Линклар

Шошилинч хабар
22 август 2019, Тошкент вақти: 01:12

OzodDayjest: Депутат президент Мирзиёевдан мазлум уйғурларга маънавий оталик қилишни сўради


Хитойдаги "сиёсий қайта тарбиялаш" лагерларидан бири.

Ўзбекистонда ҳукумат мансабдорларининг тонировка қилинган машинада юргани эътироз уйғотмоқда. Депутат Қобил Дусов президент Мирзиёевдан Хитойнинг Шинжой-Уйғур мухтор районида зулм чекаётган қардошларга ёрдам кўрсатишни сўради. Гўшт нархини сунъий тушириш тадбири танқидга учради. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

________________________________________________

Ҳукумат мансабдорлари тонировка қилинган машинада юргани эътироз уйғотди

Ўзбекистонда автомашина ойнасини қорайтириш учун белгиланган чеклов ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг жиддий норозиликларига сабаб бўлмоқда (www.kun.uz, 17 июль). Ҳукумат қарорига кўра, жисмоний ва юридик шахслар енгил автомобиль ойнасини қорайтириш учун ҳар йили 18-24 миллион сўм тўлаши лозим. Ҳуқуқшунос Дилшод Абдуқодировга кўра, Ўзбекистонда автотранспорт воситаси ойнасини қорайтиришга рухсатнома олиш учун дунё бўйича энг қиммат тўлов миқдори белгиланган. Ўртача маош олиб ишловчи ватандош биргина машина ойнасини қорайтиш ҳуқуқини олиш учун 11 ой емай-ичмай ишлаши ва пул тўплаши лозим.

Ҳукумат қарорида автомобиль ойнасини қорайтириш учун тўлов жорий этилиши “транспорт воситалари ҳайдовчилари учун қулай шароитлар яратиш” мақсади билан изоҳланган. Ҳуқуқшунос Хушнуд Худойбердиев эса ушбу изоҳни мантиқсизлик ва виждонсизлик, деб атаган. Ҳуқуқшунос оддий одамлардан катта миқдорда пул талаб қилингани ҳолда, мамлакат бош вазири, ички ишлар вазири, ЙҲХББ бошлиғи каби мансабдорлар халқ ҳисобидан тонировка қилинган шинам автомашиналарда юришига эътироз билдирган.

Ўзбек депутати илк бор Хитойнинг уйғурларга зулми ҳақида гапирди

Халқ депутатлари Бўстонлиқ тумани кенгаши депутати, “Миллий тикланиш” партияси аъзоси Қобил Дусов Фейсбук тармоғидаги саҳифасида президент Шавкат Мирзиёевдан Хитойнинг Шинжой-Уйғур мухтор районида зулм чекаётган қардош миллатларга ёрдам кўрсатишни сўради. Депутатга кўра, бир замонлар Туроннинг бир бўлаги бўлган Уйғуристон ҳозир зулм исканжасида, у ерда ўзбек, қозоқ, уйғурлар, умуман мусулмонлар хўрланмоқда. Қайд этилишча, ушбу туркийзабон миллатларнинг ота юрти Ўзбекистондир. Депутат Қ. Дусов Ўзбекистон президентидан Хитой сиёсати қаршисида сукут сақлаётган мусулмон давлатлари ичида ташаббусни қўлга олиб, уйғур ўлкасига маънавий оталик қилишини сўраган.

БМТ, Европа Иттифоқи каби халқаро тузилмалар ҳамда ўнлаб Ғарб мамлакатлари Шинжон-Уйғур мухтор районида яшовчи бир миллионга яқин мусулмон лагерларда ушлаб турилгани учун Хитой раҳбариятини кескин танқид қилиб келади. Расмий Пекин эса “қайта тайёрлаш лагерлари” террорчиликка қарши кураш доирасида ташкил этилганини иддао қилмоқда.

Гўшт нархини сунъий равишда арзонлаштириш чораси узоққа бормаслиги айтилди

Тошкент шаҳрида гўшт нархи сунъий равишда туширилди (“Даракчи”, 18 июль). Махсус ташкил этилган расталарда 1 кг мол гўшти 34-39 минг сўмдан сотила бошлаган. Кейинги кунларда гўшт нархи 60 минг сўмгача кўтарилиб кетган эди. Соҳа масъуллари эса нархни тушириш мақсадида Тошкент бўйича 150 та махсус гўшт растаси ташкил этган. Экспертларга кўра, гўшт баҳоси бу қадар арзон бўлиши харидорларга маъқул келса-да, нархни сунъий равишда узоқ ушлаб туриб бўлмайди. Гўшт нархини реал пасайтириш учун чорва экин майдонларини кенгайтириш, аҳолига бўрдоқичилик учун шароит яратиш, озуқавий емни ишлаб чиқариш нархи билан савдо ўртасидаги кескин тафовутни камайтириш каби чора-тадбирлар таклиф этилган.

XS
SM
MD
LG