Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:51

OzodDayjest: Сенатор Сафоев ҳукумат узоқ муддатли стратегиясиз фаолият юритаётганини танқид қилди


Сенатор Содиқ Сафоев (ўртада).
Сенатор Содиқ Сафоев (ўртада).

Ўзбекистонда давлат мансаби бойлик орттиришнинг асосий манбаи бўлиб қолмоқда. Сенатор Содиқ Сафоев концептуал нуқтаи назарга эга бўлмаган ҳукумат фаолиятини танқид қилди. Ўзбекистонга оғир касалликларга олиб келувчи пальма ёғи импортини бутунлай тақиқлаш таклиф қилинди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

________________________________________________

Коррупцияга қарши курашда сўзбозликдан амалий ишга ўтиш тавсия этилди


Ўзбекистонда охирги йилларда коррупцияга қарши кураш борасида декларатив ва формал чиқишлар ҳамда маиший даражада порахўрликка қарши олиб борилаётган кўргазмали ҳаракатларни инобатга олмаса, тузукроқ ўзгариш бўлгани йўқ, деб ёзади Телеграмдаги Davletov.uz канали.

“Давлат амалдорлари ва уларнинг қариндошлари даромадлари ва мол-мулкларини мажбурий декларациялаш ва ОАВда эълон қилиниши юз бердими? Йўқ. Давлат амали бойишнинг энг асосий манбаилигича қолмоқда. Йирик харидларни фақат банк ҳисобварақлари орқали амалга ошириш механизми амалга ошдими? Йўқ. Айнан нақдликлар ҳисобига амалга оширилаётган йирик харидлар (уй-жой, авто, улушлар) ноқонуний жамғарилган пул ювишнинг примитив воситаси сифатида қолмоқда.

Йирик давлат компаниялари (афсуски, уларнинг аксари акциядорлик жамияти ҳам эмас) ва фондларнинг молиявий очиқлиги ва шаффофлиги йўлга қўйилдими? Йўқ. Айнан йирик давлат компаниялари ва фондлар откатлар, самарасиз харидлар ва лойиҳаларнинг манбаи бўлиб қолмоқда”, деб ёзади блогер.

Муаллиф вазиятни ўнглаш учун декларациялардан амалий ҳаракатларга ўтиш кераклигини таъкидлаган.

Сенатор ҳукумат узоқ муддатли стратегиясиз фаолият юритаётганидан норози


Ўзбекистон ҳукумати концептуал нуқтаи назарга эга эмас, ижроия тизими вакиллари ҳар куни 20 соатлаб ишлаяпти, лекин бу ҳаракатларнинг замирида узоқ муддатли стратегия йўқ, деб ҳисоблайди Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев (www.kun.uz, 7 декабрь).

Лондондаги ташкил қилинган анжуманда сўзлаган С.Сафоев ҳукумат тизимини замонавий жамият талабларига мос тарзда ўзгартириш зарурлигини қайд этган.

“Янги сиёсат, янги мақсадларни эски тизим билан ҳаётга татбиқ этиб бўлмайди. Тизимни ўзгартириш керак. Мисол учун, нега биз ҳали ҳамон ҳақиқий хусусийлаштиришни амалга ошира олмаяпмиз? Нега банк тизимимизнинг 84 фоизи давлатга тегишли бўлиб қолмоқда? Нега монополиялар бунча кўп? Йирик корхоналарни хусусийлаштириш масаласи нима бўляпти?” дея савол қўйган Сенат раиси ўринбосари.

Ўзбекистонга пальма ёғи олиб киришни бутунлай тақиқлаш таклиф этилмоқда


Ўзбекистонга пальма ёғини олиб киришни буткул тақиқлаш таклиф этилмоқда (“Даракчи”, 12 декабрь). Таҳлилларга кўра, охирги уч йилда Ўзбекистонга ўртача 50 минг тоннадан пальма ёғи олиб кирилган бўлса, жорий йил январь-май ойларининг ўзида 31 минг тоннадан ортиқ пальма ёғи импорт қилинган. Бу эса мазкур маҳсулот импорти кескин ўсганини кўрсатмоқда.

Пальма ёғи бошқа барча ёғлардан арзонлиги сабаб кенг фойдаланилади. Қайд этилишича, пальма ёғининг мунтазам, оз миқдорда истеъмол қилиниши ҳам оғир касалликларга, жумладан, атеросклероз, гипертония, инсульт ва ҳатто саратонга олиб келади.

Олий Мажлис депутатлари ушбу масалани янада чуқур ўрганиш, хорижий мамлакатларнинг бу борадаги тажрибасини таҳлил қилиш мақсадида ишчи гуруҳ тузиш ҳамда жойларда назорат тадбирларини амалга ошириш лозим, деб ҳисоблайди.

XS
SM
MD
LG