Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:24

Андижонда милиция ходими икки кишининг ҳаётига зомин бўлди


Cамарқандда Стоматология институтига кириш нархи 14 минг долларга баҳоланди. Икки кишини уриб кетган андижонлик ГАИчи 10 йилга қамалди. Тошкентдаги экомарказ томидаги антенналар юзлаб бола саломатлигига таҳдид солмоқда. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

________________________________________________________________

Электр йўқлиги сабаб Самарқанддаги ўқувчилар компьютердан фойдалана олмаяпти

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари вилоятларда аҳвол билан танишиш асносида турли ижтимоий-иқтисодий муаммолар устидан чиқмоқда (“XXI аср”, 9 февраль). Қонунчилик палатаси Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Дониёр Абдуқодировга кўра, ҳудудларда аҳоли ички йўллар, ичимлик суви ва электр таъминоти, пластик карточка каби масалаларда ўз эътирозларини билдирган. Масалан, Самарқанд вилояти Иштихон туманидаги электр энергияси узилишлари боис мактаб ўқувчилари компьютерлардан фойдалана олмаётгани аниқланган. Нашрга кўра, мавжуд муаммоларни ечишда жамоатчилик назорати катта ўрин тутади.

Стоматология институтига кириш нархи – 14 минг доллар

Самарқанддаги коллеж ўқитувчиси Тошкент стоматология институтининг вилоят филиалига кириш нархини 14 минг доллар деб баҳолади (“Ҳуқуқ”, 9 февраль). Исми ошкор этилмаган ўқитувчи Стоматология институти филиалига кириш истагида бўлган абитуриентнинг бобосидан ўқишга жойлаб қўйиш ваъдаси билан шунча миқдорда пул олган. Аммо мандатдан кейин абитуриент талабалар сафидан ўрин олмагани маълум бўлган. Сўнг жабрдийдалар фирибгар ўқитувчи устидан ҳуқуқ идораларига шикоят қилган. Тергов жараёнида ўқитувчи олган пулини қайтаргани боис унга нисбатан енгил жазо – жарима тайинланган.

Икки кишининг умрига зомин бўлган милиция ходими 10 йилга кесилди

Андижон вилояти ИИБ йўл ҳаракати хизмати ходими Бунёдбек Қулматов манманлиги туфайли икки инсоннинг ҳаётига зомин бўлди (“Постда”, 4 февраль). Милиция ходими Б.Қулматов Балиқчи тумани ҳудудида “Ласетти” машинасида йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиб, жуда катта тезликда “Нексия” русумли машинани уриб кетган. Автоҳалокат оқибатида “Нексия” ҳайдовчиси Исроилжон Мирзажонов ва йўловчи Яшарбек Салимов ҳаётдан кўз юмган. Жиноят ишлари бўйича Балиқчи тумани судида ўтган маҳкама жараёнида милиция ходими ўзини айбдор эмаслигини даъво қилган. Суд ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этган Б.Қулматовга 10 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси берилган. Бундан ташқари, судланувчининг зиммасига жабрланган томонларга етказилган моддий зарарни қоплаш мажбурияти ҳам юкланган.

Тошкентдаги экомарказ томига ўрнатилган антенналар 600 га яқин бола саломатлигига таҳдид солмоқда

Тошкент вилояти Юнусобод туманида жойлашган “Баркамол авлод” республика болалар ўлкашунослик ва экология маркази томига ўрнатилган антенналар юзлаб бола саломатлигига таҳдид солмоқда (“Жамият”, 3 февраль). Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги марказда 600 га яқин бола 24 йўналишдаги тўгаракларда билим олади. Профессор Аъзам Азимовга кўра, бино томидаги антенналардан тарқалаётган электромагнит нурлари оқибатида ўта жиддий хасталиклар, ҳатто онкологик касалликлар пайдо бўлиши мумкин. Марказ директори Лола Ешмурзаева антенналарни ўрнатган алоқа компанияларига бир неча бор эътироз билдиргани, аммо улар ҳар гал важ-карсон кўрсатганини айтган. Газета уяли алоқа компаниялари ва Халқ таълими вазирлиги мутасаддиларини болалар саломатлигиги хатар солаётган антенналардан воз кечишга чақирган.

XS
SM
MD
LG