Линклар

Шошилинч хабар
10 декабр 2018, Тошкент вақти: 14:02

OzodDayjest: Милиция зобитининг қилмишини шаръий хотини фош қилган


Каттақўрғонда милиция ходими томонидан ечинтирилган аёл видеосидан скриншот.

Самарқандда аёлни ечинтириб, тақҳирлаган милиционернинг видеосини шаръий никоҳдаги хотини тарқатиб юборган. Бухорода 19 ёшли йигит рашк қурбони бўлди. Сурхондарёда операция учун бемордан пора талаб қилган шифокор қўлга олинди.

_____________________________________________________________

Каттақўрғонлик милиция офицерининг қилмишини шаръий хотини фош қилгани маълум бўлди

Аёлни ечинтириб таҳқирлаган милиция офицери, Каттақўрғон тумани ИИБ ходими Санъат Умаровнинг жиноятига оид қўшимча тафсилотлар маълум бўлди (“Даракчи”, 6 декабрь). Жорий йил 3 июнь куни Каттақўрғон тумани ИИБ биносига аввал ўғрилик жинояти содир этган Н.Т. исмли аёл олиб келинади. Жиноят қидирув бўлинмаси катта тезкор вакили Санъат Умаров аёлнинг ҳимоясиз эканидан фойдаланиб, унга очилмай қолган жиноят ишларини юклашга уринади. Шу мақсадда аёлни кийимларини ечишга мажбур қилади ва буни телефонида видеога олади. Қутуриб кетган милиция офицери аёлни “айб”ини тан олмаса, номусига тегиш, яланғоч ҳолда кўчага ҳайдаш билан қўрқитади. Ҳозирга қадар милиция ходими телефонига ёзиб олган видео қандай тарқалиб кетгани номаълум қолаётган эди. Суд жараёнида маълум бўлишича, С.Умаровнинг телефонидаги видеоёзувни унинг шаръий аёли С.П. ўз телефонига сездирмай ёзиб олган ва шу тариқа милиция ходимининг қилмиши жамоатчиликка ошкор бўлган. Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди раиси ўринбосари Ўткир Мамадалиевга кўра, С.Умаров 6,6 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Бухорода муҳаббат можароси сабаб 20 ёшли йигит ўлдирилди

Жорий йил 30 ноябрь куни Бухоро тумани Дехчабеги қишлоғи ҳудудидан оқиб ўтувчи Сатторобод ариғидан 20 ёшлардаги йигитнинг жасади қотиллик аломатлари билан топилган эди. Бухоро тумани ИИБ маҳаллий нашрлар орқали ушбу ҳолатга оид дастлабки маълумотларни ошкор қилган. Ўлик ҳолда топилган шахс Бухоро шаҳрида 1999 йилда туғилган Ш.С. экани аниқланган. Маълум бўлишича, Ш.С. тенгдоши А.У. билан аввалдан таниш бўлган. Ш.С. эса А.У.нинг ёқтирган қизи билан ишқий муносабатда бўлиб келган. А.У. рашк сабаб Ш.С.ни ўз автомобилида пичоқлаб ўлдирган ва унинг жасадини ариққа оқизиб юборган. Қайд этилишича, ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси билан жиноий иш қўзғатилган ва гумонланувчи А.У.нинг қилмиши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Сурхондарёда операция учун бемордан бир миллион сўм талаб қилган шифокор қўлга олинди

​Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Сурхондарё вилояти филиали шифокори бемордан пора қилгани учун ушланди, деб хабар беради “Ҳуқуқ” нашри. Бемор аёл мазкур филиалга ўт пуфаги қаттиқ оғриётгани боис мурожаат қилган. Исми ошкор этилмаган шифокор эса ўт пуфагидаги тошни операция йўли билан олиб ташлаш лозимлигини айтиб, операция учун 1 миллион сўм пора талаб қилади. Айтилган пулни беришга қодир бўлмаган бемор аёл эса шифокорнинг тамагирлиги ҳақида ҳуқуқ идораларига хабар берган. Қайд этилишича, шифокор прокуратура департаменти томонидан жиноят устида ушланган. Бош прокуратура нашри тиббиёт ходимларининг тамагирликдан йироқ бўлишга чақирган.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG