Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:09

OzodDayjest: "Тошкент шаҳар прокуратураси "қовун туширди"


Мақтул дизайнер Нариман Григорян.
Мақтул дизайнер Нариман Григорян.

Прописка тизими тараққиётга ғов экани тадқиқот билан тасдиқланди. Самарқандда банкир ҳокимлик расмийси томонидан калтакланди. Тошкент шаҳар прокуратураси матбуот эътирози ортидан қонли мурда акс этган видеослайдни ўчириб ташлади.

_____________________________________________________________

Халқаро тадқиқот прописка тизими Ўзбекистон тараққиётига ғов эканини тасдиқлади


Жаҳон банкининг Кам таъминланганлик ва тенглик бўйича гуруҳи тадқиқотчиси Уильям Сеиз (William Seitz) томонидан Ўзбекистондаги ички миграция ва арзон уй-жой билан таъминланиш ҳолати бўйича тадқиқот ўтказилди (www.sof.uz, 14 январь). Тадқиқот “Ўзбекистон фуқароларини тинглаш” сўрови асосида олиб борилган бўлиб, мамлакатдаги ички миграция фаоллигига тўсқинлик қилувчи омилларни аниқлашга қаратилган. Унда қайд этилишича, Ўзбекистон ички миграция даражаси бўйича дунёдаги энг паст (1,2 фоиз) кўрсаткичга эга давлатлар қаторида бўлиб, урбанизация жараёни мамлакатда 2009 йилдан буён турғун ҳолатда.

Бунинг асосий сабаблари сифатида эса ҳуқуқий чеклов (прописка тизими) ва шаҳар ва қишлоқдаги яшаш харажатлари ўртасидаги катта тафовут (масалан, Тошкент шаҳрида яшаш мамлакатдаги ўртача кўрсаткичдан 5,5 баробарга юқори) кўрсатилган.

Тадқиқотчининг фикрича, мазкур ҳолат сақланиб қоладиган бўлса, Ўзбекистонда ишлаб чиқариш ва самарадорлик суръати пасайиб, аҳолининг даромади ва бандлик даражаси салоҳиятидан кўра паст бўлади.

Юқоридаги ҳолатларни бартараф этиш учун Сингапур, Ҳонконг, Хитойда амалга оширилгани сингари катта миқёсда арзон ижара уйларини қуриш орқали ижара уй-жой бозорини шакллантириш, соҳада инвестицияни таъминлаш учун ерга бўлган ҳуқуқни кафолатлаш каби чоралар таклиф этилган.

Банкир ҳокимлик расмийси томонидан калтаклангани бир неча ой давомида яшириб келинган


Самарқанд вилояти Пайариқ туманида мажбурий меҳнатга қарши чиққан банк ходими туман ҳокимлиги вакили томонидан калтакланди (www.daryo.uz, 14 январь). Пахта мавсумидан бир неча ой ўтиб тарқалган видеода Пайариқ туман ҳокимлигининг ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари Акбарали Эрназаров ҳамда “Халқ банки”нинг Пайариқ тумани филиали ходими Икром Аралов тортишуви акс этган.

Маълумотларга кўра, “Халқ банки” вакили мажбурий меҳнатга қаршилик қилган. Ҳокимлик расмийси эса уни шу сабабли урган. Қайд этилишича, Акбарали Эрназаров ишдан олинган. Аммо туман ҳокимлиги ўз вақтида буни ошкор қилишни истамаган.

Прокуратура аввал қонли мурда суратини эълон қилди, сўнгра ўчириб ташлади


Тошкент шаҳар прокуратурасининг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида бир неча кун аввал ўлдирилган таниқли дизайнер Нариман Григоряннинг қонга ботган мурдаси сурати акс этган видеослайд эълон қилинди (www.xabar.uz, 16 январь). Қайд этилишича, видеослайдда ўликхонада жасаднинг кўздан кечирилиши кадрлари ҳам илова қилинган бўлиб, унда ҳатто мурданинг жинсий аъзолари ҳам хиралаштирилмаган.

“Ҳали очилмаган ўта оғир жиноятга оид материалларни ҳозирданоқ ошкор қилиш қанчалар мақсадга мувофиқ? Бунинг учун инсон қанчалар фаросатли бўлиши керак?! Бундай хатти-ҳаракатлари билан пойтахт прокуратураси нима демоқчи?! Нима, марҳумнинг яқинлари, қолаверса, ўқувчиларнинг руҳияти, туйғулари бир тийинми?!” дея прокуратурани саволга тутади xabar.uz cайти.

“Ташкилот пиар хизматида пиарчилар эмас, прокурорлар ишласа, мана шунақа бўлади” дея ҳолатни изоҳлади блогерлардан бири.

Матбуотнинг эътирози ортидан прокуратура видеослайдни ўчириб ташлади ва узр сўради. Қайд этилишича, ички хизматда фойдаланиш учун тайёрланган материал хато туфайли эълон қилиб юборилган.

XS
SM
MD
LG