Линклар

Шошилинч хабар
23 январ 2021, Тошкент вақти: 21:17

OzodDayjest: Мирзиёев оғир жиноятлар тергов жараёнини видеога олишни топширди


Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон президенти фармонига мувофиқ, эндиликда ўта оғир жиноятларнинг тергов жараёни мажбурий тарзда видеога олиниши лозим. Сурхондарёда туман ИИБ раҳбари жиноятларни камайтириб кўрсатгани фош қилинди. Парламент Қашқадарё туманларида тоза ичимлик суви камлигини аниқлади. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

_____________________________________________________________

Президент ўта оғир жиноятлар тергов жараёнини видеога олишга фармон берди

Эндиликда ўта оғир жиноятлар бўйича ҳодиса жойини кўздан кечириш, тинтув ўтказиш, кўрсатув олиш ва тергов эксперименти жараёнлари мажбурий тарзда видеога олиниши лозим (“Ҳуқуқ”, 7 декабрь). Ўзбекистон Президенти “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида ана шундай талаб илгари сурилган. Фармонда, шунингдек, қийноққа солиш, руҳий ва жисмоний тазйиқ, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний усулларда олинган кўрсатувлардан далил сифатида фойданишга йўл қўймаслик таъкидланган. Бундан ташқари, фармонга мувофиқ суд ва прокуратура органларининг қийноққа солинганлик ҳақидаги аризаларни мажбурий тарзда кўриб чиқиши тартиби жорий этилмоқда.

Сурхондарёда туман ИИБ раҳбари жиноятларни камайтириб кўрсатиб обрў қозонишга уринди

Сурхондарё вилояти Шеробод тумани ИИБ бошлиғи Б.Раҳмонқулов ҳудуддаги жиноятларни камайтириб кўрсатгани аниқланди (“Постда”, 2 декабрь). Бу орқали у вилоятдаги ҳамкасблари ўртасида обрў-эътибор қозонишга мақсад қилган. ИИБ раҳбари бу борада қўл остидаги профилактика инспектори И.Холбоев ва суд-тиббий экспертизаси бўлими эксперти А.Турдимуродов билан тил бириктирган. Масалан, туманда яшовчи Қ.Рустамов ва Ш.Ашуралиев ўзаро жанжаллашгани оқибатида бири оғир жароҳат олади. Аммо туман ИИБ раҳбари кўрсатмасига кўра, ҳужжатлар қалбакилаштирилиб, “оғир жароҳат” “ўртача оғирликдаги жароҳат” деб расмийлаштирилади. Шу тариқа оғир жиноятлар сонини камайтиришга уринишади. “Эндиликда ушбу қонунбузарлар қилмишига яраша ҳуқуқий баҳосини олишди. Шу боис ҳануз ўз зиммасидаги масъулиятни ҳис қилмайдиган ходимлар бўлса, уларга юқорида баён қилинган воқеа сабоқ бўлиши лозим” деб огоҳлантиради ИИВ нашри.

Деҳқонобод ва Ғузорда тоза ичимлик суви камлиги боис юқумли касалликлар йилдан-йилга кўпаймоқда

Қашқадарё вилояти Деҳқонобод ва Ғузор туманларининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси республика бўйича энг паст даражада экани аниқланди (“Жамият”,1 декабрь). Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўрганишлари чоғи Деҳқонобод туманидаги 135 минг аҳолининг атиги 2 фоизи, Ғузордаги 200 минг аҳолининг бор-йўғи 2,1 фоизи марказлаштирилган ичимлик суви таъминотига эга. Қонунчилик палатаси депутати Ислом Хушвақтовга кўра, сув таъминотидаги муаммолар боис ушбу туманларда юқумли касалликлар йилдан-йилга ортиб бормоқда. Ўзбекистон бўйича аҳолининг марказлаштирилган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 64,5 фоизни ташкил этади. Қайд этилишича, Ўзбекистон Президентининг жорий йил 16 ноябрда матбуотда эълон қилинган сув таъминотига оид фармони вазиятни ўнглаши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG