Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:43

OzodDayjest: Самарқандда уйидан айрилган кекса эр-хотин ҳаммомда яшамоқда


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Булунғурда 75 ёшли Йўлдош Норматов аёли билан 6 йилдан буён ҳаммомда яшаб келаяпти. Андижонда наушникли ўсмирни поезд босиб кетди. Омонхона дам олиш масканида улкан тош кўчиши оқибатида бир бола жароҳатланди.

_____________________________________________________________

Самарқандлик кекса эр-хотин 6 йилдан буён ҳаммомда яшамоқда

Самарқанд вилояти Булунғур туманида туғилган 75 ёшли Йўлдош Норматов аёли билан 6 йилдан буён ҳаммомда яшаб келмоқда (“Ҳуррият”, 25 июль). Қарияларнинг соғлиғига путур етиб, уларнинг аҳволи тобора оғирлашмоқда. 40 йил темирйўлда машинист бўлган ишлаган Йўлдош отанинг аслида Увайсий кўчасида бинойидек ҳовлиси бор эди. Аммо 2010 йилда қўшалоқ ҳовлини сотиб олган қўшниси умумий кўчани ёпиб, дарвоза қуриб олган. Йўлдош Норматов умумий кўчанинг ўзбошимчалик билан ёпилиши устидан ҳокимлик ва судга бир неча йил давомида қатнаган, аммо масъуллар қариянинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилмаган. “Ҳокимлик ва судьялардан бутунлай кўнгли қолган Йўлдош бобо тақдирга тан бериб, олти йилдан бери деразаси тагида қўшнининг гаражи, деворга тиралган тарновидан оққан ёмғир ва қор сувидан абгор аҳволга келган уйини ташлаб, ҳаммомга кўчиб ўтиб, дуд босган ювиниш жойида гўлахга ўхшаб яшаб келмоқда”, деб ёзади газета. Қайд этилишича, ушбу масалага Олий суд мутасаддилари эътибор қаратиши лозим.

Наушник эшитиб кетаётган мактаб ўқувчиси поезд тагида қолди

Андижонда мактаб ўқувчиси поезд тагида қолди (“Даракчи”, 26 июль). 2001 йилда туғилган Муҳаммадқодир Фозилов қулоғига наушник тиқиб кетаётганда поезд уриб кетган. Воқеа Пойтуғ–Андижон темир йўлининг 167-километрида рўй берган. Андижон вилоят ИИБ Транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўлими вакили Каримжон Саидэксоновга кўра, мудҳиш воқеа оқибатида ўсмирнинг боши узилиб кетган, тана қисми темир йўлнинг ўнг тарафида, боши эса темир йўл изининг оралиғида қолган. Қайд этилишича, поезднинг тезлиги 80 км/cоатни ташкил қилган. Машинистнинг кетма-кет чалган сигналини қулоғида наушник бўлган ўсмир эшитмаган.

Омонхона дам олиш масканида улкан тош қулади

Бойсун туманидаги машҳур Омонхона дам олиш масканида улкан тош кўчди. Ҳодиса пайти қурбонлар бўлмаган, фақат бир бола жароҳатланган (“XXI аср”, 26 июль). Айни пайтда тошларга яқин ерларга дам олувчилар қўйилмаётгани хабар қилинган. Тош кўчиши Омонхонада дам олиш мавсуми айни қизиган пайтда рўй берган. Ушбу маскан мўъжизакор деб сифатланадиган булоқлари билан машҳур. Ҳозирда Омонхона қишлоғида мамлакатнинг турли вилоятларидан келган кўп сонли зиёратчилар йиғилган. Санаторийда жой қолмаган. Аммо, газетага кўра, дам олиш масканини нафс қуллари эгаллаб олган ва ижара пули ҳамда бошқа тўловлар қимматлаб кетган. Омонхона “ёмонхона”га айланиб қолган. “Фақат нафас олиш бепул”, деган ушбу масканда дам олаётган самарқандлик зиёратчи. Газета бу ерда нарх-наво ва хизмат сифатини назорат қилишга Сурхондарё вилояти ҳокимлиги масъул эканини эслатиб ўтган.

XS
SM
MD
LG