Линклар

Шошилинч хабар
15 декабр 2019, Тошкент вақти: 20:39

OzodDayjest: Тармоқда экстремистик роликларга “класс” босган аёл жазоланди


Иллюстратив сурат.

ФВВнинг ностандарт печлар борасидаги огоҳлантириши журналистларга фойдасиз кўринди. Ижтимоий тармоқдаги экстремистик роликларга “класс” босган самарқандлик аёл судланди. Андархонда миллиардлаб сўмлик молни чегарадан ноқонуний ўтказишга уринган божхоначилар жазоланди.

_____________________________________________________________

ФВВ огоҳлантириши Ҳожибой Тожибоевнинг латифасига ўхшатилди

Айни кунларда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ватандошларга ис газидан эҳтиёт бўлиш, ностандарт печлардан фойдаланмаслик борасида огоҳлантиришлар юбормоқда (“Оила даврасида”, 24 январь). Газетага кўра, бу каби огоҳлантиришлардан барибир фойда йўқ. Сабаби, аксар ўзбекистонликлар айни вақтда эътиборсизлик туфайли эмас, балки иложсизликдан ностандарт печлардан фойдаланмоқда. Оқибатда эса даҳшатли ёнғинлар келиб чиқиб, одамлар нобуд бўлмоқда. Газетага кўра, одамлардан ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилишни талаб қилишдан аввал хонадонларни етарлича иссиқлик манбалари билан таъминлаб қўйиш керак. “Акс ҳолда, шоир айтганидек, тишсиз аррани зўр бериб тортиш билан ўзимизни худди ишлаётгандек қилиб кўрсатишдан ҳеч ким манфаат топмайди. Бу ёлғонимизга табиийки, ҳеч кимни ишонтира олмаймиз. Ва аксинча, халқнинг ишончини кундан-кун йўқотиб бораверамиз”, дея мутасаддиларни кўзини очишга ундайди газета. Мақолада ёзилишича, ФВВнинг ностандарт печлар борасидаги огоҳлантириши марҳум қизиқчи Ҳожибой Тожибоевнинг қаҳрамони – фарзандини “Борма, куясан...” дея тартибга чақирган совуққон онани ёдга солади.

Самарқандлик аёл “Одноклассники”даги фаолияти боис маҳкамага тортилди

“Одноклассники” ижтимоий тармоғида рўйхатдан ўтиб, диний экстремизм ғоясига йўғрилган материалларни кўрган аёл жазоланди (“Ҳуқуқ”, 24 январь). Бу ҳақда Самарқанд шаҳри прокуратураси вакили Абдулла Султонов маълум қилган. Исми ошкор этилмаган аёл “Одноклассники” орқали “Мужоҳид”, “Абу Муваҳҳид”, “Қасос қалбда ёнади” каби профилдаги шахслар билан ёзишмалар олиб борган. Сурия ва Ироқдаги қўпорувчиликлар акс этган видеороликларни томоша қилган ҳамда “класс” босиш йўли билан тарқатган. Қайд этилишича, маҳкама жараёнида аёл қилган ишидан пушаймонлигини билдирган. Суд унга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлаган. Жиноий ишга оид бошқа тафсилотлар очиқланмаган.

Миллиард сўмлик ноқонуний товарни чегарадан ўтказишга уринган божхоначиларга ҳукм ўқилди

Фарғона вилояти Божхона бошқармаси Андархон чегара постида катта инспектор лавозимида ишлаб келган 44 ёшли М. Каримов ва 32 ёшли Д. Йўлдошев миллиардлаб сўмлик ноқонуний товарни чегарадан ўтказишга уринганда қўлга олинган эди. “Даракчи” нашри хабарига кўра, икки божхона нозири ноқонуний товар ортилган, Тожикистондан кириб келаётган “Исузу” юк машинасини манфаатдорлик эвазига чегарадан кўриксиз ўтказмоқчи бўлган. Кўриксиз ўтаётган машина чегарачиларда шубҳа уйғотган ва текширувда машина ичида 1 миллиард 143 миллион сўмлик тамаки маҳсулотлари борлиги аниқланган. Сўнгра икки божхона расмийсига жиноий иш очилган. Жиноят ишлари бўйича Фарғона туман суди раиси Фаррух Абдураимовга кўра, икки нозир 3 йил муддатга божхона идораларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, уларга энг кам ойлик иш ҳақининг 450 баравари миқдорида жарима тайинланган.

OzodTa'sir

XS
SM
MD
LG