Линклар

Шошилинч хабар
13 декабр 2018, Тошкент вақти: 00:07

OzodDayjest: Фарғонадаги мактаб ҳудудида ИИБ ходимларига хизмат уйи қурилмоқда


Иллюстратив сурат.

Олий Мажлис депутати таносил хасталигини даволаш ҳолатини танқид қилди. Қўштепадаги 18-мактаб ҳудудида ички ишлар ходимлари учун хизмат уйи қурилмоқда. Хорижий банкларни тўнаган ўғрилар Тошкентда қўлга олинди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Депутат: Таносил хасталигига чалинганлар соғлом одамларга жиддий хавф туғдирмоқда

Ўзбекистонда таносил касаллигини аниқлаш қониқарсиз аҳволда, деб ҳисоблайди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Муҳаррам Дадахўжаева (“Жамият”, 27 июль). Гап шундаки, ҳозирги кунда таносил касалликларини аниқлаш бўйича мажбурий тиббий кўрик ўтказилмайди. Жумладан, фоҳишалик билан шуғулланган шахслар ҳам мажбурий кўрикдан ўтмайди. Шу боис мазкур хасталикка чалинган шахслар тўғрисида статистик маълумотлар юритилмаяпти. Таносил касалликларига чалинган беморлар эса соғлом одамларга жиддий хавф туғдирмоқда. Негаки, улар хизмат кўрсатиш соҳаларида эркин фаолият юритмоқда. Депутатга кўра, хорижий давлатларда таносил касаллигига чалинганлар суд қарори асосида мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилади ва даволанади. Таъкидланишича, таносил касалликлари профилактикаси тўғрисида қонун қабул қилиб, хориж тажрибасини Ўзбекистонда татбиқ этиш керак.

Мактабми ё карвонcарой?! Фарғонада таълим маскани ҳудудида милиция ходимларига хизмат уйи қурилмоқда

Фарғона вилояти Қўштепа туманидаги 18-мактаб ҳудудида ички ишлар ходимлари учун хизмат уйи қурилмоқда (“Оила даврасида”, 2 август). Уй битиш арафасида эканини ёзган газета “Бу ер мактабми ёки карвонсарой?” дея мутасаддиларни саволга тутади. Умуман, мактаб оғир аҳволда. Таълим маскани ташқи деворлари нураб тушган, айрим жойларда эса умуман девор йўқ. Мактабга ёндош хонадонлар деворга тақаб товуқ катаклари ва чорва охурини қуриб олган. 850 га яқин ўқувчининг овқатланиш масаласига умуман эътибор қаратилмаган. Мактаб ошхонаси 30 йилдан бери ишламайди. Тиббиёт хонасида ҳам зарур дори-дармон етишмайди. Мактаб ҳудудини чиқинди ва ўт босган. Газетага кўра, вазиятни ўнглашга мутасаддилар эътибори лозим.

Хорижий банклардан 3,5 миллион доллар ўмарган ўғрилар тўдаси Тошкентда қўлга олинди

Тошкентдаги “Orient Finance Bank” филиалини тўнамоқчи бўлган пайтда қўлга олинган украиналик фуқаролардан иборат ўғрилар тўдасига оид янги тафсилотлар маълум қилинди (“Даракчи”, 2 август). Аниқланишича, мазкур гуруҳ Россия, Украина, Беларус, Молдова, Македония каби давлатлар банкларидан 2015-2018 йиллар давомида 3,5 миллион доллардан ошиқ маблағни ўмарган. Гуруҳ аъзолари Тошкентдаги “Orient Finance Bank” филиали мижозларига тегишли шахсий қутичаларда сақланаётган пулларни қалбаки калитлар ёрдамида ўғирлашни режалаштирган. Халқаро миқёсдаги ўғрилар тўдасига 1975 йилда Украинада туғилган, ҳозирда АҚШ фуқароси бўлган Ставко Алекс бошчилик қилган. Гуруҳ аъзоларидан бири “Orient Finance Bank” филиалида депозит қутичаси очиб, шу баҳонада қутилар сақланадиган хонага 18 марта кириб, қутичалар пультини суратга олган. Ҳуқуқ идоралари ўтказган тезкор тадбирда жиноий гуруҳнинг икки аъзоси – Владислав Бутс ва Вячеслав Шеремет қўлга олинган. Гуруҳ раҳбари С.Алекс ва тўданинг бошқа бир аъзоси Алек Дубровский бунга қадар хорижга чиқиб кетишга улгурган.

XS
SM
MD
LG