Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:10

OzodDayjest: Самарқандлик аёл қизчаларини “у дунёда бирга бўлиш учун” ўлдирганини иддао қилди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Тошкент мактабларига қабул қилишда пора олиш ҳали ҳам давом этаяпти. Икки фарзандини чавақлаб ташлаган она мудҳиш қилмиши сабабини маълум қилди. 8 йил аввал ўғирланган нодир кошиннинг дараги Европадан чиқди.

_____________________________________________________________

Самарқандлик қотил аёл: “У дунёда бирга бўлиш учун фарзандларимни ўлдирдим”

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди икки фарзандини ўлдирган Рушана Раҳмонқуловага ҳукм ўқиди. Мазкур жиноий иш ҳақида бир неча матбуот нашрлари хабар берди. Маълум бўлишича, Самарқанд вилоят Пастдарғом туманида яшовчи Рушана Раҳмонқулова 2016 йил июнда холасининг ўғли Абдураҳмон Абдувоҳидов билан оила қурган. А. Абдувоҳидов 2017 йил февралида ишлаш учун Россияга кетган. Аёл эса бир қизи билан Пастдарғомда қолган. Кўп ўтмай Рушана Раҳмонқулова эри Россияда уйланиб олганидан хабар топган. Бу орада аёл қайнакасининг ўғли, ўзидан етти ёш кичик Маъмуржон Илашев билан ишқий муносабат ўрнатган. Ўзаро никоҳсиз муносабатдан яна бир қиз фарзанд туғилган. Кунларнинг бирида қайнота келинининг хиёнатидан хабар топган. Хуфёна ишқий муносабатлари бошқаларга ҳам достон бўлишидан қўрқиб кетган Рушана Раҳмонқулова хуштори М. Илашов билан биргаликда вояга етмаган икки қизини ваҳшийларча чавақлаб ўлдирган. Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, катта қизга 12 марта, кичкинасига 5 марта пичоқ санчилган. Аёл жонига қасд қилмоқчи бўлиб, ўзига ҳам 9 марта пичоқ урган. “Болаларимни жудаям яхши кўрганман. Улар билан у дунёда бирга бўламан, деб ўйлагандим. Болаларим ўлиб, ўзим тирик қоламан, деб ўйламагандим”, деган 30 ёшли Р. Раҳмонқулова судда. Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди судьяси Шуҳрат Шариповнинг маълум қилишича, Р. Раҳмонқулова 13 йил муддатга, М. Илашов эса 17 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Тошкент мактабларига қабул қилишда пора олиш ҳамон давом этмоқда

Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги 247-мактаб директори пора билан қўлга олинди (“Ҳуқуқ”, 31 январь). Шу ҳудудда яшовчи аёл қизини бошланғич рус синфида ўқитиш истагида мактаб директорига мурожаат қилган. Директор аёл эса онадан 100 доллар пора талаб қилган. Шундан кейин ота-она прокуратурага мурожаат қилган ва мактаб директори пора устида ушланган. Мактаб директорининг исми ошкор этилмаган, аммо маълум қилинишича, у 30 йилдан зиёд вақт давомида педагогика соҳасида ишлаган.

Прокуратура нашри таълим тизимига дахлдор яна бир жиноят ҳақида хабар берган. Хоразм вилояти Гурлан тумани ҳокимининг ёрдамчиси мактабгача таълим муассасасига ишга киритиб қўйиш эвазига ватандошдан 600 доллар пора олаётганда ушланган. Ҳоким ёрдамчиси пушаймонлик аризаси билан мурожаат қилиб, 600 долларнинг ярмини туман мактабгача таълим бўлими вакилига бермоқчи бўлганини айтган. Ариза асосида давом эттирилган тадбирда мактабгача таълим бўлими ходими ҳам пора билан ушланган.

8 йил аввал ўғирланган нодир кошин Европадан олиб келинди

Бухородаги қадимий ёдгорликлардан бири Чашмаи Айюб мақбарасининг ўғирланган нодир кошини топилди (“Адолат”, 25 январь). Бир гуруҳ кимсалар 2011 йилда мақбарани таъмирлаш баҳонасида нодир кошинни –обида пештоқига битилган ёзув парчасини ўғирлаганлар. Тошкентга келтирилган ноёб ўлжа “Ўзбекистон ҳаво йўллари” компанияси борт кузатувчиси билан жиноий тил бириктирилган ҳолда, мамлакат ҳудудидан олиб чиқиб кетилган. 2017 йилда ўғирланган кошин бўлаги Германия орқали Британиянинг “Mayfair” галереясида сотувга қўйилади. Тарихий ашё “сафар”ига оид бошқа тафсилотлар очиқланмаган. Маълум қилинишича, Ўзбекистон ҳукумати аралашуви билан кошин бўлаги мамлакатга қайтарилган. Кошинни ўғирлаган жиноятчилар одил жазога тортилгани хабар қилинган. Қайд этилишича, “жаҳонгашта” кошин ҳозирда Ўзбекистон давлат санъат музейида сақланмоқда ва у яқин кунлар ичида ўз жойига ўрнатилади.

XS
SM
MD
LG