Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:11

OzodDayjest: Хотинидан қасд олмоқчи бўлган йигит фарзандларини тўртинчи қаватдан ташлаб юборди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Тошкентда руҳий хаста эркак икки фарзандини тўртинчи қаватдан пастга улоқтирди. Абитуриентларга Қашқадарёдаги “халқаро университет” фаолияти ноқонуний экани маълум қилинди. Бухорода тиббиёт ва таълим соҳаси вакиллари жиноятга қўл ураётгани қораланди.

_____________________________________________________________

Отаси тўртинчи қаватдан пастга улоқтирган болалар умрбод ногирон бўлиб қолди

Тошкент шаҳри Юнусобод туманида мудҳиш ҳодиса рўй берди: руҳий хаста эркак пуштикамаридан бўлган икки фарзандини кўп қаватли уйнинг тўртинчи қаватидан пастга улоқтирди (www.repost.uz, 30 июль). Интернет нашрнинг “Маҳалла” телеканалига таяниб хабар беришича, нохуш воқеа жорий йил 10 январь куни содир бўлган. Ўз вақтида кўрсатилган тиббий ёрдам туфайли болалар қутқарилган, аммо улар бир умрга ногирон бўлиб қолган. Болаларнинг онаси дастлаб турмуш ўртоғи хаста эканидан бехабар бўлганини айтган. Бемор эри турли “ҳунар”лар кўрсата бошлагач, аёл ажрашиш ҳақида судга ариза берган. Эр эса хотинидан қасд олиш мақсадида фарзандларини 4-қаватдан улоқтирган. Ҳозирда болаларнинг отаси қамоқда экани хабар қилинган.

Ҳукумат инспекцияси Қашқадарёдаги “халқаро университет” фаолияти ноқонуний эканидан огоҳлантирди

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси абитуриент ва ота-оналарни ноқонуний равишда ҳужжат қабул қилаётган “халқаро университет”дан эҳтиёт бўлиш ҳамда ёлғон маълумотларга ишонмасликка чақирди (“Оила даврасида”, 1 август). Қашқадарё вилоятида “Халқаро ижтимоий-иқтисодиёт унивeрситeти” нодавлат олий таълим муассасаси 2019/2020 ўқув йили учун абитуриентлардан ҳужжат қабул қила бошлаган. Таълим инспекциясига кўра, мазкур муассаса лицензия олиш учун бир неча бор ариза билан мурожаат қилган, лекин амалдаги талаб ва нормаларга жавоб бермагани боис сўрови рад этилган. Ушбу муассасанинг норасмий фаолияти бўйича Қашқадарё вилояти ҳокимлигига хат юборилгани маълум қилинган.

Бухорода тиббиёт ва таълим соҳаси вакиллари жиноятларга қўл ураётгани қораланди

Бухоро вилоятида тиббиёт ва таълим соҳаси вакиллари жиноятларга қўл ураётгани ачинарли ҳолат, деб баҳоланди (“Постда”, 27 июль). Масалан, Жондор туман тиббиёт бирлашмаси акушер-гинекологи Б. Н. хизмат хонасида фуқаро Р. Ҳ.нинг ҳомиладорлигини рўйхатга қўйиш эвазига 400 минг сўм олаётганда ушланган.

Таълим соҳаси вакиллари орасида ҳам ҳуқуқбузарликлар кўп учрамоқда. Масалан, Ғиждувондаги 24-мактаб ўқитувчиси А. И. Бухоро давлат университетига ўқишга кириш учун ҳужжатлар топширган. Ҳужжатлар орасида Бухоро педагогика коллежи томонидан унинг номига берилган диплом ҳам бўлган. Аммо текшириш чоғи диплом сохта экани аниқланган. ИИВ нашри ҳолатни танқидий баҳолаб, зарур чора-тадбирлар кўришга ундаган.

XS
SM
MD
LG