Линклар

Шошилинч хабар
24 январ 2021, Тошкент вақти: 01:49

Наманганлик йигит хотинининг жазманини ўлдирди


Наманганлик фуқаро хотинини йўлдан урган кимсани тириклайин каналга чўктирди. Фарғонада одамларни Кореяга ишга жўнатиш ваъдаси билан алдаган шахс ушланди. Хонанда Шаҳзоданинг Москвадаги “концерт”ига қалбаки чипталар сотилмоқда.

________________________________________________________________

Наманганлик фуқаро хотинининг жазманини сувга отди

Наманган шаҳрида яшовчи фуқаро шаръий никоҳида иккинчи хотини хиёнат қилгани боис қотил жиноятига қўл урди (“Ҳуқуқ”, 26 январь). Қайд этилишича, гулдек оиласи ва тўрт нафар шириндан-шакар фарзанди бўлган олий маълумотли эркак янги ишқий саргузашт истаб, 1992 йилда Наманганда туғилган қиз билан учрашиб юради, сўнг уни шаръий никоҳига олади. Аммо вақт ўтиб у иккинчи хотин бошқа бир эркак билан дон олишиб юргани маълум бўлади. Эркак хотинини йўлдан урган шахсдан қасос олишга аҳд қилади ва 2015 йил 8 август куни аёлининг жазманини дўсти ёрдамида аввал роса дўппослаб, сўнг қўл-оёғини маҳкам боғлаб, Норин тумани ҳудудидан оқиб ўтган Катта Андижон каналига тириклайин ташлаб юборади. Жасад орадан бир ҳафта ўтиб, 2015 йил 16 август куни каналнинг Балиқчи туманидан оқувчи қисмидан топилган. Қайд этилишича, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари қотилликни тез фурсатда очишга эришган ва айбдорлар узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Фарғонада Кореяга ишга жўнатиш ваъдаси билан одамларни чув туширган сохта фирма раҳбари ушланди

Фарғона вилоятида Жанубий Кореяда иш ваъда қилиб, одамларнинг ишончига кирган ва уларнинг катта миқдордаги пулларини ўзлаштирган фирибгарлар ушланди (“Постда”, 21 январь). Исми ошкор этилмаган фуқаро сохта фирма очиб, Кореяда ишлаш истагидаги фуқароларни чув тушириш билан шуғулланган. Фирибгар ҳужжатларни Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги тасдиғидан ўтказиш баҳонаси билан Кореяда ишлаш истагидаги фуқаролардан 1000 доллардан 3000 долларгача пул ундирган. Даромадлар ҳақида банкдан маълумотнома олиш учун эса 100 ёки 200 АҚШ доллари олган. Шу тариқа исми ошкор этилмаган шахс сохта фирма орқали 20 га яқин фуқарога фириб берган. Қайд этилишича, ушбу жиноий гуруҳга банк ходими ҳам кўмак берган. Жиноий ишга оид бошқа тафсилотлар очиқланмаган. Айтилишича, айбдорлар қонунга мувофиқ жазоланган.

Хонанда Шаҳзода мухлисларини қалбаки чипталардан огоҳлантирди

Хонанда Шаҳзода Москвада концерт бериши ҳақида ёлғон хабар тарқатилиб, қалбаки чипталар сотилмоқда (“Даракчи”, 26 январь). Хонанданинг маъмури Даврон Муқимов мухлисларни қалбаки чипталарга алданиб қолмасликка чақирган. Айни пайтда Дубайда ҳордиқ чиқараётган Шаҳзоданинг ўзи ижтимоий тармоқда “Азизларим, бу ёлғон хабар. Мен Москвада концерт беришни режалаштирганим йўқ” дея одатдагидек русча муносабат билдирган. Россияда қалбаки чипта чиқариб, мухлисларни алдаётган шахслар хусусида маълумот берилмаган.

XS
SM
MD
LG