Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:23

OzodDayjest: Олий суд масъул ходими 50 минг доллар пора билан ушланди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Депутат камроқ иморат қуриб, парламентга кўпроқ маблағ ажратишни таклиф қилди. 50 минг доллар талаб қилган суд вакили узоқ муддатга қамалди. Ш. Мирзиёев тиббиёт тизимидаги ўзи қониқмаётган ҳолатларни санаб ўтди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Олий Мажлис депутати ҳамкасблари нега фаол эмаслиги сабабини очиқлади

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Хайрулла Рўзиматов нега аксар депутатлар қонун муҳокамаларда фаол иштирок этмаётгани сабабини очиқлади (“Даракчи”, 13 декабрь). “Назаримда, депутатлик мақоми вазифасини бажарувчилар катта ҳаёт тажрибасига эга бўлиши керак. Депутатларимиз орасида ёшлар ҳам жуда кўп. Улар унчалик ҳам масъулиятни ҳис қилишмайди. Хоҳ у депутат ёки бошқа лавозим эгаси бўлсин, ёшлар масалага енгилроқ қарайди”, дея депутат Х. Рўзиматов ёш ҳамкасбларини танқид қилган. Қолаверса, депутатлар кўплаб техник вазифаларни ўзи бажараётгани боис қонун ҳужжатларини етарли даражада ўрганиб чиқа олмаяпти. Шу боис, Р.Рўзиматовга кўра, депутатларга кўмакчилар берилиши, бир-икки иморат кам қурилса ҳам, шунинг эвазига парламентга қўшимча маблағ ажратилиши лозим.

50 минг доллар пора талаб қилган Олий суд вакили 10,6 йилга қамалди

Ўзбекистон Олий суди катта консультанти шикоят билан маҳкамага мурожаат қилган ватандошдан 50 минг доллар пора талаб қилди (“Ҳуқуқ”, 13 декабрь). Бу ҳақда Бош прокуратура алоҳида муҳим ишлар бўйича катта терговчиси Аброр Орипов маълум қилган. Қайд этилишича, Ўзбекистон ватандоши савдо ва маиший хизмат мажмуаси юзасидан қуйи инстанция суди чиқарган ажрим юзасидан Олий судга шикоят билан мурожаат қилган. Олий суднинг исми ошкор этилмаган масъул ходими эса даъвогарга 50 минг доллар пора берса, раҳбарлар билан гаплашиб, ишни хамирдан қил суғургандек битириб беришга ваъда қилган. Аммо даъвогар шахс Олий суд вакилининг тамагирлиги ҳақида ҳуқуқ идораларига хабар берган ва у тезкор тадбирда пора олаётганда ушланган. Хабарга кўра, Олий суди вакили 3 йил муддатга мансабдорлик лавозимидан ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 10,6 йилга қамалган. Олий суд катта консультанти даъвогардан олган катта миқдордаги порани қайси раҳбарга беришни кўзда тутгани масаласига ойдинлик киритилмаган.

Ўзбекистон президенти тиббиёт тизимидаги етти ҳолатдан қониқмаётганини билдирди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев тиббиёт тизимидаги етти ҳолатдан қониқмаётганини билдирди (“Инсон ва қонун”, 8 декабрь). Бу ҳақда давлат раҳбари томонидан соҳа тараққиётига доир имзолаган махсус фармонда сўз боради. Қайд этилишича, соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш ва режалаштириш бўйича концепция ҳамда стратегик мақсадлар йўқ; соҳани сметали молиялаштириш тизими ҳам эскирган; касалликларни профилактика қилиш ва барвақт аниқлаш, патронаж ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича ишлар самарадорлиги ҳам паст; тиббий ёрдам кўрсатишнинг турли даражалари ва босқичларида узвийлик суст. Бундан ташқари, Ўзбекистон раҳбари соғлиқни сақлаш тизимини кадрлар билан таъминлаш бўйича прогнозлаштириш йўлга қўйилмагани, тиббий амалиётнинг таълим ва илм-фан билан интеграцияси сустлиги ҳамда электрон соғлиқни сақлаш соҳасида ягона стандартлар мавжуд эмаслигини танқид қилган ва муаммоларни ҳал қилишга доир вазифаларни белгилаган.

XS
SM
MD
LG