Линклар

Шошилинч хабар
13 декабр 2018, Тошкент вақти: 00:48

OzodDayjest: Шароф Бошбеков театр соҳаси қўрқувдан қутулмаганини урғулади


Иллюстратив сурат.

Фарғонада университет ва ҳокимият масъуллари абитуриентларни ноқонуний йўллар билан ўқишга киритишга урингани фош этилди. Драматург Шароф Бошбековнинг янги пьесаси цензура қилинди. Олмалиқда 12 жон яшайдиган уйнинг бир хонаси жарга қулади.

_____________________________________________________________

Фарғона давлат университети ректори ёрдамчиси сохта абитуриентлар ёллагани фош қилинди

Фарғона давлат университети ҳамда Фарғона шаҳри ҳокими ёрдамчилари жиноий тил бириктириб, абитуриентларни университетга ноқонуний йўллар билан ўқишга киритишга урингани фош қилинди (“Ҳуқуқ”, 9 август). Исми ошкор этилмаган ректор ва ҳоким ёрдамчилари бир неча абитуриент билан келишиб, уларнинг ўрнига имтиҳон топшириб чиқиши учун университетнинг билимли талабаларини ёллашади. Икки масъул талабаларга сохта ҳужжат расмийлаштириб, абитуриентлар номидан имтиҳон топширишига шароит яратиб беради. Қайд этилишича, ҳуқуқ идоралари ўтказган тезкор тадбирда ҳар бир фандан тест топшириб чиқиш эвазига 500 доллардан пул ишлаб олмоқчи бўлган сохта абитуриентлар ва уларни ёллаган кимсалар ушланган. Ёрдамчиларнинг ушбу қилмишидан уларнинг бевосита раҳбарлари – ректор ва ҳоким хабардор бўлганми? Улар ҳар бир абитуриентдан қанча пул ишлашни мақсад қилган? Бу каби саволлар очиқланмаган.

Шароф Бошбековнинг янги пьесаси мутасадди ташкилотлар цензурасига учради

Атоқли драматург Шароф Бошбековнинг “Ер барибир айланади” деб номланган янги пьесаси Ўзбек давлат драма театрида саҳналаштирилди. Аммо муаллифнинг ўзи “Оила даврасида” нашрига берган интервьюсида айрим мутасадди ташкилотларнинг “илтимоси” билан асар жуда кўп қисқартириш ва ўзгартиришларга гирифтор этилганини маълум қилган. “Темир хотин” асари билан тилга тушган ижодкор театр соҳасида ҳали-ҳамон қўрқув борлигини қайд этган. “Театр репертуарини шакллантиришда ана шу қўрқувдан қутулишимиз керак. Ҳар шаклни – квадратми, тўғри тўртбурчакми, учбурчакми, трапециями – бурчакларини арралаб, ҳаммасини думалоқ шаклга келтиришга устаси фарангмиз. Шунинг учун ҳам барча асарларимиз дум-думалоқ. Биринчи варағини олиб қўйсангиз, ким ёзганини ҳам билмайсиз – ҳаммаси бир хил. Боиси охирги чорак аср мобайнида кўп мавзуларда қалам тебратиш тақиқланди”, деган Ш.Бошбеков.

Олмалиқ комбинати томонидан уюштирилган портлашлар оқибатида уйлардан бири жарга ўпирилди

Олмалиқ кон-металлургия комбинати ишчилари томонидан тоғда тинимсиз портлатиш ишлари олиб борилиши оқибатида шу яқин ҳудудда яшовчи Нигора Арслонованинг ҳовлиси хоналаридан бири жарга қулаган (“Оила даврасида”, 9 август). Портлатишлар оқибатида уй ойналари ҳам синиб тушган. Айни пайтда уч хонали уйнинг икки хонаси қолган. Ўртасидан бўз тортиб бўлинган икки хонали тор ва вайрона кулбада эса тўрт оила, жами 12 жон яшамоқда. Улардан 6 нафари норасидалардир. Хатарли жиҳати шундаки, қолган икки хона ҳам жарга қулаши мумкин. Уй эгаси Нигора Арслоновага кўра, ижара ҳақи қимматлиги боис ҳаёт учун хавфли бўлса-да, ушбу уйда яшашга мажбур бўлишмоқда. Хавфли уйда яшаётган оилалар Олмалиқ ҳокимига ер ажратишни сўраб мурожаат қилган, аммо ҳоким уларни қабул қилмаган. Портлашларни уюштирган Олмалиқ кон-металлургия комбинати хонадонга етказилган зарарни қоплагани ё қопламагани масаласига ойдинлик киритилмаган.

XS
SM
MD
LG