Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:43

Андижонлик йигит 3000 сўмни деб танишини чавақлади


Тошкентда келин-куёв ёши-ю ЗАГС қоғозини тўйхоналар текширади. Экоҳаракат вакили Ўзбекистонда яқин йилларда сув захиралари 20 фоизгача камайишидан огоҳлантирди. Андижоннинг Булоқбошисида муқаддам судланган шахс 3000 сўмни деб танишини чавақлади.

________________________________________________________________

Тошкентдаги тўйхоналарга келин-куёвнинг ёшига оид маълумотни талаб қилиш мажбурияти юкланди

Тошкентдаги тўйхоналарга келин-куёвнинг ёши ва ФҲДЁга ариза берган-бермаганига оид маълумотларни талаб қилиш мажбурияти юкланди (“Ҳуррият”, 16 ноябрь). Тошкент шаҳри ҳокими жорий йил 20 октябрда имзолаган никоҳдан ажратиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган 947-сонли қарорда ана шу талаб илгари сурилган. Қайд этилишича, мазкур талаб эрта никоҳнинг олдини олиш, касб-ҳунар коллежида ўқиётган қизларнинг турмушга чиқиши ҳолларига барҳам бериш ҳамда фақат шаръий никоҳ асосида оила қуришга чек қўйиш мақсадида жорий этилган. Тошкент шаҳри ҳокимлиги Ахборот хизматига кўра, охирги беш йилда Тошкентда оилавий ажримлар сони уч баробарга ошган ва ҳар йили ўртача 4000-4500 та оилада ажрим қайд этилмоқда.

Экоҳаракат вакили Ўзбекистонда 2020 йили сув захиралари 15-20 фоизга камайишидан огоҳлантирди

2020 йилга бориб Ўзбекистон аҳолиси 32 миллиондан ортиб, сув захираларининг ҳажми 15-20 фоизга камайиши тахмин қилинмоқда (“Жамият”, 2016 йил 45-сон). “Бу эса ер усти ва ер ости сувларидан ичимлик суви сифатида фойдаланиш янада кучайишига сабаб бўлади. Шу боис яқин йилларда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, шаҳарларда чиқарилаётган ифлосланган сувларни тозалаш бўйича энг илғор ва самарали технологиялардан фойдаланишни йўлга қўйиш вақти келди” деб ҳисоблайди Ўзбекистон Экоҳаракати координатори Феруза Ғаниева. Бу борада оқова сувлар миқдорини қисқартириш, уларнинг дарё ва ҳавзаларга ташланишига барҳам бериш тавсия этилган. Экоҳаракат вакилининг огоҳлантиришига кўра, сувни тежаш ва асраш бўйича аниқ чоралар тизимли равишда қўлланмаса, ҳалокатли оқибатлар рўй бериши мумкин.

3000 сўм учун чавақланган таниш

Андижон вилояти Булоқбоши туманида яшовчи фуқаро 3000 сўмни деб танишини чавақлади (“Куч – адолатда”, 2016 йил 43-сон). Жиноят ишлари бўйича Булоқбоши тумани суди раиси Д. Нуралиевга кўра, жиноятга танишларнинг ўзаро ҳазили сабаб бўлган. Муқаддам судланган йигит бильярдхонада танишини учратиб қолади. Таниши судланувчи билан ҳазиллашиб, унинг қўлидаги 3000 сўмни олиб қўяди. Йигит бир неча марта сўраганига қарамай, таниши 3000 сўмни қайтариб бермайди. Бундан асаби бузилган судланувчи танишини чавақлаб, қип-қизил қонга бўяйди. Жиноят ишнинг бошқа тафсилотлари ошкор этилмаган. Судланувчига тегишли жазо берилгани хабар қилинган.

XS
SM
MD
LG