Линклар

Шошилинч хабар
24 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:59

OzodDayjest: Фарғонада болалар ҳақига хиёнат қилган боғча мудиралари қўлга олинди


Ўзбекистондаги боғчалардан бири (иллюстратив сурат).
Ўзбекистондаги боғчалардан бири (иллюстратив сурат).

Фарғонада бир неча боғча мудираси болалар ҳақига хиёнат қилиб келгани фош этилди. Бухорода шифокорлар айби билан чақалоқ нобуд бўлди. Тошкент вилоятида бой хонадонга мардикор қиёфасида кириб, эр-хотинни ўлдирган қотил умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Фарғонада болалар ҳақига хиёнат қилган боғча мудиралари ушланди

Фарғона вилояти Бешариқ туманидаги бир неча мактабгача таълим муассасаси раҳбарлари болалар ҳақига хиёнат қилиб, миллионларни ўзлаштиргани фош этилди (“Ҳуқуқ”, 19 октябрь). Масалан, тумандаги 37-боғча мудираси Р.Яхшиева хўжалик ишлари мудири ва таъминотчи билан тил бириктириб, 26,5 миллион сўмлик ун, сариёғ, гўшт каби маҳсулотларни ўзлаштирган. 33-мактабгача таълим муассасаси мудираси Иқболой Мирзаева эса 15,9 миллион сўмлик болалар ризқига чанг солган. Шу каби жиноятлар 21 ҳамда 30-мактабгача таълим муассасасида ҳам аниқланган. “Мактабгача таълим муассасасида юқоридаги каби қонунни назар-писанд қилмайдиган кимсаларга ўрин бўлмаслиги керак”, деб ёзади прокуратура расмий нашри.

Бухорода шифокорлар айби билан чақалоқ нобуд бўлди, операция қилинган бемор ҳушидан кетди

Бухоро вилояти Шофиркон тумани шифохонаси акушер-гинекология бўлими ходимларининг эътиборсизлиги боис чақалоқ нобуд бўлди (“Ҳуррият”, 18 октябрь). Туғруққа қадар текширувларда натижалар ижобий чиққан, аммо сўнгги паллада исми ошкор этилмаган хомиладор аёлнинг қон босими кўтарилиб кетган. Қийналиб туғилган чақалоқ аранг нафас олган, боз устига она йўлдошидаги лойқаланган сув боланинг ўпкасигача етиб борган ва у 3-4 соат ичида жон берган. Қайд этилишича, акушер-гинекология бўлими шифокорлари туғруққа қадар текширувларни юзаки ўтказган ва хомиладор аёлнинг қон босими ошиши эҳтимолига ҳам эътибор қаратмаган. Шофиркон туманида шифокорларнинг уқувсизлиги биринчи ёки иккинчи бор кузатилаётгани йўқ. Масалан, Нигора Оқилжонова миома ташхиси билан операция қилинган. Бемор уйига келганидан кейин гемоглабин миқдори тушиб, ҳушидан кетган. Кейин маълум бўлишича, жарроҳлик амалиётидан кейин икки-уч нина жой тикилмай қолган экан.

Тошкентда мардикор қиёфасида уйга кириб, эр-хотинни ўлдирган қотил умрбод қамалди

Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туманида эр-хотинни шафқатсизларча ўлдириб, уларга тегишли бойликларни ўғирлаб кетган шахсга умрбод қамоқ жазоси тайинланди, деб хабар беради туман прокурори Ғанишер Абдусаломов “Ҳуқуқ” газетаси орқали. Исми ошкор этилмаган шахс тумандаги бадавлат оилага мардикор сифатида кирган. Уй эгаларининг ундан шубҳаланмаслигидан фойдаланиб, аввал хонадон соҳибини, кейин унинг рафиқасини шафқатсизларча ўлдирган. Сўнгра қимматбаҳо буюмлар, зеб-зийнат моллари, 82 минг АҚШ доллари, 7 миллион сўм ҳамда “Спарк” машинасини ўғирлаб кетган. Хабар қилинишича, қотиллик икки кунда фош этилган. Қотилликни содир этган йигит аввал уч марта судлангани қайд этилган. Жиноят ишига оид бошқа тафсилотлар очиқланмаган.

XS
SM
MD
LG