Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:43

OzodDayjest: Сурхондарёда хонавайрон бўлаётган фермерларга масъуллар ёрдам бермаяпти


Адлия тизимида ўнлаб раҳбар ишдан бўшатилди. Милиционерларга пора таклиф қилаётганлар ушланмоқда. Пиёз эккан сурхондарёлик фермерлар хонавайрон бўлиш арафасида турибди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Адлия вазири қўл остидаги ходимлар халққа қўлини кўксига қўйган ҳолда хизмат қилиши кераклигини айтди

Адлия вазирлигида ўтган йиғилишда қўпол хато ва камчиликларга йўл қўйган бўлимлар жиддий танқид қилинди (“Инсон ва қонун”, 11 сентябрь). Жумладан, ишига масъулиятсиз ёндашган 15 нафар туман адлия бўлим бошлиғи лавозимидан озод этилди. 50 дан ошиқ адлия ходимига ҳайфсан ёки огоҳлантириш берилди. Адлия вазири Руслан Давлетов тизим ходимлари халққа қўлини кўксига қўйган ҳолда хизмат қилиши лозимлини таъкидлади. Қайд этилишича, вазирдан тортиб оддий ходимгача масъулиятни ҳис қилиб, юклатилган вазифаларни виждонан бажариши шарт.

Милиция ходимларига пора таклиф этган ватандошлар қўлга олинмоқда

Ички ишлар ходимларига пора таклиф этаётган ватандошларга жиноий иш қўзғатилмоқда (“Постда”, 12 сентябрь). Жумладан, Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида яшовчи 60 ёшли киши фоҳишахонага борган пайтда милиция таянч пункти инспектори Азизбек Долимов томонидан ушланган. Кекса киши қуда-анда ва қариндошлари олдида иснодга қолмаслик учун ишни босди-босди қилиш эвазига милиция ходимига 500 минг сўм пора таклиф қилган. Майор А.Долимов эса бу ҳақда раҳбариятга билдирги ёзган ва пора таклиф қилган ватандошга жиноий иш очилган. Наманган вилояти ИИБ йўл-патрул хизмати нозири Умид Абдулатипов, ушбу вилоят ЙҲХБ бўлинма бошлиғи Шавкат Эргашев ҳам ўзларига пора таклиф қилган шахслар ҳақида прокуратурага хабар беришган ва улар жиноят устида ушланган. Қайд этилишича, порага алданмаган тизим ходимлари раҳбарият томонидан рағбатлантирилмоқда.

Сурхондарёда пиёз эккан фермерлар хонавайрон бўлиш арафасида

Сурхондарё вилояти туманларида “Ўзагроэкспорт” ширкатининг ваъдаларига ишониб пиёз эккан ўнлаб деҳқонлар хонавайрон бўлиш арафасида турибди (“XXI аср”, 13 сентябрь). Ширкат фермерлар етиштирган барча маҳсулотни сотиб олиб, хорижга экспорт қилишга сўз берган. Аммо ҳосил пишгач, ширкат турли баҳоналар билан ваъдасини бажаришдан бўйин товлаган. Ҳозирга қадар вилоят бўйича минглаб тонна пиёз чириб кетди, минглаб тоннаси деҳқоннинг зарарига сувтекинга тарқатиб юборилди. Айни пайтда эса Деновда 15 минг тонна, Қизириқда 7 минг тонна, Шерободда 8,7 минг тонна, Жарқўрғонда 8 минг тонна, Шўрчида 7,8 минг тонна пиёз харидорини кутмоқда. Аммо масъуллар муаммо ечими борасида кўмак кўрсатмаётир. Бу кетишда эса яна ўнлаб фермер хонавайрон бўлиши мумкин.

XS
SM
MD
LG