Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2019, Тошкент вақти: 03:04

OzodDayjest: Қаршида дугонасини беҳаё видео тарқатиш билан шантаж қилган аёл жазоланди


Иллюстратив сурат.

Оилали аёлдан хиёнати акс этган видео учун 8 миллион сўм талаб қилинди. Бухорода ҳомиладор аёлни фарзанд кўриш қобилиятидан маҳрум қилган гинеколог жазога тортилди. Газетадан товон пули талаб қилган “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси судда ютқазди.

_____________________________________________________________

Ҳомиладор аёлни фарзанд кўриш қобилиятидан маҳрум қилган шифокор маҳкамага тортилди

Бухоро вилояти Жондор тумани тиббиёт бирлашмаси туғруқ бўлими акушер-гинекологи Наима Боймуродова ҳомиладор аёлни фарзанд кўриш қобилиятидан маҳрум этгани ва унинг ҳаётига хавф туғдиргани сабаб маҳкамага тортилди, деб хабар беради “Даракчи” нашри. 2018 йил 6 октябрь куни фуқаро М.К. 17-18 ҳафталик ҳомиласини олдириш мақсадида туғруқ бўлимига келади. Акушер-гинеколог Н. Боймуродова эса ҳомилани тушириш вақтида тактик хатога йўл қўяди. Натижада бемор аёлнинг ҳаёти хавф остида қолган ва у фарзанд кўриш қобилиятидан ҳам маҳрум бўлган. Жиноят ишлари бўйича Жондор тумани суди раиси Б. Жабборовга кўра, шифокор Н. Боймуродовага нисбатан 2 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган, судланувчи, шунингдек, шунча муддат шифокорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

Қаршилик аёл дугонасини беҳаё видеосини тарқатиш билан қўрқитиб шантаж қилди

Қаршида тубан жиноят содир этилди: хола жиянини дугонасига қўшди, жиян эса аёл билан бўлган шаҳват саҳнасини телефонига муҳрлади (“Ҳуқуқ”, 17 январь). Исми ошкор этилмаган аёл жиянининг телефонидан у видеони ўз телефонига ўтказиб олади. Сўнг дугонасини шантаж қилади: агар 8 миллион сўм бермаса, шаҳват саҳнаси акс этган видеони тарқатиб юбориш билан таҳдид қилади. Қайд этилишича, уч фарзандли аёл эрига хиёнати акс этган видео тарқалиб кетса, шарманда бўлишидан қўрқиб, талаб қилинган пулнинг бир қисмини олиб келиб берган. Шантажчилар сўраган пулнинг қолган қисмини тополмагач, улар устидан ҳуқуқ идораларига арз қилган. Товламачилар жазога тортилган. Жабрланувчи сифатида ўзини бечораҳол кўрсатиб турган аёлнинг ўз оиласига қилган хиёнатини оқлаб бўлмайди, деб ёзади газета. Жиноий ишга оид бошқа тафсилотлар очиқланмаган.

Газетадан 100 миллион сўм товон талаб қилган “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси судда ютқазди

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси танқидий мақолалари учун “Андижоннома” газетасини судга берди (Xabar.uz, 16 ноябрь). Қайд этилишича, 2018 йили газетада “Ҳар баҳорда шу бўлар такрор...”, “Эгар қайда, узанги-чи?” номли икки мақола чоп этилган. Уларда пилла етиштиришдаги камчиликлар, бу соҳани ривожлантиришдаги шошмашошарлик натижасида бир қатор туманлардаги фермерларнинг шўрига шўрва тўкилаётгани таъкидланган. “Andijan Silk. Co” қўшма корхонаси олдига қатор саволлар қўйилган. “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси “Andijan Silk. Co” қўшма корхонаси манфаатини кўзлаган ҳолда “Андижоннома” газетасини гўёки нотўғри маълумотлар тарқатгани учун cудга берган ва таҳририятдан 100 миллион сўм товон пули талаб қилган. Андижон туманлараро иқтисодий суди мазкур даъвони кўриб чиқиб, даъвони рад этган. “Даъвонинг рад этилиши газетада босилган танқидий мақолалар тўғри эканини англатиши баробарида “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ва унинг таркибига кирувчи корхоналар мавжуд муаммоларни хаспўшлайвермай уларга ёвуқроқ қараб, зиммасидаги масъулиятни сифатли адо этиши кераклигиниям билдиради”, деб ёзади электрон нашр.

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG