Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:38

OzodDayjest: Президент маслаҳатчиси қўлидан сертификат олган оилага уй берилмайдиган бўлди


Қаршида яшовчи оила уй учун сертификатни президент маслаҳатчиси Турсунхон Худойбергановдан (суратда) олгани айтилмоқда.
Қаршида яшовчи оила уй учун сертификатни президент маслаҳатчиси Турсунхон Худойбергановдан (суратда) олгани айтилмоқда.

Қаршидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилага расмийлар уй ўрнига пул ваъда қилмоқда. Марказий Осиё мамлакатлари учун ягона пул ва ёзув жорий қилиш таклиф этган ёзувчи Носир Фозилов оламдан ўтди. Турк сериаллари уйқудаги дажжолни уйғотиб юборгани танқид қилинди.

_____________________________________________________________

Президент маслаҳатчиси қўлидан сертификат олган оилага уй насиб этмади

Қарши шаҳри Чақар маҳалласида 13-уйда яшовчи Орзу Ҳалимовага Ўзбекистон Президенти Давлат маслаҳатчиси Турсунхон Худойберганов уй-жойга эгалик ҳуқуқини берувчи сертификат топширди, аммо ижтимоий ҳимояга муҳтож бу оилага уй насиб этмади. “Даракчи” нашрига кўра, Орзу Ҳалимова Президент маслаҳатчисидан сертификат олгач, Қарши шаҳар ҳокимлигига уй сўраб мурожаат қилган. Аммо ҳокимликда О.Ҳалимовага уй сертификати адашиб топширилгани, уй ўрнига 7 миллион сўм моддий ёрдам берилишини маълум қилган. Турмуш ўртоғи II гуруҳ ногирони ва тўнғич ўғли кўзи ожиз бўлган Орзу Ҳалимова “Сертификат хўжакўрсинга берилганми?” дея матбуотга арзи ҳол қилган. “Ўзим ҳам I гуруҳ ногирониман. Мурожаат қилган аёлни яхши тушуниб турибман. Сертификатни адашиб топширишгани албатта нотўғри. Бунақа хато қилиш мумкин эмас”, деган Ўзбекистон ногиронлари жамияти Қашқадарё бўлими раиси Бахтиёр Ботиров.

Марҳум ёзувчи минтақада ягона пул ва ёзув жорий этилишини орзу қилган

Жорий йил 14 январь куни вафот этган таниқли ёзувчи Носир Фозиловнинг сўнгги интервьюси эълон қилинди (“XXI аср”, 18 январь). Ўзбекистон ва Қозоғистон давлат мукофотлари соҳиби бўлган адиб сўнгги суҳбатида Марказий Осиё давлатлари ягона ёзувга келиши лозимлигини таъкидлаган. “Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, истаса Тожикистон ҳам бир юмалоқ стол атрофига ўтириб, имломизни тартибга солишни, уни туркий тил – ҳаммамиз гаплашадиган тил меъёрларига мослаштиришни ўйлашимиз керак. Акс ҳолда, келгуси авлодлар бир-бирларидан бугунгидан ҳам йироқлашиб кетади”, деган Носир Фозилов. Атоқли ёзувчи, шунингдек, минтақанинг бешта мамлакати ўзаро келишиб, ягона пул бирлиги, масалан, “Осиё” деган валютани жорий этиши кераклигини таклиф қилган. “Марказий Осиё давлатлари билан ўртадаги муносабатларимиз яқин йигирма йил орасида совуқ сукунатга чўмган эди. Шунча вақт ичида “бармоқ вазни”да қадам ташлаб келдик. Энди “аруз вазни”да, яйраб қадам ташлаш пайти келганга ўхшайди”, дея бугунги минтақавий ҳамкорликка образли таъриф берган Носир Фозилов.

Матбуот: Турк сериаллари фаҳшни тарғиб этиб, уйқудаги дажжолни уйғотиб юборди

Ўзбекистондаги “Zo`r” телевидениеси орқали эфирга узатилаётган “Севги изтироби” сериали кескин танқидга учради (“Ҳуррият”, 17 январь). Қайд этилишича, оғу қўшилган асал саналган ушбу турк сериалини миллионлаб ўзбек томошабини мук тушиб томоша қилмоқда. Аммо хиёнат, фисқу фужур ва ёлғон кенг тарғиб этилган сериал кўпчиликнинг тарбиясига салбий таъсир этмоқда. “Онгимизда юз йиллар, минг йиллардан буён ухлаб ётган дажжол ҳисларимизни уйғотиб юборди бу сериал. Шунинг учунми маънавий ҳаётимизда турли фожиалар газак олиб бормоқда. Телевидениеда чиқиб олиб, қайнотасининг ишқий машмашасини кўтаришдан тортиб, бировнинг аёли билан алоқа боғлаб, кейин ўзи чопиб ташлаган эркакларни бу фожиа томон қандай сабаблар етаклаяпти? Онгу тафаккури чегараланган, мустақил ҳаётий тутумлари йўқ авомга заҳарли, айни пайтда ўта томошабинбоп, қизиқарли ҳангомалар кўрсатиш миллий ахлоқий мувозанат бузилишининг бош омили эмасми?” деб ёзади газета.

XS
SM
MD
LG