяжон уйғотади. Кунлар ўтиб тошкентлик қиз генералга кўнгил қўяди. Генерал ҳам тошкентлик қизга уйланиш истаги борлигини айтади. Бу орада ошиқ маъшуқасига Нью-Йоркдан қимматбаҳо совға юборгани, аммо англашилмовчилик сабабли совға Европа мамлакатларидан бирига кетиб қолгани, уни қайтариш учун 2500 евро жўнатиш кераклигини айтади. Шундан кейин тошкентлик қиз сўраб-суриштириб АҚШ генерали номидан номаълум бир кимса мактуб йўллаётганини билади. Қайд этилишича, тошкентлик қиз фирибгар тузоғига тушмаган. Ушбу ҳолатга оид бошқа тафсилотлар очиқланмаган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили: футбол ишқибозлари пулга баҳс бойлаши жоиз эмас

Ўзбекистон мусулмонлари идораси бош мутахассиси Муҳаммадаюб Ҳомидов футбол ўйинлари бўйича гаров боғлаш жоиз эмаслигини таъкидлади. “Даракчи” нашри мусулмонлар идораси бош мутахассисига “Айни кунларда давом этаётган футбол бўйича жаҳон чемпионатини томоша қилаётган ишқибозлар орасида терма жамоаларга пул тикиш ҳолатлари учрамоқда. Шу йўл билан пул топаётганлар ҳам бор. Бу нарса қимор эмасми?” деган мазмунда савол билан мурожаат этган. “Бу нарса қимор ҳисобланади. Шариатда футбол жамоаларига пул тикишга рухсат берилмайди. Мусулмон одам бундай ношаръий ишлардан йироқ юради, билмаганларга айтиб, огоҳлантириб қўяди”, деган Муҳаммадаюб Ҳомидов.

XS
SM
MD
LG