Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:36

OzodDayjest: Сенатор Сафоев президент Каримов даврини “энг авторитар бошқарув” деб баҳолади


Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев.
Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев.

Бош прокурор ногиронлардан пора олаётган тиббиётчиларни фош этди. Cодиқ Сафоев Ўзбекистон 3 йил аввал дунёдаги энг авторитар давлатлардан бири бўлганини қайд этди.Пенсия жамғармаси раҳбари Ўзбекистонда пенсия бўйича юқори чегара базавий ҳисоблаш миқдорини бекор лозим, деб ҳисоблайди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

________________________________________________

Бош прокурор ногиронлардан ҳам пора олинаётганидан хавотирда


Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев тиббиёт тизимида коррупция билан боғлиқ жиноятлар кўпайиб бораётганини кескин танқид қилди (“Ҳуқуқ”, 26 декабрь). У, хусусан, ногиронликни расмийлаштириш учун пора олинаётганини ўта ташвишли ҳолат, деб атаган. Масалан, Каттақўрғон шаҳри тиббиёт бирлашмасига қарашли комиссия раиси 2-гуруҳ ногирони бўлган фуқарога умрбод ногиронликни белгилаш эвазига ундан 1,5 миллион сўм пора олганда ушланган.

Бош прокурор, шунингдек, ногиронлик аломатлари яққол кўриниб турган фуқароларга ногиронликни белгилашда бюрократик ва коррупцион тўсиқлар ўйлаб топилганини қоралаган. Масалан, алоҳида анатомик нуқсонлар, яъни қўли, оёғи ампутация қилинганлар, болаликдан туғма ногиронлар, даун касаллигига чалинганлар ногиронликни олиш учун 4 ойдан 6 ойгача беҳуда даволанишга мажбур бўлмоқда.

Қайд этилишича, сўнгги икки йилда соғлиқни сақлаш тизимининг 581 нафар вакили турли жиноятлар учун, жумладан, 114 нафари коррупцияга оид жиноят учун жавобгарликка тортилган.

Президент Каримов даври “энг авторитар бошқарув” деб аталди


Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Ўзбекистон 3 йил аввал энг авторитар давлатлардан бири бўлганини қайд этди (www.kun.uz, 20 декабрь). Тошкентда сайлов муносабати билан ўтказилган мунозарада сўзлаган сенатор сиёсий тизимни ўзгартирмай, инсон ҳуқуқларини таъминламай туриб, инсоннинг потенциалини рўёбга чиқариб бўлмаcлигини таъкидлаган.

“3 йил аввал Ўзбекистон энг авторитар давлатлардан бири эди. Давлат ўз асосий функцияларини тўғри бажармаётган мамлакатлар сафига киритилган эди. Тушунарлики, шундай таҳлилнинг ўзи кўрсатадики, мамлакатдаги вазиятни чуқур билган ҳукумат аъзолари ҳамда биринчи навбатда, 13 йил давомида бош вазир бўлган инсон албатта бу ердаги ўзгаришларни бошламасдан иложи йўқ эди. Мамлакатнинг ривожланиши концепцияси, фалсафаси ўзгариши керак эди ва илгаридагидек барчамиз марксистик ёндашувдан чиқиб, аввал иқтисод демасдан, шу нарса ҳамма учун аниқ бўлдики, биз биринчи навбатда сиёсий тизимни ўзгартиришимиз керак”, деган С. Сафоев.

Таҳлилчиларга кўра, марҳум президент Ислом Каримов бошқаруви даври илк бор Сенат раиси ўринбосари даражасидаги юқори мартабали расмий томонидан “энг авторитар бошқарув” ўлароқ тан олинмоқда.

Пенсия жамғармаси раҳбари пенсия бўйича чекловни бекор қилиш лозимлигини айтди


Ўзбекистонда пенсия бўйича юқори чегара базавий ҳисоблаш миқдорини бекор лозим, деб ҳисоблайди Молия вазирлиги ҳузуридаги пенсия жамғармаси ижрочи директори Баҳром Ашрафхонов (“Даракчи”, 26 декабрь). Амалдаги тартибга кўра, фуқаро қанча маош олганидан қатъи назар юқори чегара базавий ҳисоблаш меъёрига кўра унинг пенсияси миқдори 2 миллион 230 минг сўмдан ошмайди.

“Тўғри, пенсия жамғармасининг молиявий аҳволини ўйлаб шундай тизим ишланган. Пенсия юқори бўлса, маблағ етмай қолиши мумкин. Шу боис ушбу тизим босқичма-босқич ислоҳ қилинса, яхши бўларди. Аввалига юқори чегара базавий ҳисоблаш миқдорини яна бир неча баробарга ошириб, кейинчалик мутлақо бекор қилиш мумкин бўлади”, деган Б. Ашрафхонов.

Масъул мансабдор, шунингдек, пенсия тизимини либераллаштириш ва суғурталаш заруратига ҳам урғу берган.

XS
SM
MD
LG