Линклар

19 феврал 2018, Тошкент вақти: 08:57

OzodDayjest: “Ўзбек жамияти нарциссизм – ўз-ўзига маҳлиёлик касалига чалинган”


Микеланжелонинг "Нарцисс" асари (иллюстратив сурат).

Ички ишлар ходимлари мардикорларга жиноятчи каби муносабатда бўлмоқда. Ўзбек матбуоти сохтакор амалдорларни пойабзал ичидаги йиртиқ пайпоқларга ўхшатди. Ногиронлар жамияти мутасаддиси Ўзбекистонда дуч келинаётган муаммолар ҳақида гапирди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

_____________________________________________________________

Матбуот: Ички ишлар ходимлари қачонгача мардикорларга жиноятчи каби муносабатда бўлади?

Тошкент шаҳри Қўйлиқ мавзесидаги мардикор бозорига уч-тўрт сўм топиш илинжида келган ватандошларнинг ички ишлар ходимлари томонидан ушлаб кетилиши ва жаримага тортилиши одатга айланган (“Оила даврасида”, 25 январь). Ички ишлар ходимлари асосан вилоятлардан келган мардикор йигитларни “прописканг йўқ” деган важ билан автобусга босиб олиб кетади ва пировардида жаримага тортади. “Яшнобод тумани Вақтинчалик ишларни ташкил этиш бюросидан 2017 йил 22 ноябрь куни бир ойлик рухсатнома олдим. Афсуски, ички ишлар ходимлари қўлимда шу ҳужжат борлигига қарамасдан мени ушлаб олиб кетди ва 86 минг сўм жарима солди. Энди ўйланг: ўзи ҳар доим иш бўлавермайди. Бунақада биз рўзғор тебратамизми ёки жарима учун ишлаймизми? Ўз яшаш жойимизда иш бўлмаса, қаерга борайлик? Ёки бошқаларга ўхшаб чет элга кетайликми?” деган пропискасиз ватандош Тоштемир Сувонов. Косон туманидан Тошкентга иш излаб келган Собир Қўлдошев эса Яшнобод тумани ИИБ ходимлари мардикорларга жиноятчи каби муносабатда бўлишидан арз қилган.

Сохтакор мансабдорлар “пойабзал ичидаги йиртиқ пайпоқлар”га ўхшатилди

Нарциссизм – ўз-ўзига маҳлиёлик бугунги кунда Ўзбекистон тараққиётига тўсиқ бўлиб турган асосий муаммолардан бири саналади. Бу ҳақда “Даракчи” газетасида эълон қилинган мақолада сўз боради. “Надоматки, бугун атрофимизга, жамиятга назар солсак, телеканалларимизни кузатсак, марказий нашрларимизни ўқисак, биз ҳақиқатда нарциссизм касаллигига дучор бўлганимизни кўрамиз. Ҳануз ўзимизга маҳлиё бўлиш, ўз тарихимиз билан фақатгина ғурурланиш, ўзимизни мадҳ этиш, сохта обрў орттириш билан бандмиз”, дейилади мақолада. Шунингдек, мақолада маҳаллий ҳокимият тизимидаги тадбирбозлик ва кўзбўямачилик танқид қилинган. Сохтакор амалдорлар эса пойабзал ичидаги йиртиқ пайпоқларга ўхшатилган. “Жаноблар, сиз масъул ҳудудда одамлар йод танқислиги, оз фоизда бўлса-да, тўйиб овқатланмаслик, силдан азият чекаётир. Ҳомиладор қизларимиз, оналаримиздаги камқонлик кўрсаткичи йилдан-йилга ошиб бормоқда”, дейилади мақолада. Газета маҳаллий мансабдорларни эйфорияни тарк этиб, муаммоларни ҳал этиш йўлида амалий ҳаракат қилишга ундаган.

Ўзбекистонда БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси 2009 йилдан бери муҳокамада, аммо ҳануз қабул қилинмади

Ўзбекистонда БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси 2009 йилдан бери муҳокама қилинмоқда, аммо шу кунгача мазкур ҳужжат ратификация қилинмади (“Жамият”, 19 январь). Бу ҳақда Ўзбекистон ногиронлар жамияти раиси ўринбосари Ойбек Исоқов маълум қилган. Исоқов нодавлат нотижорат ташкилотлар дуч келаётган муаммоларга ҳам эътибор қаратган. “Нодавлат нотижорат ташкилотлар олдида ҳали тўсиқлар талайгина. Масалан, ННТдан турли ҳисоботлар талаб қилинади. Улар ўтириб ҳисобот ёзсинми ёки ўз йўналиши бўйича аҳоли билан ишласинми? Қоғозбозликка барҳам бериш керак... ННТни рўйхатдан ўтказишда бир дунё ҳужжат сўралади. Уч йилдан буён рўйхатдан ўтолмай юрган ташкилотлар бор”, деган ногиронлар жамияти раиси ўринбосари О.Исоқов.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG