Линклар

Ucell алоқа оператори Ўзбекистонда фаолиятини тўхтатмайди. Ўзбекистонлик филолог миллат овози ингичкалашиб кетаётганидан баҳс этди. Одил Ёқубовнинг хотирлашича, Шароф Рашидов ўз танқидчиларига нисбатан тоқатли бўлган.

_____________________________________________________________

Ucell Ўзбекистонда фаолияти тўхтатилиши ҳақидаги овозаларни рад этди

Ижтимоий тармоқларда тарқалган Ucell алоқа оператори фаолиятини тўхтатиши тўғрисида хабарлар рад этилди. Компаниянинг иқтисодий департаменти директори Красни Гари Митчелл “Даракчи” газетаси орқали “Мижозларимизни ишонтириб айтамизки, компания ўз фаолиятини аввалгидек, ҳеч қандай узилишларсиз 9 миллионга яқин мижозларига сифатли ва ишончли хизмат кўрсатиш билан давом эттиради” дея баёнот берган. Ижтимоий тармоқларда абонентлар сони бўйича мамлакатда иккинчи ўринда турувчи ширкат миллиардер Алишер Усмоновнинг USM Holdings компанияси сотиб олаётгани ҳақида ҳам хабарлар тарқалган эди. Ucell иқтисодий департаменти директори ўринбосори мазкур ахборотни на рад этган, на тасдиқлаган. Бу ахборотга Telia компанияси ойдинлик киритишини маълум қилган.

Мутахассис: Ўзбек миллатининг овози ингичкалашиб кетмоқда

Хонандалар, актёрлар ва дикторларнинг аксари ўзбекча сўз товушларини тўғри талаффуз эта олмайди, гапираётган чоғда қачон тин олиш керак, матн мазмуни қандай оҳангни тақозо қилади, жумладаги асосий сўз қайси – билмайди, дейди адабиётшунос Зуҳриддин Исомиддинов (“XXI аср”, 26 октябрь). “Эътибор берган бўлсангиз, миллатимизнинг овози ингичкалашиб бораётгандай. Муллатўйчи ҳофиз овозини олинг, Юнус Ражабийни, Ҳожихон Болтаевни олинг, Маъмуржон Узоқову Ортиқхўжа Имомхўжаевларнинг товушини эсланг. Ҳозирга келиб эса қизлардан ҳам ингичка товушда ашула қиладиган йигитлар чиқди. Эстрада жанрида-ку, эркакча овоз билан қўшиқ айтадиган йигит қолмади ҳисоб. Нафақат эстрадада, балки бутун қўшиқчилигимизда ҳам овоз тобора ингичкалашиб, тобора шикасталашиб бораётгандай. Йиғлоқи (бугун қўшни қишлоққа келин тушди, деб ўзи ёр-ёр айтадиган), хотинчалиш овоз билан айтиладиган ашулаларга кунимиз қоляпти”, дейди З.Исомиддинов.

Одил Ёқубов: Шароф Рашидов шеърини танқид қилган ижодкорни жазоламаган

Давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан марҳум адиб Одил Ёқубовнинг у ҳақдаги хотиралари чоп этилди (“Ҳуррият”, 25 октябрь). Ҳикоя қилинишича, Одил Ёқубов “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига бош муҳаррир бўлган кезлари газетада мамлакатнинг биринчи раҳбари Шароф Рашидов шеъри танқид қилинган мақола босилган. Кейин роса тўполон бўлган, газета вакилларидан тушунтирилш хати ёздирилган. Ўша кезлар Одил Ёқубов Шароф Рашидов қабулига кириб, ундан узр сўраган. Давлат раҳбари эса “Асар ёзилганидан сўнг паст-баланд гаплар, танқидий фикрлар бўлишини жуда яхши биласиз. Бундан асло хафа эмасман” дея танқид учун ҳеч кимни жазоламасликни сўраган. Ҳикоя қилинишича, Ўзбекистонни 1959-83 йилларда идора этган арбоб Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов каби улуғ шоирларни ҳам ҳимоя қилган.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG