Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:00

OzodDayjest: Хоразмда муштумзўр келин 80 ёшли қайнонасини дўппослаб ўлдирди


Боғотлик келин кекса қайнонасини калтаклаб ўлдирди. Ўзбек жамоатчилиги орасида лотин ва кирилл ёзувлари борасида баҳс давом этмоқда. Маданият вазири “Ўзбекистонда рақс санъати жар ёқасида келиб қолган”идан баҳс этди.

_____________________________________________________________

Хоразмлик кекса қайнона муштумзўр келинининг қийноқларидан вафот этди

Хоразм вилояти Боғот туманида яшовчи Анбаржон Мадримова қайнонаси – 80 ёшли Шукуржон Норметовани калтаклаб ўлдирди. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Боғот туман суди раиси Эрпўлат Бердиев “Даракчи” нашрига маълум қилган. Қайд этилишича, 2001 йилда Норметовлар хонадонига келин бўлиб тушган А.Мадримова йиллар давомида қайнотаси ва қайнонасини ҳақоратлаб келган. Бу орада қайнотаси вафот этган. Эри чет элга кетгач эса у ёлғизланиб қолган кекса қайнонасини оч қолдириб, дўппослаб келган. Шукуржон Норметова ўғли ва невараларини яхши кўргани боисгина бу азобларга чидаган. Муштипар аёл муттасил қийноқларга дош беролмаган. Жорий йил 26 июнь куни А. Мадримова қайнонасини яна калтаклаб, тепкилаган. Оқибатда кекса аёл вафот этган. Хабар берилишича, қотилликда айбланган А. Мадримовага 6 йил 8 ой муддатда тегишли тартибда жазо тайинланган.

Ўзбек жамоатчилиги: Икки ёзувлилик қачонгача давом этади?

Ўзбек жамоатчилиги орасида лотин ва кирилл графикаси борасида мунозаралар давом этмоқда (“Жамият”, 29 сентябрь). Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида яшовчи Қудрат Турсунга кўра, айни пайтда кирилл алифбосига қайтиш катта хато бўлади. Чунки 24 йил давомида лотин алибфосида саводи чиққан бутун бошли авлод тарбияланди. Тошкент шаҳри Олмазор туманида яшовчи Чарос Сувоновага кўра, ўтган асрда лотин ёзуви жорий этилганда ҳатто кексалар чойхона ва маҳалла гузарларига чиқиб янги алифбони ўрганган, ҳозир ҳам халқ учун лотин алифбосини ўрганиш муаммо бўлмайди. “Айни кунда жамиятимиз лотин алифбосини чала ярим билиб, асосан кирилл алифбосидан фойдаланадиган катта авлод, икки алифбони баробар қўллайдиган ўрта авлод ҳамда лотин алифбосидан фойдаланадиган ёш авлод каби уч тоифага ажралиб қолган. Менимча, лотин алифбосига буткул ўтиш пайти аллақачон келган. Ахир қачонгача икки кемада баробар сузамиз ва бу билан охир-оқибат нимага эришамиз?” деган Бухоро вилояти Олот туманида яшовчи Қутлибека Бектурдиева.

Маданият вазири: Ўзбек рақс санъати жар ёқасида

Ўзбекистонда рақс санъати жар ёқасида келиб қолган, деб ҳисоблайди мамлакат маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев (“Даракчи”, 5 октябрь). Рақс санъатининг нуфузи тушиб кетган, ҳудудларга хос услублар қоришиб, рақснинг миллий хусусиятлари йўқолиб бормоқда. Кейинги йилларда ташкил этилган қанчадан-қанча ансамбллар йўқ бўлиб кетди. Соҳани ривожлантириш бўйича қабул қилинаётган қарорлар эса қоғозда қолмоқда. “Охирги ўн йилликда Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактабини кўплаб раққосалар тамомлади. Аммо бугунги куннинг Қизлархон Дўстмуҳаммедова, Малика Аҳмедова, Маъмура Эргашеваси, умуман яккахон раққосалари йўқ. Раққосаларни ким ўқитяпти ва улар қаерга ғойиб бўлишяпти?” деган Маданият вазири. Таъкидланишича, айни пайтда миллий рақсни ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш лозим.

XS
SM
MD
LG