Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:51

OzodDayjest: 2800 сўмлик бензин вилоятларда 4500 сўмдан пулланмоқда


Нотариал идоралар аҳолини ҳамон сарсон қилаяпти. Вилоятларда бензин чайқовчилар қўлига ўтиб кетмоқда. Наманганда битта телефон сабаб уч инсон нобуд бўлди.

_____________________________________________________________

27 нафар нотариал идора ходими жиноий жавобгарликка тортилди, аммо муттаҳамлик ва боқибеғамлик давом этмоқда

Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги нотариал идоралардаги боқибеғам ва муттаҳам ходимлар сабаб аҳоли ҳамон сарсон бўлмоқда (“Оила даврасида”, 27 июль). “Уй-жой, машина олди-сотдиси билан шуғулланганим боис тез-тез нотариус ходимларига ишим тушади. Афсуски, ҳар доим ҳам уларнинг хизматидан кўнглим тўлавермайди. Айрим нотариус ходимларининг боқибеғамлигини кўриб жаҳлим чиқади. Мен билан нотариуслар орасида иш вақти тўққиздан бошланса-да, бемалол соат ўнда ишга келадиган, тушлик ўн учдан ўн тўртгача бўлишига қарамай, анча эрта чиқиб, кеч қайтадиган, айниқса муомаласидан заҳар томадиганлари жуда кўп. Айримларига эса ортиқча ҳақ тўламасангиз, ишингиз битмайди”, дейди Мирзақобил Мирзаев. Адлия вазири ўринбосари Анвар Усмоновга кўра, ҳозирга қадар олиб борилган текширувлардан сўнг республика бўйича 67 нотариал идора ходими интизомий, 27 нафари жиноий жавобгарликка тортилган. 5 нафар нотариус вазирлик буйруғи билан ишдан бўшатилган.

Матбуот: Вилоятларда бензин чайқовчилар қўлига ўтиб кетганидан “Ўзбекнефтгаз” раҳбарларининг хабари борми?

Тошкентдаги ёқилғи қуйиш шахобчаларида бемалол сотилаётган бензин вилоятларда анқонинг уруғи бўлиб қолмоқда (“XXI аср”, 27 июль). Ёқилғи қуйиш шахобчаларида сотилиши керак бўлган бензин сирли равишда чайқовчилар қўлига ўтиши оқибатида маҳсулот нархи ошиб кетмоқда. Масалан, Аи-80 маркали бензин нархи ҳукумат томонидан 2800 сўм этиб белгиланган. Вилоятлардаги бензинфурушлар эса уни 4500 сўмдан пулламоқда. Қайд этилишича, бензин муаммоси ҳалигача ҳал этилмаётгани тараққиёт одимларига солинаётган тушов занжиридир. “Ёхуд масъулларнинг ушбу кўнгилсиз ҳолатдан хабарлари йўқми? “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси раҳбарлари-чи?” дея мутасадди идораларни саволга тутади газета.

ФВВ: Наманганда уч инсоннинг заҳарланиб вафот этишига ўзбошимчалик сабаб бўлди

Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани Боғ кўчаси 2-уйда яшовчи Гулноза Тўхтасинованинг ҳожатхонага тушиб кетган “Samsung Galaxy J-7” телефони боис 3 киши ҳаётдан кўз юмгани ҳақида хабар берилган эди (“Даракчи”, 27 июль). Наманган вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Иззатилла Ибрагимов ушбу ҳолатга доир айрим тафсилотларга ойдинлик киритди. Телефонини эҳтиётсизлик билан уйи ҳожатхонасига тушириб юборган аёл уни олиб чиқиш учун икки нафар мардикор ёллаган. Аммо 1979 йилда туғилган Қ.А. ҳамда 1960 йилда туғилган М.О. телефонни олиб чиқиш учун ҳожатхонага тушиб, заҳарланиб вафот этган. Уларга ёрдам бериш учун келган 1990 йилда туғилган шифокор И.Қ. ҳам заҳарланиш оқибатда нобуд бўлган. “Фавқулодда вазиятлар бўйича 1050 рақами куну тун ишлаб турибди. Аммо гувоҳи бўлганингиздек, бу хунук воқеа ўзбошимчаликдан келиб чиққан ва фожиа билан якунига етган. Аслида бундай вазиятларда мутахассисларга мурожаат қилиниши керак”, деган Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Иззатилла Ибрагимов.

XS
SM
MD
LG