Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:29

OzodDayjest: Каттақўрғон ҳокимлигига иш билан борган икки ватандош вафот этди


Ўзбекистонда ногиронлар ҳаётига доир кўплаб муаммолар йиғилиб қолгани тан олинди. Молия вазири бензин, газ ва электр энергияси нархи ошаётганининг асл сабабини айтди. Cамарқанд вилоятида туман ҳокимлиги томининг қулаши оқибатида икки киши нобуд бўлди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Сенатор: Ногиронлар ҳаётига доир кўплаб муаммолар йиғилиб қолган

Ўзбекистонда 600 минг нафардан ортиқ ногиронлар ҳаёт кечирмоқда, аммо уларнинг таълим олиши ва бандлиги борасида йиллар мобайнида кўплаб муаммолар йиғилиб қолган (“Жамият”, 19 октябрь). Масалан, Тошкент вилоятида 44 мингга яқин ногирон яшайди. “Вилоятда ногиронлиги бўлган шахсларнинг тақдирига айтарли эътибор қаратилмайди. Улар шаҳар ва туманларда ҳануз эски тизимда қайта-қайта кўрикдан ўтказиляпти. Боз устига Тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари талаб қиладиган айрим текширувлар анча қиммат” дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси Маъсуда Ворисова. Масалан, бирор онкологик касалга чалинган бемор камида 100-150 минг сўм сарфлаб ҳар йили тиббий кўрикдан ўтиши керак. “Ёки ампутантлар, яъни қўл ёхуд оёғи йўқ шахслар ҳам ҳар йили тиббий кўрикдан ўтиши талаб этилади. Ахир, уларнинг ногиронлиги шундоқ ҳам кўриниб турибди, оёқ-қўли ўсиб чиқмаслиги тайин-ку”, дейди сенатор М.Ворисова. Қайд этилишича, хориж тажрибаси асосида ногиронликни белгилаш тизимини кўриб чиқиш, хусусан, коррупциянинг олдини олиш мақсадида тиббий экспертиза шаффофлигини таъминлаш лозим.

Молия вазири: Энергия компаниялари халқни ўйлаб зарарга ишлаб келмоқда

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари – молия вазири Жамшид Қўчқоров жорий йил 16 ноябрдан бензин, табиий газ ва электр энергияси нархи ошаётганини изоҳлаб, энергия компаниялари халқни ўйлаб зарарга ишлаб келаётганини иддао қилди (“Оила даврасида”, 25 октябрь). Вазирга кўра, давлат ширкатлари АИ-80 маркали автобензин савдосидан литрига 1414 сўм, 1 кВт/соат электр энергияси савдосидан эса 2,7 сўм зарар кўриб келмоқда. “Ўзбекнефтегаз” компанияси эса газнинг ҳар 1000 кубометридан 323,1 минг сўм тўғридан-тўғри зарар кўрмоқда. Газетага кўра, масъуллар нарх ошиши борасида гап очилса, хорижий давлатларда энергия ресурслари Ўзбекистондан қиммат эканини эслашади. Аммо улар Ўзбекистондаги ўртача иш ҳақи билан ўша хорижий давлатлардаги иш ҳақи мутаносиблигини ҳисобга олишмайди.

Ҳокимлик томининг қулаши оқибатида икки киши нобуд бўлди

Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани ҳокимлигига иш билан келган икки киши вафот этди (“Даракчи”, 25 октябрь). Қайд этилишича, кучли шамол натижасида ҳокимлик биносининг том қисми пастга қулаб тушган. Ҳодиса оқибатида ҳокимлик ҳовлисида бўлган икки киши оғир жароҳатланган. Уларнинг бири – 1958 йилда туғилган Мардон Қодиров воқеа жойида ҳалок бўлган. Иккинчи жабрдийда – 1988 йилда туғилган Шаҳобиддин Файзиев эса шифокорларнинг уринишига қарамасдан кома ҳолатидан чиқмай вафот этган. Воқеа жойига ФВБ, ИИБ ва ЁХБ раҳбарлари ва қутқарув тузилмалари борган. Икки ватандошнинг ўлими бўйича жиноий иш очилган-очилмагани номаълум.

XS
SM
MD
LG