Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:24

OzodDayjest: Қашқадарёда икки киши кана чақишидан нобуд бўлди


Бош врач кана чақишидан икки киши нобуд бўлганини тасдиқлади. Сирдарёдаги боғча биносини чақиртиканак босди. Жаҳон ёввоий табиат жамғармаси Турон йўлбарси популяциясини тиклаш лойиҳасини амалга ошираяпти.

_____________________________________________________________

Қаршида кана чақишидан 47 ёшли аёл ва 16 ёшли ўсмир нобуд бўлди

Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги Хонобод қишлоғида яшаган 47 ёшли аёл Н.Ж. ва 16 ёшли ўсмир Д.Ў. кана чаққани боис нобуд бўлди (“Даракчи”, 3 август). Қашқадарё вилояти давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош врачи Шербой Шеровга кўра, бу йил қиш ва баҳор фасли серёғин келгани ва намгарчилик юқори бўлгани сабабли йирик ва майда шохли ҳайвонларда учрайдиган каналар ҳар йилгидан кўпайган. Бу эса чорвачилик билан шуғулланаётган аҳоли орасида кана чақиши ҳолларига олиб келган. Икки нафар инсоннинг вафотига кана чаққанидан кейин касалхонага кеч мурожаат қилгани сабаб бўлган. Умуман, вилоят бўйича 98 кишида кана чақиши қайд этилган. Шербой Шеровга кўра, 2016 йилда вилоятда кана чақиши оқибатида юзага келган геморрагик иситмадан 3 киши вафот этган.

Озодликдан: Мавзуни Озодлик ўз вақтида ёритган эди.

Сирдарёдаги боғча биноси вайронага айланди, аҳолига эса боғча зарур

Cирдарё вилояти Оқолтин тумани Фарғона шаҳарчасидаги “Шодлик” мактабгача таълим муассасаси 10 йилча аввал ёпилган (“Оила ва жамият”, 2 август). Ўтган муддат ичида боғча биносини чақиртиканак босган, бир пайтлар мустаҳкам бўлган икки қаватли иморат бугун тўкилгудек аҳволда. Қайд этилишича, 12 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган ҳудуд учун мактабгача таълим муассасаси сув билан ҳаводек зарур. “Тўғри, болажонларимизга боғча керак. Жудаям керак. Лекин қани ўша боғча?!” деб ёзади газета.

Ноёб Турон йўлбарси Амударё тўқайларига қачон қайтади?

Жаҳон ёввоий табиат жамғармаси Турон йўлбарси популяциясини тиклаш учун 15 йиллик лойиҳа амалга оширмоқда (“Ҳуррият”, 2 август). Бунинг учун Қозоғистон ҳудуди танланган бўлиб, мутахассислар ушбу ноёб турни қайта тиклаш ва унинг яшаб кетиши учун зарур шароит яратишга интилмоқда. Мутахассислар эътирофича, йўлбарс яшаб-кўпайиши учун талаб этиладиган экотизимни яратиш мушкул вазифадир. Табиий шароит йўлбарсларнинг яшаш учун қулай бўлиши, яъни ов учун кийик, тўнғиз, сайғоқ каби ҳайвонлар, бир қатор қушлар ва йўлбарслар озиқланадиган зайтун сингари ўсимликлар бўлиши талаб этилади. Турон йўлбарси (баъзи манбаларда Каспий ёки Форс йўлбарси) бир замонлар Ўзбекистон, Туркманистон, Қозоғистон, Афғонистон, шунингдек, Кавказ сарҳадларида тарқалган. Ўтган асрнинг 60-йилларида Амударё тўқайларида Ўрта Осиёда яшаган энг йирик йиртқич – охирги Турон йўлбарси отиб ўлдирилган.

XS
SM
MD
LG