Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:22

Армияга бориш учун пора, қимматга тушган "шохулоқ", эрта никоҳ учун жазо


Жиззахда мудофаа ишлари бўлими ходими пора билан ушланди. Ўз қилмишига “шохулоқ”ни баҳона қилган бахмаллик тўрт йигит жазоланди. 2000 йилда туғилган коллеж ўқувчисига уйланган йигит жавобгарликка тортилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

Жиззахда мудофаа ишлари бўлими ходими пора билан ушланди

Жиззах вилоятидаги туманларда бири мудофаа ишлари бўлимида ишлаган Камол Туранов пора билан қўлга олинди (“Ҳуқуқ”, 7 июль). Мудофаа бўлими ходими К.Туранов жиянини ҳарбий хизматга юбормоқчи бўлган фуқаро Толибжон Абдуалиевдан 500 доллар пора олган. Мудофаа бўлими ходими бир неча кун ўтиб фуқаро Т.Абдуалиевга қўнғироқ қилиб, “Сиз берган пулларни юқоридагиларни бердим, яна 900 доллар берасиз бўлмаса иш битмайди” деган. Бундан жаҳли чиққан Т.Абдуалиев ҳуқуқ идораларига мурожаат қилган. Мудофаа бўлими ходими 400 доллар олаётганда ашёвий далил билан ушланган. Қайд этилишича, К.Турановга қилмишига яраша жазо тайинланган.

Босқинчи йигитлар ўз жиноятини “шохулоқ” одати билан хаспўшламоқчи бўлди

Жиззах вилояти Бахмал туманида яшайдиган тўрт нафар йигит босқинчилик, қийнаш, автотранспорт воситасини олиб қочиш каби жиноятларда айбланиб, маҳкамага тортилди (“Постда”, 2 июль). Исми ошкор этилмаган тўрт йигит учрашувга чиққан йигит ва қиз – бўлажак келин-куёвнинг яқинларини қийноққа солган, телефонларини тортиб олиб, машинаси ойнасини синдирган. Милиция томонидан қўлга олингач эса улар жиноятларини бу “шохулоқ” эди, дея хаспўшлашга уринган. Шохулоқ одатига кўра, бир қишлоқдан бошқасига келин тушадиган бўлса, қизнинг маҳалласидаги ёшлар келин кетаётган пайтда йўлни арқон билан тўсади, куёв томондагилар “йўлтўсар”ларга совға бергач, уларни ўтказиб юборади. Қайд этилишича, урф-одатдан ғаразли мақсадда фойдаланмоқчи бўлганларга қонуний жазо берилган.

2000 йилда туғилган коллеж ўқувчисига уйланган йигит жавобгарликка тортилди

Қўнғирот туманида қизини барвақт турмушга узатган она ҳамда унинг қудаси жавобгарликка тортилди. Туман прокурори Янгибой Бабаджановнинг “Ҳуқуқ” газетасига маълум қилишича, 2016 йил 31 январь куни исми ошкор этилмаган йигит 2000 йилда туғилган, коллежнинг 1-курсида ўқийдиган қиз билан шаръий никоҳ орқали оила қурган. Ушбу ҳолат бўйича куёв, унинг онаси ҳамда келиннинг онаси маъмурий жавобгарликка тортилган. Янги оила сақланиб қолингани ёки қолинмагани борасида маълумот берилмаган. “Ёш турмуш қуриш ва эрта она бўлиш аёл саломатлигига жиддий хавф солиши аниқ”, дейди Қўнғирот туман прокурори.

XS
SM
MD
LG