Линклар

Шошилинч хабар
10 декабр 2018, Тошкент вақти: 13:38

OzodDayjest: Президентга гектар-гектар ёнғоқзорлар барпо этилгани ҳақида берилган ҳисобот ёлғон бўлиб чиқди


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Мардикорлар меҳнат вазирлигидан бюрократиясиз ишлашни талаб қилмоқда. Самарқандда мавжуд бўлмаган ёнғоқзорларни суғориш учун миллиардлаб сўм пул харжланган. Сурияга жанг қилгани кетаётган самарқандлик эр-хотин узоқ йилга озодликдан маҳрум этилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Мардикорлар: Меҳнат вазирлиги келажагимиз эмас, аввало бугунги кунимиз ҳақида қайғурсин!

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг вақтинчалик ишлаётган мардикорларга пенсия борасида берган таклифи танқидий қабул қилинди (“Оила даврасида”, 6 декабрь). Вазирлик мардикорларга пенсия жамғармасига бир йилда энг кам ойлик иш ҳақининг 4,5 баробари (912 минг сўм) миқдорида тўлов тўлаш ва шу орқали расман бир йиллик меҳнат стажига эга бўлишни таклиф қилган эди. Аммо аксар мардикорлар бир йилда ушбу суммани тўлаш оғирлик қилиши, амаллаб пул ўтказилган тақдирда ҳам кейинчалик бу пулнинг пенсия тариқасида ажратилишига кафолат йўқлигини айтган. Мардикорларга кўра, масъуллар уларнинг келажаги эмас, аввало бугуни ҳақида қайғуриши керак. Қайд этилишича, айни пайтда туманлардаги вақтинчалик ишларни ташкил этиш бюролари ғоят ачинарли аҳволда. Бюролар мардикорларга на иш топиб беради, на уларни ҳимоя қилади. “Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ортиқча қоғозбозлик ва бюрократиялардан холи меҳнат шароити яратиши зарур”, деб талаб қилган ишсизликдан қийналаётган ватандошлар.

Самарқандда аслида мавжуд бўлмаган ёнғоқзорларни суғориш учун бюджетдан 5 миллиард сўм сарфланган

Самарқанд вилояти Қўшработ туманида гектар-гектар ёнғоқзорлар барпо этилгани ҳақида берилган расмий ҳисоботлар ёлғон бўлиб чиқди (“Жамият”, 30 ноябрь). Президент Шавкат Мирзиеёв 2017 йили Самарқандга ташрифи чоғи Қўшработ туманида ҳам бўлиб, ёнғоқзорлар барпо этиш лойиҳаси билан танишган. Давлат раҳбарига 2017-2018 йилларда вилоятнинг тоғолди туманларида 5,7 минг гектар ёнғоқзор барпо этишга сўз берилган. Президентнинг ўзи Қўшработ туманидаги “Оқтепа унумдор замин” фермер хўжалигида нуронийлар билан бирга ёнғоқ кўчати ўтқазган. Орадан икки йил ўтгандан кейинги ўрганишлар ёлғон ва кўзбўямачиликларни фош қилди. Масалан, ҳисоботларда президент кўчат ўтқазган “Оқтепа унумдор замин” фермер хўжалигида 900 гектар ёнғоқзор барпо этилгани айтилган. Амалда эса озроқ ерга ёнғоқ экилган, улар ҳам қуриб қолган. Расмий ҳисоботларда “Фозиломон” ўрмон хўжалигида ҳам 100 гектарлик ёнғоқзор барпо этилгани қайд этилган. Туман масъуллари эса аслида бир туп ҳам ёнғоқ экилмаганини тан олган. Газетага кўра, аслида мавжуд бўлмаган ёнғоқзорларни суғориш учун давлат бюджетидан 5 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланиб, насос станцияси қурилган, аммо мазкур улкан маблағ бесамар кетган.

Самарқандда “Ислом давлати” ғояларини ёқлаган эр-хотин маҳкамага тортилди

“Ислом давлати” террорчи гуруҳига таркибига қўшилиб жанг қилиш истагида бўлган самарқандлик эр-хотин узоқ йилга озодликдан маҳрум этилди (“Ҳуқуқ”, 6 декабрь). Самарқанд вилоят прокуратураси вакили Саъдулла Мустаевга кўра, самарқандлик йигит Россиянинг Красноярск ўлкасида ишлаб юрганида террорчи ташкилот таъсирига тушган. Ўзбекистонга қайтгач, рафиқасини ҳам Сурияга бориб, “Ислом давлати” учун жанг қилишга кўндирган. Эр-хотин икки фарзандини олиб, Туркиянинг Истанбул шаҳрига йўл олган. Сурия йўлида оғир қийинчиликларга дучор бўлган эр-хотин ўзини Туркия ҳарбийлари қўлига топширган. Ўз навбатида, Туркия ҳуқуқ идоралари уларни Ўзбекистонга депортация қилган. Террорчи гуруҳга қўшилишга уринган эр-хотиннинг исм-шарифи ва жиноий ишга оид бошқа тафсилотлар очиқланмаган. Суд йигитга 10,6 йил, унинг аёлига 8 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлаган. Судланувчиларнинг икки фарзанди тақдирига ҳам ойдинлик киритилмаган.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG