Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:01

OzodDayjest: Юқори мансабларни 300 минг долларгача пуллаган жиноий гуруҳ фош қилинди


Ўзбекистонда юқори мансабларни катта пулга сотган жиноий гуруҳ фош этилди. Вазир ўринбосари экспорт-импорт бўйича назорат кучли эканидан ёзғирди. Самарқандда 8 ойда 12 та оналар ўлими қайд этилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Юқори мансабларни юз минглаб долларга сотган жиноий гуруҳнинг таноби тортилди

Ўзбекистонда юқори давлат мансабларини катта миқдордаги хорижий валютага пуллаган жиноий гуруҳ фош этилди (“Ҳуқуқ”, 6 сентябрь). Бош прокуратура алоҳида муҳим ишлар бўйича катта терговчиси Улуғбек Аҳмедовга кўра, жиноий гуруҳ таркибида юқори идораларнинг мансабдорларидан тортиб оддий фуқароларгача жамланган. Улар асосан юқори мансабларни эгаллаш ниятида бўлган даъвогарлар ишончига кириб, катта миқдорда пул ундирган. Масалан, “Самарқандпахтасаноат” ҳудудий акциядорлик бирлашмаси бошқаруви раиси лавозими – 300 минг доллар, Нарпай тумани ҳокимлиги – 100 минг доллар, Сиёб тиббиёт коллежи директори вазифаси ҳам 100 минг долларга баҳоланган. Даъвогарлар жиноий гуруҳга талаб қилинган жуда катта миқдордаги суммани берган, аммо мансабга эришолмаган. Мазкур жиноий гуруҳ аъзоларининг таноби тортилгани хабар қилинган, аммо ишга оид бошқа тафсилотлар очиқланмаган.

Вазир ўринбосари: Давлатнинг иқтисодиётга аралашуви юқорилигача қолмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги либерал-демократик партия фракцияси Иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаевни эшитувга чақирди (“Жамият”, 31 август). Эшитув жараёнида сармоя салоҳиятини ошириш масаласи муҳокама этилган. Хусусан, вазир ўринбосари Ўзбекистондан маҳсулот экспорт қилиш учун чегара ва божхона назоратига 112 соат ҳамда 278 доллар сарфланишига эътибор қаратди. Ваҳоланки, бу кўрсаткич Европада 28 соат ҳамда 191,4 долларни ташкил этади. Импортни расмийлаштиришга сарфланадиган вақт ва харажат ҳам экспортникидан қолишмайди. “Инвестицияни давлат томонидан бошқаришда ҳамон ҳукумат ташкилотлари таъсир доирасининг кучли экани ва бозор иқтисодиётининг замонавий механизмларидан фойдаланиш даражасининг сустлиги туфайли давлатнинг иқтисодиётга аралашуви юқорилигача қолмоқда”, деган М.Мирзаев. Қайд этилишича, давлат иштирокида бизнес тузилмалар ташкил этишни чеклаш, давлатнинг айрим функцияларини хусусий секторга ўтказиш ҳам долзарб вазифа саналади.

Туғруқ пайти вафот этган аёлнинг яқинлари шифокорларни айбламоқда

Самарқанд шаҳридаги 4-сонли туғруқхонада 20 ёшли Саодат Содиқова фарзандини дунёга келтириш пайти вафот этди (“Даракчи”, 6 сентябрь). Ургутда яшаган Саодат Содиқова биринчи фарзандини қийналиб туққан. Шу боис яқинлари иккинчи бор туғиш арафасидаги аёлни Самарқанд шаҳридаги янги тиббий ускуналар билан жиҳозланган туғруқхонага олиб боришган. Саодат фарзандини дунёга келтирган, аммо кўп ўтмай ўзи ҳам, фарзанди ҳам вафот этган. Шифокорлар марҳумага қон ивувчанлигининг бузилиши ташхисини қўйган. Марҳуманинг онаси Нуржаҳон Содиқова қизи ва невараси шифокорлар айби билан нобуд бўлгани, чунки улар вақтида операция ўтказмаганини айтган. Қайд этилишича, мазкур туғруқхонада айни шундай фожиа 30 июль куни ҳам рўй берган. 27 ёшида илк фарзандини дунёга келтирган Гулноза Хуррамова орадан уч кун ўтиб вафот этган. 2018 йилнинг 8 ойида Самарқанд вилоятида 12 та оналар ўлими кузатилган.

XS
SM
MD
LG