Линклар

Шошилинч хабар
09 декабр 2019, Тошкент вақти: 02:59

OzodDayjest: “Юксалиш” ҳаракати ижрочи директори партияларни популизмда айблади


Иллюстратив сурат.

Партиялар очиқлик сиёсатидан эйфорияга тушиб қолгани иддао қилинди. Эрини чавақлаб ўлдирган келинга ҳукм ўқилди. Ўзбекистон Қизил китобига киритиладиган ўсимликлар сони ошиб бормоқда.

________________________________________________

“Юксалиш” ижрочи директори партиялар очиқлик сиёсатидан эйфорияга тушиб қолганини иддао қилди


“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ижрочи директори Бобур Бекмуродов Ўзбекистондаги сиёсий партияларни популизмда айблади.

“Дунё мамлакатлари сиёсатида популизм феномени тобора оммалашаяпти. Биз ҳам орқада қолмаяпмиз деган фикрга келяпман. Партияларнинг сайловолди дастурлари билан танишиб чиқсангиз, илғор ташаббуслар ва яхши ғоялар жуда ҳам кўп эканлигини, аммо уларни ҳаётга қандай қилиб татбиқ этилиши бўйича асослантирилган механизмларнинг деярли йўқлигини кўриш мумкин. Дастурлар билан танишиб, шундай таассурот қолдики, гўёки амалдаги ҳукумат муаммолар борлигини билмайди ёки шунчалик гўлки, фақатгина бугунги партиялар шундай катта вазифаларни зиммасига олаяпти. Партиялар ўзлари бераётган ваъдаларига ишонишяптими? Ёки кутилмаган очиқликдан эйфорияга тушиб қолишдими?” деб ёзди Б. Бекмуродов Телеграмдаги шахсий саҳифасида.

“ХДП қандай қилиб нарх-наво барқарорлигини таъминламоқчи? Кам таъминланганларга беғараз ёрдамлар учун пулни қаердан олади? “Миллий тикланиш” партияси аҳоли пунктларини юқори тезликда ишлайдиган интернет тармоғи билан таъминлашга қандай эришмоқчи? Мобил операторларга субсидия бериладими ёки улар мажбурланадими? Экопартия “яшил иқтисодиёт”га ўтиш учун инвестицияларни жалб қилмоқчи. Ҳозирги ҳукумат бунга қаршими? Ёки маълум чекловлар борми?” дея партияларни саволга тутади “Юксалиш” ҳаракати ижрочи директори.

Чилласи чиқмаган келин эрини чавақлаб ўлдирди


Тошкентда ҳамшира бўлиб ишлаган 20 ёшли аёл эрининг жонига қасд қилди (“Даракчи”, 14 ноябрь). Исми ошкор этилмаган тошкентлик қиз жорий йил 22 апрелда қашқадарёлик йигитга турмушга чиққан. Тўйдан икки ҳафта ўтгач, икки ёш Тошкентга қайтиб келган. 9 май куни эса аёлнинг эри ўз уйида 8 та жойидан пичоқланган ҳолда топилган. Аёл тергов жараёнида жинсий қийноқ ва тазйиқ қилгани боис ўзини ҳимоя қилиш мақсадида эрини ўлдирганини маълум қилган. Қайд этилишича, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри суди қотилликда айбдор деб топилган аёлга 10 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлаган. Марҳумнинг отаси Актам Абдураҳмоновга кўра, экспертиза жараёнида аёлда зўрлаш аломатлари аниқланмагани ва келини оила қурганидан кейин ҳам Б. исмли йигит билан телефонлашиб юрганига эътибор қаратган. Адвокат Хуршида Ҳасанжонова эса келиннинг қотилликни якка ўзи содир этганини шубҳали, деб атаган.

Ўзбекистон Қизил китобига киритиладиган ўсимликлар сони ошиб бораётганидан хавотир билдирилди


Ўзбекистон Қизил китоби “маънан эскиргани” сабаб унинг янги нашри чоп этилади (www.sof.uz, 11 ноябрь). Бу ҳақда Фанлар академияси раҳбарияти иштирокидаги матбуот анжуманида маълум қилинган.

Қайд этилишича, 1984 йилда чоп этилган Ўзбекистон Қизил китобига – 163, 1998 йилдаги нашрига – 301, 2006 йилги нашрга – 305, 2009 йилги охирги нашрга эса 324 турдаги ўсимликлар киритилган.

“Ушбу рақамлар ҳимояга муҳтож ўсимлик турларининг сони йилдан йилга ўсиб бораётганини кўрсатади. Айниқса, олимларнинг флорамиздаги кўплаб эндем турларнинг йўқолиб кетиш хавфи ҳақидаги хулосалари ташвишлидир”, дейди ЎзФА Ботаника институти директори Комилжон Тожибоев.

Маълум қилинишича, 2019 йилнинг охиригача чоп этилиши режалаштирилаётган янги таҳрирдаги Қизил китоб йўқолиб кетиш арафасида турган 314 ўсимлик турини ўз ичига олади. Айни пайтда, Қизил китобнинг ҳайвонот дунёсига оид янги таҳрири ҳам тайёрланмоқда.

Шарҳларни кўринг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG