Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:04

OzodDayjest: Сурхондарёда 5000 йиллик ноёб обида дайди итлар қўнимгоҳига айланиб қолди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

“Ўздонмаҳсулот” ширкати раҳбари катта миқдорда пора олгани иддао қилинмоқда. Сурхондарё вилоятидаги қатор қадимий обидалар қаровсизликдан вайрон бўлаяпти. Жанубий Корея Ўзбекистонга виза тартибини бузаётган ватандошлар сабаб эътироз билдирмоқда. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

“Ўздонмаҳсулот” ширкати раҳбари олган пора миқдори ҳисобланмоқда

Яқинда порахўрликда айбланиб қамоққа олинган “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик жамияти раиси Суръат Ҳайдаровга нисбатан тергов давом эттирилмоқда (“Халқ сўзи”, 18 июль). “Олинган пораларнинг умумий миқдори ҳозирги кунда аниқланмоқда. Лекин рақамлар миқдори оз эмас”, деб ёзади ҳукумати нашри. Қайд этилишича, “Ўздонмаҳсулот” ширкати раҳбари тизимдаги муаммолардан кўз юмиб, бунинг эвазига катта миқдорда пора олиб келган. Муҳим лавозимларга қариндошларини жойлаштирган С.Ҳайдаров пора олиш схемасини жорий этишда айбланмоқда. Маълум қилинишича, С.Ҳайдаровнинг ёрдамчиси ва куёви Ж.Шарипов хорижий валютада пора олаётганда қўлга туширилган ва бунинг ортида “Ўздонмаҳсулот” ширкати раҳбарининг ўзи ҳам ҳибсга олинган. Бош прокуратура маълумотларига кўра, жорий йил 6 ойи давомида 867 нафар мансабдорга жиноий иш очилган. Ушбу жиноий ишларнинг 56 таси порахўрликка тааллуқли.

Сурхондарёдаги бир қатор ноёб обидалар қаровсиз қолиб вайрон бўлмоқда

Сурхондарё вилоятидаги бир қатор қадимий обидалар қаровсиз қолиб вайрон бўлмоқда (“XXI аср”, 19 июль). Музработ туманидаги 5000 йиллик тарихга эга Сополлитепа обидаси атрофи девор билан муҳофаза этилмаган. Шу сабаб ушбу кўҳна тарихий обида дайди итлар ва қўйчивонларнинг чорвасига қўнимгоҳ вазифасини ўтамоқда. Милоддан аввалги I асрга тааллуқли Фаёзтепа манзили ҳам ободонлаштирилмаган. Обидани турли табиат офатлардан сақлаш учун сув тўплаш воситаси – дренаж тизими йўлга қўйилмаган. Оқибатда Фаёзтепа барханлар орасида қумпайкалга айланиб қолмоқда. Термиз туманидаги 5 асрлик тарихга эга Қирққиз қалъаси ҳам инсон омили туфайли емирилиб бормоқда. Тарихий ҳудуд чиқинди билан, иншоот деворлари эса “севги битиклари” билан тўлган. Бундай ачинарли ҳолатларни X-XVI асрларга мансуб Султон Саодат, XVI асрда қурилган Кокилдор ота мажмуаларида ҳам кўриш мумкин, деб ёзади газета.

Ўзбекистон миграция агентлиги бошлиғи меҳнат муҳожирларининг тил билмаслигини “оғриқли нуқта” деб атади

Ўзбекистондан Жанубий Кореяга ишлаш учун бориб шартномани бузган ҳолда қочиб кетаётган нолегаллар кўпаймоқда (“Даракчи”, 19 июль). Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги бошлиғи Равшан Ибрагимовга кўра, Корея томони виза тартибини бузаётган ватандошлар боис Ўзбекистонга эътироз билдирмоқда. Шунингдек, ўзбекистонликларнинг корейс тилини билмаслиги ҳам мезбон давлатга маъқул келмаётир. Бу эса Ўзбекистонга ажратилаётган квоталар сони камайишига сабаб бўлмоқда. Агентлик раҳбарига кўра, Россияга кетаётган ватандошлар орасида ҳам малакасизлар сони кўп. “Россияга ишга кетувчилар энг оғриқли нуқтамиз. Чунки рус тилини билишмайди. Йилига 1 миллион атрофида фуқаро кетяпти. Бу катта кўрсаткич. Фуқароларнинг норасмий равишда хорижга чиқиб кетишлари кўплаб муаммоларни келтириб чиқармоқда”, дейди Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги бошлиғи Равшан Ибрагимов.

XS
SM
MD
LG