Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:40

Мирзиёев давлат идораларидаги иш тақсимотини танқид қилди


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Шавкат Мирзиёев давлат идораларида ишчан кадрлар етишмаслигидан баҳс этди. Дон экишда масъулиятсизликка йўл қўйган 6 нафар вилоят ҳокими ўринбосарига иш қўзғатилди. Ўзбекистонлик тарихчилар Форобийнинг туғилган йили борасида 330 йилга адашди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

________________________________________________________________

Шавкат Мирзиёев: Ҳар бир давлат хизматчиси ўз аравасини ўзи тортсин

14 декабрь куни Ўзбекистон Президенти сифатида қасамёдга келтирилган Шавкат Мирзиёев давлат ва бошқарув органларидаги кадрлар сиёсатини танқид қилди (“Халқ сўзи”, 15 декабрь). “Бир идорани қарасангиз, юзлаб одам номига ишлаб ўтирибди. Бошқа идорани қарасангиз, иш кўп, вазифа кўп, лекин ишлайдиган одам, кадр етишмайди. Бундай нотўғри иш тақсимотига мутлақо чек қўйишнинг вақти етди. Ҳар бир давлат хизматчиси ўзининг бурчи ва мажбуриятини аниқ-равшан билиши, содда қилиб айтганда, ўз аравасини ўзи тортиши лозим”, деди Ш. Мирзиёев Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида. Президентга кўра, кадрлар билан ишлашнинг бутун тизимини такомиллаштириш, замонавий тафаккурга эга раҳбарлар ва мансабдорларнинг янги таркибини шакллантириш лозим. Шу билан бирга, янги давлат раҳбари чиқишида Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, божхона, банк тизими ва бошқа идоралар фаолиятини тубдан яхшилаш вақти келгани таъкидланган.

Бошоқли дон экишда масъулиятсизликка йўл қўйган вилоят ҳокими ўринбосарлари жазоланади

2017 йил ҳосили учун бошоқли дон экинларини экиш ишига масъулиятсизлик билан ёндашган Тошкент, Сурхондарё, Сирдарё, Қашқадарё, Андижон ва Бухоро вилояти ҳокимларининг ўринбосарларига маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилди (“Ҳуқуқ”, 2016 йил 49-сон). Умуман, етарли назорат ўрнатилмагани сабаб республика бўйича 8,6 минг гектар ер майдонига сифатсиз бошоқли дон экилишига йўл қўйилган. Прокуратура органлари бу борада қўшиб ёзишларни ҳам фош этган. Масалан, Сурхондарё вилояти ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси 2016 йил 2 ноябрь ҳолатига 86,7 гектар майдонга ғалла экилгани ҳақида ҳисобот берган, текширувда эса 2,1 гектар майдонга ғалла экилмагани аниқланган.

“Ўзбекистон тарихи” дарслигида Форобийнинг туғилган йили 330 йилга хато кўрсатилган

Ўзбекистонда тарих фани бўйича чоп этилган дарсликларда қатор чалкашлик ва хатолар борлиги маълум бўлди (“Даракчи”, 15 декабрь). Масалан, 7-cинфлар учун “Ўзбекистон тарихи” дарслигида (муаллиф А. Муҳаммаджонов) аллома Абу Наср Форобий 873 йилда туғилган деб кўрсатилган бўлса, худди шу дарсликнинг русча нашрида 1203 йил қайд этилган. 8-cинф “Ўзбекистон тарихи” дарслигида (муаллифлар Қ. Усмонов, У. Жўраев, Н. Норқулов) Бухорода манғитлар сулоласи 1753 йилда ҳокимиятга келгани ёзилган бўлса, 9-cинф дарслигида (муаллифлар С. Тиллабоев, А. Замонов) 1756 йил битилган. Ёки 8-cинф дарслиги муаллифлари қорақалпоқларнинг илк ёзма асарлари XVIII асрда юзага келган деб ҳисобласа, 9-синф дарслиги муаллифлари XIX аср деб билади. Газетага кўра, бу каби хатолар жаҳон тарихи дарсликларида ҳам талайгина. Чалкашликлар китобларнинг янги нашрида ҳам тузатилмай қолмоқда.

XS
SM
MD
LG