Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:22

OzodDayjest: Амалдорлар давлат тилига ҳали-ҳануз беписанд


Ўзбекистонда ўзбеклар орасида фарзандини рус мактабига бериш ҳалигача урф бўлиб қолмоқда (иллюстратив сурат).
Ўзбекистонда ўзбеклар орасида фарзандини рус мактабига бериш ҳалигача урф бўлиб қолмоқда (иллюстратив сурат).

Ўзбекистонда ўзбек тили давлат тили ўлароқ ҳали-ҳануз қонуний мақомини олмагани урғуланди. Цензура билан шуғулланаётган “Ўзбекконцерт”ни тарқатиб юбориш талаб қилинди. Наманган ҳокими вилоятда юзлаб мактаб иситилмаётганини эътироф этди.

_____________________________________________________________

Ўзбекистонлик мулозимларнинг давлат тилига беписандлиги қораланди


Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 30 йил тўлмоқда, аммо ўзбек тили ҳали-ҳануз ушбу қонуний мақомини эгаллагани йўқ (“Даракчи”, 17 октябрь). “Хорижий элчихоналар томонидан ўтказиладиган анжуманларда элчилар қийналиб бўлса-да, ўзбек тилида гапирганига кўп бора гувоҳ бўлганмиз. Аммо бундай тадбирларда иштирок этган ўзимизнинг мутасаддилар кўпинча бошқа тилларда чиқиш қилишни афзал кўришади”, деб ёзади газета. Қайд этилишича, кўпгина давлат муассасаларининг ҳужжатлари рус тилида қабул қилинмоқда. Ўзбеклар орасида фарзандини рус мактабига бериш ҳам урфга кирган. Газета она тилини асраб-авайлаш лозимлиги, акс ҳолда, нафақат тил, балки миллат келажаги ҳам хавф остида қолишидан огоҳлантирган.

“Ўзбекконцерт”ижтимоий тармоқларда кескин танқидларга нишон бўлди


“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси 14 октябрь куни хонанда Жаҳонгир Отажоновнинг лицензиясини бекор қилди. Кўп ўтмай, хонанданинг лицензияси тикланган бўлса-да, мазкур муассаса ижтимоий тармоқларда кескин танқидларга нишон бўлди.

“Ўзбекконцерт” томонидан хонандалар лицензиясининг бекор қилиниши халқаро ҳуқуқий меъёрларга, шунингдек, мамлакат қонунчилигига зид ҳолат. Зеро, ҳуқуқий демократик давлатда ҳар қандай лицензия фақат суд қарори билан бекор қилинади. Аслида, бу “услуб” собиқ шўро давридан мерос қолган ва айни пайтда ундан воз кечиш фурсати етган”, деб ёзди Олий суднинг собиқ матбуот котиби Олимжон Ўсаров.

“Назаримда, “Ўзбекконцерт” – ғирт паразит ташкилотлардан бири. Жамиятга абсолют фойдаси йўқ. Бу ҳам Оруэллнинг машъум “Ҳақиқат вазирлиги” каби… Агар биз цензурага қарши курашмоқчи бўлсак, ишни сўз эркинлигини кафолатлаш билан бир қаторда шу паразит ташкилотни йўқотишдан бошлашимиз керак”, деб ёзди блогер Нурбек Алимов.

“Ўзбекконцерт” Мадоннага қариш ва тор либослар кийишни тақиқлади”, дея киноя қилди журналист Никита Макаренко.

Умуман, аксар блогерлар санъат соҳасида цензура билан шуғулланаётган “Ўзбекконцерт” фаолияти Конституцияга зид экани, уни тарқатиб юбориш лозимлигини таъкидлади.

Ҳоким Намангандаги 700 та мактаб иситилмаслигини тан олди


Наманган вилоятида таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида муаммолар сақланиб қолмоқда (www.daryo.uz, 13 октябрь). Бу ҳақда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров парламентнинг юқори палатаси – Сенатдаги чиқишида маълум қилган. Жумладан, болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш борасидаги кўрсаткич вилоят бўйича 43 фоизни ташкил этмоқда.

Умумтаълим мактабларида қатор фанлар бўйича олий маълумотли ўқитувчилар етишмайди. Қайд этилишича, 705 та умумтаълим мактабидан бор-йўғи 5 таси марказлашган иссиқлик тармоғи билан таъминланган. “11 та мактабда қўшимча ўқув бинолари қуриш, 16 та мактаб биносини мукаммал таъмирлаш талаб этилади”, деган вилоят раҳбари.

Бундан ташқари, вилоятдаги соғлиқни сақлаш муассасаларида 210 нафарга яқин тор доирадаги мутахассисларга ва 250 нафардан зиёд умумий амалиёт шифокорларига эҳтиёж мавжуд.

XS
SM
MD
LG