Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2018, Тошкент вақти: 01:06

OzodDayjest: М.М.Дўст - Каримовни хушомадгўйлар йўлдан урганди


Иллюстратив сурат.

Матбуот Чирчиқ дарёси устидаги кўприк қулаб тушишидан огоҳлантирди. Собиқ матбуот котиби марҳум Каримовни кимлар йўлдан урганини айтди. Жиззахда қабрларни таҳқирлаган шахс ушланди.

_____________________________________________________________

Матбуот: Чирчиқ дарёси устидаги кўприк қулаши мумкин!

Тошкент вилояти бўйлаб ўтган янги ҳалқа йўлнинг Сергели тумани яқинида бунёд этилган кўприк фойдаланишга топширилганига 2 йил бўлмасдан ачинарли аҳволга келиб қолди (“Оила даврасида”, 1 ноябрь). Чирчиқ дарёси устига қурилган кўприкнинг тутиб турувчи устунлари тагидаги шағал ўпирилиб, уч метргача очилиб қолган. Бу эса кўприк яқин муддатда қулаб тушиши мумкин, деган хавотирларни кучайтирмоқда. Қолаверса, кўприк ости чиқиндихонага айланган бўлиб, ундан анқиётган бадбўй ҳид ва вужудга келган аянчли манзарадан одамларнинг таъби хира тортмоқда. Газета жуда катта маблағ сарфлаб қурилган иншоот қисқа муддатда нобоп аҳволга келганини қайд этар экан, бир неча ой илгари Бухоро вилояти кўприк қулаганини ёдга солган. “Янгийўл туманидаги янги кўприкка жиддий эътибор қаратилиши учун яна кимдир жабр кўриши керакми?” деб ёзилади мақолада.

Ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст: Ислом Каримовни хушомадгўйлар йўлдан урган эди

Марҳум Ислом Каримов даврида президент матбуот котиби лавозимида ишлаган ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст “Турон24” агентлигига интервьюсида адабиётга доир масалалар билан бир қаторда ижтимоий-сиёсий муаммоларга ҳам эътибор қаратган (www.turon24.uz, 29 октябрь). Адиб, хусусан, жамиятда ҳамон қўрқув муҳити мавжудлигини таассуф ила қайд этган. “Биласизми, шўро давридан бошлаб жамиятни ҳадик билан яшашга ўргатиб қўйдик. Бу ҳадик ҳали кўнгилдан чиқиб кетгани йўқ. Ижтимоий-сиёсий пассивликни оқлайдиган ўзбек халқининг мақоллари кўп: “Оч қорним – тинч қулоғим” , “Яримта нон – роҳати жон”. Буларни фазилат санашади. Аслида бу фазилат эмас, қусур”, дейди Мурод Муҳаммад Дўст. Собиқ матбуот котибига кўра, президент Ислом Каримов ҳокимиятга келган дастлабки йилларда бошқаларнинг фикрига қулоқ солган, аммо маддоҳлар хушомаду мақтовлар билан туппа-тузук одамни йўлдан урган. “Бир кун Ислом ака раҳматли: “Мурод, мен баъзида қўрқиб кетаман, ҳеч ким менга эътироз билдирмайди. Ахир, мен Худо эмасман-ку!” деб қолди. “Чекингизга тушгани шу, сизга ҳеч ким рост гапирмайди”, дедим. Балким одам ўзини ўзи кўпроқ тергаши керакдир”, дея марҳум давлат раҳбарини ёдга олган М.М.Дўст.

Шароф Рашидов туманида қабртошларни ўғирлаган шахс ушланди

Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани “Ғойиб ота” қабристонидаги бир неча қабрни таҳқирланган шахс қўлга олинди. “Даракчи” нашри хабарига кўра, марҳумлар қабри устига яқинлари томонидан қўйдирилган, нархи 1,2 миллион сўмга қадар бўлган қабртошлар ўғирланган. Тергов жараёнида қабртошларни 1993 йилда Ғаллаорол туманида туғилган Амир Файзуллаев ўғирлагани аниқланган. А.Файзуллаев ўғирланган қабртошларни Самарқанддаги устахонага олиб бориб, улардаги ёзувчиларни ўчиртирган ва сотиб юборган. Жиноят ишлари бўйича Шароф Рашидов туман суди раиси Ғиёсиддин Ялгашевга кўра, А.Файзуллаев Жиноят кодексининг 134-моддаси (қабрни таҳқирлаш) бўйича айбдор деб топилиб, унга нисбатан 3,5 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Ушбу ишга алоқадор Самарқанддаги қабр тоши устахонаси вакилларига жазо тайинланган-тайинланмагани очиқланмаган.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG