Линклар

Шошилинч хабар
18 сентябр 2019, Тошкент вақти: 04:53

OzodDayjest: ХТВ ҳижобли ўқувчиларга босим ўтказишга буйруқ берилганини рад этди


Иллюстратив сурат.

Президентнинг собиқ матбуот котиби ёзувчи-шоирларнинг сиёсатга аралашувини ютқизиқ, деб атади. Халқ таълими вазирлиги ҳижобли ўқувчиларга босим ўтказишга топшириқ берилганига оид хабарни рад этмоқда. Қорақалпоғистонлик оила бошлиғи хотинига 19 марта пичоқ урди.

_____________________________________________________________

Мурод Муҳаммад Дўст ёзувчи-шоирларнинг сиёсатга аралашувини ютқизиқ ўлароқ баҳолади

Кейинги чорак асрда ёзувчи ва шоирларнинг сиёсат билан машғул бўлганидан фақат сиёсат ютди, адабиёт эса ютқазди, деб ҳисоблайди таниқли адиб Мурод Муҳаммад Дўст (www.kun.uz, 29 август).

“Шоиру ёзувчиларнинг сиёсатга аралашганидан адабиёт ютқизди. Сиёсат ҳеч нарса ютқизгани йўқ, аксинча – ютди. Абдулла Орипов ёки Эркин Воҳидовларнинг миллионлаб мухлислари бор эди. Шу сабаб, уларнинг номлари сиёсий бозордаги недир эҳтиёж туфайли қисқа вақт ичида байроқ этиб кўтарилди, кейинроқ, янги байроқлар топилгач, яна пастга тушириб қўйилди”, деган у.

Бир пайтлар биринчи президент матбуот котиби лавозимида фаолият юритган адибга кўра, адабиёт аҳли билан сиёсат аҳлининг ўйлаш тарзи бир-бирига мос келмайди. “Сиёсатда маҳрамлик – ясоқ тушунча, ёт тушунча. Сиёсатда лутф кўп, лекин дўст йўқ. Дўстлик – камёб ва бебаҳо давлат, лутф эса жуда арзон, тўйда келин-куёв устидан сочиладиган қанд-қурс каби мўл... Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, сиёсат ёзувчи ёки шоирнинг ёинки олимнинг иши эмас”, деган Мурод Муҳаммад Дўст.

Ҳижобли ўқувчиларга босим ўтказишга топшириқ берилгани ҳақидаги хабар рад этилди

Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда тарқалган ҳижобли ўқувчиларга босим ўтказишга буйруқ берилгани ҳақидаги хабарни рад этди. “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги яқин вақт ичида бу ёки бошқа масала юзасидан хусусий мактаб раҳбарлари билан ҳеч қандай мажлис ўтказмаган”, дейилади вазирлик баёнотида.

Гап шундаки, бир неча кун аввал Facebook тармоғида Тошкент шаҳридаги хусусий мактаб раҳбарлари халқ таълими вазирлигига чақиртирилгани ҳақида овоза тарқалди. Унга кўра, президент девони ва дин ишлари бўйича қўмита расмийлари иштирок этган йиғилишда хусусий мактаб директорларидан янги ўқув йилида мактабга ҳижобда келадиган ўқувчи қизларни ота-онасига босим ўтказиш талаб қилинган.

Хотинига 19 марта пичоқ урган эркакка нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманида яшовчи эркак хотинини шафқатсизларча ўлдирди (“Даракчи”, 29 август). Қайд этилишича, воқеа 11 август – Қурбони ҳайити куни рўй берган. Исми ошкор этилмаган эркак аёли билан жанжаллашиб қолади. Ғазабга минган эр хотини ухлаб ётган пайтда унга 19 маротаба пичоқ билан зарба беради. Аёл Хўжайли туман касалхонасида вафот этади. Қотилликда айбланаётган эрга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси бўйича иш очилган. Терговни Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси назоратга олган. Қайд этилишича, ушбу оиланинг 4 ва 1 ёшли қизлари бор. Улар ҳозирда марҳума туғилиб ўсган уйда. Икки қизалоқ онасига нима бўлганидан бехабар.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG