Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:50

OzodDayjest: “Миллий тикланиш” партияси судларнинг очиқлигига доир қонунга тиш-тирноғи билан қарши чиқди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Меҳнат вазирига Тошкентда ишлаётган вилоятликлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш лозимлиги эслатилди. “Миллий тикланиш” партияси суд мажлисларининг тўғридан-тўғри онлайн трансляция қилинишига доир қонун лойиҳасига тиш-тирноғи билан қарши чиқди. Самарқандда оналар ва болалар ўлими юқори бўлиб қолмоқда.

_____________________________________________________________

Депутат: Маъмурий жавобгарлик кодексининг паспорт тизимига доир моддаси коррупцияга йўл очмоқда


Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамаси баҳс-мунозараларни келтириб чиқарди (www.kun.uz, 22 октябрь). Депутат Расул Кушербаев фикрича, қонун лойиҳасида аҳолини иш билан таъминлашдаги ҳозирги реал муаммолар тўла акс этмаган. Шу боис депутат Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусановга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-моддаси (паспорт тизими қоидаларини бузиш) юзасидан мурожаат қилди.

“Ҳар куни айнан шу модда асос қилиниб, республиканинг турли ҳудудларидан Тошкентга иш излаб келган юзлаб кишилар автобусларни тўлдириб, ИИБ бўлимларига олиб келинади ва жаримага тортилади. Улар ишлаган пулини фақат жарималарни тўлашга сарфлашмоқда”, деган Р. Кушербаев.

Депутатга кўра, мазкур модда фуқароларнинг эркинликларини чеклаш билан бирга, коррупцияга кенг йўл очиб, янгидан-янги қонунбузарликларга ҳуқуқий асос бўлиб қолмоқда.

“Айримлар бу модданинг бузилиши ва ундан келадиган жарима тушумларидан манфаатдор бўлиши мумкин. Жаноб вазир, агар ҳақиқатда одамларни ўйласангиз, иккала вазирлик (Ички ишлар вазирлиги назарда тутилмоқда) энг аввало шу масалага ечим топинг”, дея таъкидлаган Р. Кушербаев.

“Миллий тикланиш” парламентда айюҳаннос солди


Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги муҳокамада “Миллий тикланиш” партияси суд мажлисларининг тўғридан-тўғри онлайн трансляция қилинишига доир қонун лойиҳасига тиш-тирноғи билан қарши чиқди, деб ёзади Davletov.uz. Хусусан, депутат Акмал Умрзоқов “Биз бунёдкорлик ишлари авж олган, шиддатли ислоҳотлар давом этаётган даврда яшамоқдамиз. Аҳолимизнинг руҳиятини кўтариш, эртанги кунга ишончини ошириш устувор масалага айланган бугунги кунда суд мажлисида кўрилаётган икки тараф ўртасидаги турли муаммолар”ни элга кўрсатиш яхши эмас, деган. Қайд этилишича, партия фракцияси айюҳаннос солиши ортидан қонун лойиҳаси ялпи мажлис муҳокамасидан чиқарилган. Davletov.uz’га кўра, тўғридан-тўғри трансляция суд мажлиси иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаган ҳолда амалга оширилади, агар тарафлар йўқ деса – трансляция ҳам бўлмайди.

“Судни томоша қилиш миллий қадриятга тўғри келмаса, у ҳолда судлашиш ҳам миллий қадриятга тўғри келмаслиги керак. Бу ерда жамиятга, бугунги ислоҳотларга, очиқликка тайёр бўлмаган битта институт бор. У ҳам бўлса – депутатлар”, деб ёзган блогер.

Самарқандда оналар ва болалар ўлими юқори экани сабаблари маълум бўлди


Самарқанд вилоятида оналар ва болалар ўлими юқори бўлиб қолмоқда (“Даракчи”, 24 октябрь). Жорий йилнинг 8 ойи давомида бир ёшгача бўлган 345 нафар бола ва туғиш пайтида 13 нафар она ўлими қайд этилди. Вилоят ҳокимлиги тузган ишчи гуруҳи туман ва шаҳарларда кўплаб камчиликларни аниқлаган. Хусусан, ўрганишлар жараёнида нотўғри ташхис қўйиш, касалликлар тарихи нотўғри юритилаётгани, дори воситалари тақчиллиги, муддатидан олдин туғилган чақалоқлар учун мўлжалланган сунъий нафас бериш аппарати етишмаслиги, туғруқхоналарнинг тўлиб кетгани каби ҳолатлар фош этилган. Қайд этилишича, ўтган давр мобайнида 270 нафар тиббиёт ходимига турли маъмурий жазолар тайинланган.

XS
SM
MD
LG