Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:56

OzodDayjest: Фарғонада вилоят ва туман паспорт идораси раҳбарлари жиноятлари фош этилди


Ўзбекистон Марказий банки раҳбарлари мамлакатда терминаллар етишмаслигини эътироф этди. Оҳангаронда электр идораси раҳбари пора олгани учун 9 йилга кесилди. Фарғонада “пул учун виждонини жиғилдонига алмаштирган” мелисалар фош этилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Марказий банк раиси ўринбосари терминал тақчиллигини тан олди

Ўзбекистон Марказий банк раиси ўринбосари Саидкамол Ходжаев мамлакатда терминаллар етишмаслигини тан олди (“Халқ сўзи”, 27 июль). Халқаро пресс-клубда молия-иқтисод муаммоларига доир саволларга жавоб қайтарган банк расмийси Ўзбекистонга терминаллар хориждан келтирилаётгани, шу боис бу борада тақчиллик мавжудлигини айтган. Жорий йил 1 мартдан Ўзбекистонда чакана ва савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлар аҳолидан тўловларни банк пластик карточкалари орқали қабул қилиши шартлиги тўғрисидаги тартиб кучга кирди. Аммо ҳудудларда ҳамон турли важлар билан пластик карточка орқали тўловни рад этиш ҳоллари кузатилмоқда.

Тошкент вилоятида электр идораси раҳбари порахўрлиги учун 9 йилга кесилди

Тошкент вилояти Оҳангарон тумани электр тармоқлари корхонаси раҳбари бир қатор жиноятлари учун 9 йилга озодликдан маҳрум этилди (“Ҳуқуқ”, 27 июль). Исми ошкор этилмаган мансабдор қўл остидаги ходимлардан бирига нисбатан товламачилик, фирибгарлик ва порахўрлик қилган. Хусусан, раҳбар ходимни ишдан бўшатиш ва унинг номига олинган намунали уйни тортиб олиш билан қўрқитиб 1000 доллар пора талаб қилган. Бундан ташқари, у қўл остидаги ходимларни алдаб, 1500 доллар пул йиғиб, ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган. Қайд этилишича, Оҳангарон тумани электр тармоқлари корхонаси раҳбари суриштирув давомида айбларига тўла иқрор бўлган.

Фарғонада ватандошларга ноқонуний жарима солган ИИБ мансабдорлари фош этилди

Фарғона вилояти ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси тизимидаги биринчи раҳбарлар жиноятлари фош этилди (“Постда”, 22 июль). Жиноятга қўл урган масъул раҳбарлар орасида вилоят ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси раҳбари О.Солиев ҳамда тизимнинг туман-шаҳарлар раҳбарлари Ғ.Ҳамроқулов, Б.Мирзараҳимов, А.Исоқов, У.Сотволдиев, С.Исмоилов ва бошқалар бор. Қайд этилишича, зикр этилган раҳбарлар мансаб курсисига ўтиргач, қинғир йўллар билан бойлик орттиришга муккасидан кетган. Хусусан, ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш тизими раҳбарлари ватандошлардан ноқонуний равишда жарималар ундириб, жуда катта миқдордаги маблағни ўзлаштирган. Паспорт столи бошлиқлари бошқа жиноятларга ҳам қўл урган. “Улар томонидан паспорт тизимига дахлдор қонунбузарликлар аллақанча вақт давом этган бўлса-да, вилоятда уларнинг мушугини пишт дейдиган бирорта мард топилмагани чиндан-да ачинарлидир. Пул учун виждонини жиғилдонига алмаштирган кимсаларга нисбатан ўз вақтида қонуний чоралар кўрилганда эди, энг аввало, фуқаролар ва давлатимизга катта миқдорда моддий зарар етмаган бўларди”, деб ёзади ИИВ нашри.

XS
SM
MD
LG