Линклар

Шошилинч хабар
13 ноябр 2019, Тошкент вақти: 20:05

OzodDayjest: Сиёсатшунос ўзбек тилининг давлат тили мақомига эриша олмаганига цензурани сабаб қилиб кўрсатди


Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.

Ўзбек тили “чойхона тили”га айланиб қолганининг асосий сабаби айтилди. Қашқадарёда 16 яшар қиз уйланиш фикридан воз кечган маҳбубини ўлдирди. Зармон шаҳри харобалари бутунлай йўқ бўлиб кетиш арафасида.

_____________________________________________________________

Сиёсатшунос: “Ўзбек тили давлат тили мақомига эриша олмаганининг асосий сабаби – цензура”


Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ўзбек тили ўтган 30 йил ичида давлат тили мақомига эриша олмагани, тўлақонли ривожланмаганининг асосий сабабларидан бири cифатида цензурани кўрсатди (www.sof.uz, 27 октябрь). “Авторитаризмнинг кўринишларидан бири – тафаккурни, сўзни ва фикрлашни назорат қилиш ҳисобланади. Назорат, цензура нафақат тафаккурни заифлаштириб, ўлдириб боради, балки бу тафаккурнинг ифодаси ва ифодачиси бўлган тилни ҳам нимжонлатиб, ҳолсизлатиб қўяди. Тил бу –ғоялар ва ҳиссиётларнинг ифодасики, тафаккур кенгайган сайин уни ифодалаш учун тил ҳам кенгайиб, жилолашиб боради. Ўзбекистонда цензура сабаб ўзбек тили ва миллий тафаккур, икки тарафлама зарба еди”, деб ёзади К. Раббимов.

Қайд этилишича, тилнинг қудрати унинг кундалик ҳаётда мураккаб жараёнларни, аниқ фанларни ва нозик ҳиссиётларни гўзал ифодалашида намоён бўлади. Аммо кейинги даврда ўзбек тили “чойхона тили”, “кўча тили”га айланиб қолди.

Сиёсатшунос ўзбек тилининг ривожи мамлакатдаги сўз ва фикрлаш эркинлигининг даражасига узвий боғлиқ, дея хулоса ясаган.

16 ёшли қиз уйланиш фикридан қайтган йигитини ўлдирди


Қашқадарё вилояти Деҳқонбод туманида қотиллик жинояти рўй берди (“Ҳуқуқ”, 31 октябрь). Туман прокурори Лазиз Ҳамроевга кўра, 2003 йилда туғилган қиз шу туманлик йигит билан севишиб, учрашиб юрган. Улар бир муддат ошиқ-маъшуқ бўлиб юргач, йигит қизга уйланиш фикридан қайтади ва тошкентлик қариндоши билан оила қуришга қарор қилади. Бундан ғазабланган қиз йигитни ўлдириш режасини тузади. Иккиси йигитнинг машинасида ўтирган пайтда қиз кутилмаганда уни итариб юборади, машина эшигига юзи билан урилган йигит ҳушидан кетади. Жазавага тушган қиз эса унинг сочидан тортиб, бошини жони чиққунича машина кузовига уради.

Қайд этилишича, суд жараёнида қиз қотиллик содир этганини тан олмаган. Бироқ гувоҳлар ва экспертиза хулосалари асосида қотил экани исботлаган ва унга 8 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

Қадимий Зармон шаҳри вайрон этилаётгани ҳақида бонг урилди


Ўзбекистонда археология мероси объектларини сақлаш аянчли аҳволда, дейди Фанлар академияси Археологик тадқиқотлар институти “Қадимги давр археологияси” бўлим бошлиғи Абдисобир Раимқулов (www.kun.uz, 30 октябрь). “Тадбиркорлик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш кенг йўлга қўйилган ҳозирги кунларда археология объектларини бузиш янада кучайди. Туманлар ҳокимлари археологик ёдгорликлар мавжуд бўлган ҳудудларда ишлаб чиқариш корхоналари қуриш учун маданий мерос департаментининг вилоятлардаги инспекцияларини ёки археология мутахассисларини хабардор қилмасдан, уларнинг иштирокисиз, рухсатисиз тадбиркорларга қарорлар чиқариб бермоқдалар. Ҳолбуки, бундай қарорлар чиқариш қонунларга зид”, дейди мутахассис. Қайд этилишича, Самарқанд вилояти Паст Дарғом туманидаги қарийб 20 гектарлик Зармон шаҳри харобалари бутунлай йўқ қилинмоқда. Ёдгорликнинг ғарб томонида жойлашган работи ўрни текисланган ва унинг ўрнида ғишт пишириш хумдони қурилган.

Шарҳларни кўринг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG