Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:17

OzodDayjest: Маҳаллаларнинг 75 фоизида нафақа пули талон-торож қилинган


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Меҳнаткашлар ҳаётини қийинлаштирувчи бож жорий этилиши “цинизм” дея танқид қилинди. Прокуратура нафақа пулини тайинлашда юзлаб қонунбузарликларни аниқлади. Ўзбекистонда криптоактивлар билан боғлиқ фирибгарлик схемаларидан фойдаланиш ҳолатлари кўпаймоқда. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Ўнлаб ҳайдовчи парламент биноси олдида норозилик намойиши ўтказди


Ўзбекистон ва Россия шаҳарлари орасида енгил автомобилда қатнайдиган ўнлаб ҳайдовчи Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биноси олдида норозилик намойиши ўтказди (www.kun.uz, 13 январь). Мамлакатнинг турли ҳудудларидан келган ҳайдовчилар 1 январдан кучга кирган янги божхона тартибидан шикоят қилмоқда. Янги тартибга кўра, жисмоний шахслар шахсий эҳтиёжлари учун чет элдан олиб келаётган товар миқдори божсиз олиб кириш меъёрларидан ортса, божлар соддалаштирилган тартибда ундирилади – бож, ҚҚС ва акциз солиғи ўрнига ягона божхона тўлови жорий этилди. Тўлов ставкаси товарнинг божхона қийматидан 30 фоиз, лекин бир килограмми учун 3 доллардан кам бўлмаган миқдорда белгиланган. Ҳайдовчилар жорий этилган бож миқдори қимматлигини айтиб, уни пасайтиришни илтимос қилмоқда.

Телеграмдаги Davletovuz канали оддий меҳнаткашлар ҳаётини қийинлаштирувчи тартиблар жорий этилишини “цинизм” (уятсизлик) деб атаган.

“Давлат иккита иш ўрнини эплаб ярата олмаётган бир пайтда, ҳукумат, нўноқ ҳокимга қараб қолмасдан, ўз кунини кўриб юрган одамлар – ҳайдовчилар, мигрантлар, мардикорлар ҳаётини қийинлаштирадиган қонунлар адолатли қонунлар эмас. Бу – цинизм. Бу – ўзидан тушови қиммат сиёсат”, деб ёзган блогер.

Нафақа пулини тайинлашда юзлаб қонунбузарликлар фош қилинди


Прокуратура кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақа ва ёрдам пулини тайинлашда қонун бузилиши ҳолатларини аниқлади (“Ҳуқуқ”, 16 январь). Бу ҳақда бош прокуратура бошқарма прокурори Искандар Давлатов маълум қилган. Қайд этилишича, текширув ўтказилган 6555 та маҳалла фуқаролар йиғинининг 4859 таси ёки 75 фоизида нафақа пули талон-торож этилган. 2018-2019 йилларда, шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғини раислари ёки бошқа мансабдорларининг пора олиши билан боғлиқ 20 та жиноят фош этилган. Бундан ташқари, 470 киши интизомий, 2604 нафари маъмурий ва 53 нафари моддий жавобгарликка тортилган.

Ўзбекистонликлар янги турдаги молиявий найранглар хатаридан огоҳлантирилди


Ўзбекистонда “молиявий пирамидалар” кўринишидаги турли фирибгарлик схемаларидан, шу жумладан, криптоактивлардан фойдаланиш ҳолатлари кўпаймоқда. Бу ҳақда бир қатор интернет сайтлари Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигига таяниб хабар берди.

Таъкидланишича, одатда келиб чиқиши чет элларда бўлган жиноий гуруҳлар турли электрон платформа, сайт ва ахборот тизимларини ташкил қилиш орқали ноқонуний бойлик орттириш мақсадида Ўзбекистон бозорига кирмоқда. Бундай лойиҳаларнинг жозибадорлигини ошириш ва кўп сонли иштирокчиларни жалб қилиш учун тармоқ маркетинги деб номланувчи усул ва “Понци схемаси” элементларидан фойдаланилади.

“Понци схемаси” молиявий пирамидани ташкил этишнинг жиноий усули бўлиб, у аввалги инвесторларнинг даромадларини янги инвесторлардан олинган маблағлар ҳисобидан тўлашни назарда тутади. Аввалига бу жуда фойда келтирувчи схема бўлиб кўриниши мумкин, аммо у одатда янги инвесторларнинг маблағлари оқими эскиларига тўловларни амалга ошириш учун етарли бўлмай қолгандан сўнг бузилади”, дейилади хабарда.

Агентликка кўра, компаниянинг келиб чиқиш жойи номаълум экани, молиявий жавобгарликни рад этиш ва иштирокчидан шартномада барча хатарларни қабул қилишга рози эканини талаб қилиш, иштирокчиларнинг зарур билимлари йўқлигини ҳисобга олган ҳолда “криптовалюталарнинг юқори истиқболлари” билан манипуляция қилиш шубҳали ҳолатлар саналади.

XS
SM
MD
LG