Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:00

OzodDayjest: Самарқандда мардикор болалар муаммоси долзарб бўлиб қолмоқда


Самарқанддаги мардикор болалар муаммосига эътибор қаратилди. Қашқадарёда бемор бир марталик сунъий буйрак аппаратидан қайта-қайта фойдаланишга мажбурланмоқда. Фильми қайтарилган режиссёр Саид Мухторов бошини деворга уриб ёрди.

_____________________________________________________________

Қашқадарёда бемор бир марталик сунъий буйрак аппаратидан қайта-қайта фойдаланишга мажбурланмоқда

Қашқадарё вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази шифокорлари бемор Исматулло Азимовни бепул берилиши лозим бўлган бир марталик сунъий буйрак аппаратидан қайта-қайта ишлатишга мажбурламоқда (“Ҳуқуқ”, 10 август). Беморнинг билдиришича, шифокорлар қонни тозалаш учун ишлатиладиган диализатор фильтларини ҳам бир неча марта фойдаланишга мажбур этмоқда. Шикоят асосида ўтказилган текширувда бошқа яна бир қатор қонун бузилиши ҳоллари, хусусан, муддати ўтган яроқсиз дорилардан фойдаланиш аниқланган. Умуман, шифокорлар масъулиятни чуқур ҳис этмаётир деган хулосага келинган. “Соҳада жуда кўплаб камчиликлар, муаммолар йиғилиб қолганки, улар одамларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўляпти. Давр ана шу камчиликларга тезроқ барҳам бериб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни такомиллаштиришни тақозо этмоқда” деб ёзади прокуратура нашри.

Ота-онасига ёрдам бериш учун цехда ишлаётган 8-синф ўқувчиси бармоғидан ажралди

Самарқанд вилояти Оқдарё тумани Янгиқишлоқ қишлоғида яшовчи 8-синф ўқувчиси эҳтиётсизлик оқибатида битта бармоғидан ажралди (“Ҳуррият”, 9 август). Ўсмир ота-онамга ёрдам берай, мактабга керакли нарсаларни харид қилай дея помидор саралаш цехида ишлаётган бўлган. “Бу бир бахтсиз ҳодиса дерсиз. Лекин етарли меҳнат шароити яратилмаган, хавфсизлик таъминланмаган, таъминланса-да, ҳали унга риоя этиш кўникмасига эга бўлмаган ўспириннинг қисмати учун кимдир жавоб бериши керак-ку! Наинки унинг униб-улғайишига масъул ота-она айбдор бўлса!” деб ёзади газета. Қайд этилишича, бугун Самарқанд вилоятида кўплаб болалар пул топай, рўзғорнинг бир камини тўлдирай дея ўзини ўтга-чўққа урмоқда. “Ишонмаганлар Самарқанд шаҳридан чиқиб, Қаршига кетадиган йўл бўйидаги мардикор бозорини кўришлари мумкин. Бу ерга ҳар куни юзлаб йигитлар, қизлар, аёллар ва болалар кунлик иш илинжида келишади. Гоҳида уларни ички ишлар ходимлари олиб кетаётган ёки тарқатаётган ҳолатни кўриш мумкин”, деб ёзади газета.

Режиссёр Саид Мухторов Кино вазири хонасида бошини деворга уриб ёрди

Режиссёр Саид Мухторов фильми намойишига рухсат бермагани учун “Ўзбеккино” агентлиги бош директори Отабек Мусаевнинг хонасида бошини деворга уриб ёрди (“Даракчи”, 10 август). Отабек Мусаевга кўра, у режиссёр С.Мухторовга фильмини Республика Маънавият ва маърифат марказига кўрсатиб кўришни таклиф қилган, аммо у кўнмаган. Суҳбатда айнан қайси фильм ҳақида сўз бораётгани очиқланмаган. “Кино бу санъат, профессионализм, шу боис ундан тадбиркорлик тушунчасини ажратиб ташлаш керак. Фильмини Алишер Навоий номидаги кинотеатрда намойиш қилишга рухсат олиш учун саноқсиз “режиссёр”лар келади. Лекин бирортасии кино моҳияти бўйича сўз очмайди. “Қарз олганман, қизимни узатишим керак” каби узундан-узоқ дардини дастурхон қилади. Мана бу ҳақиқий фожиа!” деган О.Мусаев. Қайд этилишича, айни пайтда кинодаги плагиатлик – ғоявий ўғирликларга қарши кураш ҳам долзарб аҳамият касб этган. “Ярим йил илгари плагиатликка қўл урган режиссёрнинг “Дайди” фильми намойишини тўхтатгандик. Ҳозиргача устимдан тегишли идораларга шикоят хати билан мурожаат қилади”, деган Ўзбекистон кино вазири.

XS
SM
MD
LG