Линклар

OzodDayjest: Солиқ идораси хизмат ҳақини долларда олаётган хонандаларни жазоламоқда


Ўзбекистонда автомобилларнинг ёниб кетиш ҳоллари кўпаймоқда. Ногирондан пора сўраган амалдор қамалди. Солиқ идораси хизмат ҳақини долларда олаётган хонандаларга қарши рейдлар ўтказмоқда. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

ИИВ нашри: Автомобиллар ёниб кетиши кўпайиб бораётгани ташвишланарлидир

Ўзбекистонда автомобилларнинг ёниб кетиши ҳоллари кўпайиб бормоқда ва бу ҳол ташвишланарлидир (“Постда”, 21 октябрь). Мамлакат бўйича ўтган ҳафта 200 га ёнғин рўй берган бўлиб, уларнинг маълум қисми автомобиллар билан боғлиқ. Автомобилларнинг ёнишига эса асосан электр ўтказгич симларининг қисқа туташуви сабаб бўлмоқда. “Тошкент ДЭУ центр” масъулияти чекланган жамиятида ўтказилган профилактик тадбирда ИИВ ЁХББ бўлим бошлиғи, подполковник Ғофур Пўлатов қатнашиб, бу борада ҳушёр бўлишга чақирган.

Ногирондан пора сўраган мансабдор 5 йилга қамалди

Наманган вилояти Учқўрғон туманлараро тиббий меҳнат эксперт комиссияси раиси ногиронликни белгилаш учун пора талаб қилгани боис 5 йилга озодликдан маҳрум этилди (“Ҳуқуқ”, 26 октябрь). 2007 йилдан бери жигар церрози билан оғрийдиган беморнинг онаси фарзандига 2-гуруҳ ногиронлигини белгилашни сўраб комиссияга мурожаат қилган. Комиссия раиси – исми ошкор этилмаган мансабдор тиббий хулоса ва ҳужжатлар етарли эканига қарамай, қўшимча текширув ўтказилишини айтган ва шундоқ ҳам қийналиб юрган онадан 400 минг сўм пора талаб қилган. Комиссия раиси порани олаётганда ушланган.

Хизмат ҳақини долларда олаётган хонандалар жазоланади

Солиқ идораси Ўзбекистон Президентининг валюта соҳасини тартибга солишга оид фармони ижроси юзасидан хизмат ҳақини долларда олаётган хонандаларни аниқлаш мақсадида рейдлар ўтказмоқда (“Даракчи”, 26 октябрь). Масалан, Андижон шаҳри давлат солиқ инспекцияси буйруғи билан ўтказилган рейдда Асака туманида яшовчи уч ватандош тўй маросимидаги хизмат ҳақи учун хонандаларга 200 доллардан 500 долларгача тўлагани аниқланган. Хонандалар исм-шарифи очиқланмаган, аммо уларга маъмурий баённома расмийлаштирилгани хабар қилинган. “Давлат раҳбарининг бу борадаги фармонидан хабаримиз бор, албатта. Лекин амалда қўллаш борасида вазият фақат биз хонандаларга боғлиқ эмас. Чунки хизматга таклиф этилганимизда нархни сўмда айтсак-да, қўлимизга АҚШ валютасини беришади. Қолаверса, бу масаланинг яна бир томони бор, яъни биз кичик санъаткорлар камроқ ҳақ эвазига тўйга чиқамиз. Лекин катта санъаткорлар тўйхонадан сумка-сумка пул кўтариб кетишини тасаввур қилиб кўринг. Назаримда, бу бироз ноқулайлик туғдиради”, деган хонанда Дилсўз.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG